Категории раздела

O'zbek Filmlar

Seriallar

Multfilmlar

Konsertlar

Kliplar

MP3 Fayllar

Islamic

Yangiliklar

She'rlar

Hikoyalar

Quyuq Taomlar

Chet El Taomlari

Salatlar

Shirinliklar

Foydali Maslahatlar

Salomatlik Sirlari

Har-Xil

Kulgu

Поиск
Мини-чат
Календарь
«  Oktabr 2010  »
DuSeChPaJuShYa
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Наш опрос
Saytga baho bering !
Hamma javoblar: 1448
Статистика

Главная » 2010 » Oktabr » 26 » Қуш овлаётган одам (ИБРАТЛИ ХИКОЯ)
20:51
Қуш овлаётган одам (ИБРАТЛИ ХИКОЯ)
Қуш овлаётган одам

Бир қушча ўтлоққа учиб борди. У ерда эса овчи тузоқ қўйган, тузоққа бир сиқим буғдой сепган, ўзи чеккада, ўтлар орасида яшириниб ётарди.
Қушча келиб, унинг атрофида айланиб уча бошлади. Одамнинг бундай хас-хашакка ўраниб олиши унга ғалати туюлди:
– Сен кимсан? Нега яшириниб ётибсан, бундай овлоқ жойда нимани кутяпсан? Йиртқич ҳайвонлардан қўрқмайсанми? – деб сўради.
– Мен бир зоҳидман. Дунёга этак силкидим. Шу чекка жойда ўт-ўланлар билан озиқланиб, шунга қаноат қилиб яшайман, – деди одам.
Қушча одамдан яна бир неча савол сўради, одам жавоб берди. Ниҳоят, қуш буғдой доналарини кўриб қолди.
– Булар нима?
– Булар менга ҳеч кими йўқ бир етимнинг омонати.
– Жуда очман, рухсат берсанг, булардан еб, қорнимни тўйдирсам, чунки шундай менинг заруратим бор. Зарурий ҳолларда ҳатто лош (ўлакса) ейиш ҳам мубоҳдир.
– Бу буғдойларни менга ишонишгани учун омонат қолдиришди, етим ҳақини ейиш гуноҳ.
Бироқ қуш ниҳоятда оч эди, қаттиқ туриб олди:
– Эй зоҳид киши, рухсат берақол – шу буғдойдан еб, қорнимни тўйдирайин, – деди.
– Зарурат ҳақида ўзингга бир фатво ўйлаб топдинг. Агар ҳақиқатда бундай бўлмаса, гуноҳкор бўласан. Ҳатто заруратинг бўлса-да, эҳтиёт бўлишинг, ҳаромдан сақланишинг яхшидир.
Қушнинг ортиқ чидашга тоқати қолмади, катта иштаҳа билан буғдойга отилди ва ея бошлади. Бир-икки дон емай туриб, тузоққа илинди. Қутулиш учун жон талвасасида типирчилар экан, ўз-ўзига:
– Сохтачи-ёлғончиларнинг афсунларига алданган кишининг ҳоли хароб бўлади, – дер эди.
Бу сўзларни эшитган одам унга:
– Етим молини ноҳақ еган, кўзларини ҳирс қоплаганларга ҳам лойиқ жазо мана шу, – деди (“Маснавийи маънавий”, VI жилд, 435-байт).

Шарҳ

Бу ҳикоянинг бир қарашда таъсири кучсизроқ кўринади. Кўз олдимизда қушларга тузоқ қўйган ва ёлғон гапирган одам гавдаланади. Аммо Мавлоно Румий воқеа баёни орасида айтмоқчи бўлган муҳим гапларини қистириб ўтади. Ўзини “зоҳид” дея таништирган овчи тилидан дунё ҳаётига бир ўхшатиш ила таъриф беради:
“Болалар ўйиндан завқланадилар, аммо кечқурун уларни қўлларидан судраб, уйларига олиб кетишади. Ёш бола ўйинга қизиқиб кетганидан кўйлаги, қалпоғи, оёқ кийимини ечиб отади. Ўғри эса келиб, уларни илиб кетади. Бола ўйинга шу қадар берилиб кетадики, кийимлари ҳатто эсига ҳам тушмайди. Кеч кириб қолса ҳам, ўйинни тарк этмайди, уйига қайтишни хаёлига келтирмайди”. Мавлоно шу ўринда, Қуръони карим оятлари мазмунини эслатади: “Дунё ҳаёти фақат бир ўйиндан иборат” (Анъом, 32; Анкабут, 29; Муҳаммад, 36)
“Сен бўлсанг, ўйинга берилдинг, кийимингни елга отдинг, энди қўрқувга тушдинг. Қоронғу тушмасидан кийимингни қидир, вақтингни миш-миш (бекорчи гаплар) билан зое кетказма”. Айни ўринда Румий тавбанинг ўзига хос хусусиятларини кўрсатади:
Қош қораймасдин даракла, тўнни топ,
Кундузингни беҳуда этма хароб...
Тавбани жабдуқла, от сол тўғридин,
Ет қувиб, тўнингни олгин ўғридин.
Тавба тулпори ажаб тулпор эрур,
Лаҳзада авжи фалакка юксалур.
Асра тулпорингни, ўғри ногаҳон
Чалмасин, тўнингни олгандек ниҳон.
Қуш тилидан буталар орасига бекиниб, зоҳидлик даъво қилган одамга бундай қилиши яхши эмаслигини эслатади:
Қуш деди: хилват аро ўлтирма, бас,
Дини Аҳмадда тараҳҳуб хуш эмас.
Чун тараҳҳубни ясоқ этди Расул,
Сен бу янглиғ бидъат этма, эй фузул.
Ушбу байтларда Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Мусулмончиликда роҳиблик йўқдир” (Аҳмад ибн Ҳанбал. “Муснад”, IV, 226) ҳадисларидан иқтибос келтирилган. Чиндан ҳам, Ислом динида ҳеч қачон қадимги даврларда бўлгани каби таркидунёчилик, роҳибликка асло ўрин берилмаган. Зоҳидлик тоғу тошларга чиқиб, халқдан ажралиш, хилватга чекиниш эмас. Ҳақиқий зоҳидлик халқ ичида юриб, ҳақла бўлишдир. Кишининг оиласи ва фарзандларини қаровсиз ташлаб қўйиши, тирикчилик заҳматини тарк этиши зуҳд эмас. Зуҳд нафсни тарбиялаш, унинг истакларини камайтириш, уни жиловлаб олишдир.
Аммо чиройли насиҳатлар берган қушнинг борлиғида моддий томон тош босади. Унинг қорни оч, сепилган буғдой доналарини териб емоқчи... Бу гал одам ёлғон гапиради: “булар етимнинг моли, менга омонат берилган”, дейди. Қуш эса жуда очқаганидан, ўлмаслик учун ҳаром нарсаларни ейиш ҳам мумкинлигини айтади: “Мен жуда очман, шу онда менга ҳатто лош (ўлакса) ҳам ҳалол”.
Унга одам: “Зарурат борасида фатво чиқариб олгансан. Унутмагин, зарурий эҳтиёжинг бўлмаса, гуноҳга қоласан. Ҳатто эҳтиёжинг бўлганида ҳам зулмдан сақланишинг жуда яхшидир”, дейди.
Жалолиддин Румий бу ўринда мажбур бўлганида тақиқланган нарсаларни ейиш ҳақидаги масалага эътиборни тортади. Бироқ бу мажбурлик ва заруратнинг ҳақиқатини ва даражасини белгилайдиган кишининг инсоф-ихлосидир. Рухсат билан азимат орасида танлаш ихтиёри инсоннинг ўзида.
Умар Форуқ Сайдо ал-Жазарий айтади: “Фиқҳда рухсат ва азимат деган икки тушунча бор. Рухсатлар қулайликлардир. Айтайлик, инсон бир мушкул ҳолатга тушса, ундан қутулишнинг осон чорасини излаб топади ва яна йўлида давом этаверади. Азимат эса қийин, аммо ишончли йўл. Дарров осонига чопаверган алданиб қолиши мумкин. Имон-эътиқоди мустаҳкам инсон йўлида собит туради, қийинчиликдан оғринмайди”.
Инсон нафсининг офатларидан бири – ҳақиқатни тан олмаслик, насиҳатга қулоқ солмаслик, фақат ўз фикрида қайсарлик билан оёқ тираб туриб олишидир. Мавлоно Румий ушбу ҳикоя билан ана шундай – ҳали нафси тарбияга муҳтож одамларга ойна мисол айбу камчиликларини кўрсатмоқда.

Абдуллоҳ МУРОД
тайёрлади.
Категория: Hikoyalar | Просмотров: 1137 | Добавил: INDEPENDENT_GIRL | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 2
0  
1 INDEPENDENT_GIRL   (26.10.2010 21:36) [Izoh]
biggrin Manaku kelinchak topibsizku biggrin

0  
2 Kelinchak   (26.10.2010 22:51) [Izoh]
raxmat dugonajon 1chi iwiz bilan tabrikelman

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]