Ҳикоя қилишларича, бир солиҳ кишининг Аллоҳ йўлида солиҳ дўсти бўлиб, уни ҳар йили бир марта зиёрат қилар эди. Бир куни биродарини зиёрат қилиш учун келиб, эшигини тақиллатди. Хотини: «Ким?» деб сўради. У: «Эрингнинг Аллоҳ йўлидаги биродариман. Уни зиёрат қилиш учун келдим», деди. Шунда хотини: «Ўтин теришга кетганди. Аллоҳ уни соғ қайтармасин, саломат қилмасин, ундоқ қилсин, бундоқ қилсин», дея қарғай кетди. У киши эшик олдида турган вақтда тоғ тарафдан биродари шерга бир қучоқ ўтин ортиб келиб қолди. Биродари билан саломлашиб, хуш келибсиз деб, ўтинни ичкарига киргизди-да, шерга: «Баракаллоҳ, энди борақол», деди Сўнг биродарини ичкарига таклиф қилди. Хотини ҳануз қарғанар, тили билан озор берар, эри эса бир сўз қайтармай, сукут сақлар эди. Солиҳ киши биродари билан бир оз тамадди қилган бўлди. Сўнг уйига қайтди. У биродарининг шундай бемаъни хотинига сабр қилиб яшаётганига ажабланган эди. Орадан бир йил ўтгач, у киши одатига биноан, биродарини зиёрат қилиш учун келиб эшигини тақиллатди. Хотини: «Ким?» деди. У: «Эрингизнинг Аллоҳ йўлидаги биродари, фалончиман», деган эди, хотини: «Марҳабо, хуш келибсиз. Ўтира туринг, у киши, иншааллоҳ, соғ-саломат келиб қоладилар», деди. Киши хотинининг ширинсухан ва одоблилигидан ажабланди. Шу пайт биродари ўтин орқалаб келиб қолди. Киши бундан ҳам ҳайратга тушди. Биродари келиб у билан саломлашиб, ичкарига таклиф қилди. Хотини уларга таом ҳозирлади ва уларни ширинсуханлик билан таомга таклиф қилди. Киши кетиши олдидан биродарига: «Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим», деди. Биродари: «Нима?» деган эди, у киши: «Ўтган йили келганимда хотинингиз беодоб, кўп қарғанар эди, сиз эса ўтинни шерга ортиб келдингиз. Ваҳший ҳайвон амрингизга мунтазир эди. Бу йил эса, хотинингиз ширинсухан, қарғанмайди. Бироқ ўтинни ўзингиз орқалаб келдингиз. Бунинг боиси нима?» деб сўради. Шунда биродари жавобан: «Эй биродар, ўша бемаъни хотиним вафот этди. Унинг ахлоқсизлиги ва қилиқларига сабр қилар эдим. У билан яшаш беҳузурлик берса-да, чидаганим боис шекилли, Аллоҳ таоло менга ўша шерни бўйсундириб қўйган, у оғиримни енгил қилар эди. Хотиним вафот этгач, мана шу солиҳа аёлга уйландим. Бу муборак, мутеъ аёл билан роҳат-фароғатда яшаяпман. Шу боис, шер келмай қўйди ва ўзим ўтинни орқалаб келишга мажбур бўлдим», деди. Аллоҳ таолодан Ўзи яхши кўрган ва рози бўлган нарсаларга сабр-бардошли этмоғини сўраймиз. Албатта, У марҳаматли, саховатли зотдир. |
|