Кино оламида Жульетта бўлиб танилган актриса Заринанинг Шаҳриёр билан бирга куйлаган "Исми юрагимда” дуэти ёш мухлисларга манзур бўлганди. Тан олиш керак, Заринанинг овози ёмон эмас. Айни кунда актриса бир талай сценарийларга кўмилиб кетган. Қолаверса, тиниб-тинчимаган бу қиз яқин кунларда кино майдончасидан бўш вақтларини ҳисобга олиб, янги бир таронани яратишга жазм этмоқчи. Кўрамиз, кино соҳасидаги машҳурлик қўшиқчилик соҳасига қай даражада кўча оларкин? Заринанинг янги қўшиғи ҳақидаги маълумотлар ҳақида эса сизни албатта, қўшиқ тайёр бўлганидан сўнг таништирамиз.
***
ҚИШДАН ЧАРЧАБМИ...БАҲОРНИ СОҒИНГАН
Ҳадемай қиш фасли ҳам ортда қолиб, баҳорой ўзининг ям-яшил гиламини замин узра ёяди. Хонандаларимиз эса баҳорни қаттиқ соғинишган кўринишади, баҳорга тайёргарлик бошқача. Мана, Дилноза Исмияминова ҳам худди бошқа ҳамкасблари каби яқинда "Баҳор” ҳақида куйлади. Ушбу қўшиқнинг матни ҳам, мусиқа муаллифи ҳам Дилшод Аҳмадшоҳники. Эҳтимол хонанда қўшиғини "Наврўз” байрамида куйлаб берар?!
****
НЕГА ЛАЙЛО, СЕВИНЧ ЭМАС?! ШАРОФНИНГ МУҲАББАТИ ЁЛҒОНМИ?! Санъат оламида Лайлининг ишқида ёниб куйламаган хонанда бўлмаса керак. Яқинда хонанда Шароф Муқимов ҳам "Азия” студиясини банд этганча "Ҳо Лайли” қўшиғини куйлади. Қўшиқнинг матн ва мусиқа муаллифи Шерзод Нуралиев бўлиб, бу қўшиқ тез кунларда радиотўлқинлар ва телеканаллар орқали янграши кутиляпти. Қизиқ, Шароф нега Севинч эмас, Лайли дея куйлаяпти экан-а? Бу саволга қўшиқни тингласангизгина жавоб топишингиз мумкин.