Болаларда соч тўкилиши оғир юқумли касалликлар, шунингдек, организмда витаминлар етишмаслиги, жигар, меъда-ичак, нерв системаси, қалқонсимон безлар касалланиши оқибатида рўй беради. Соч тўкилиши айрим юқумли касалликлар, масалан заҳмда кўпроқ кузатилади. Бемор тузалганидан сўнг тўкилган сочлар ўрнига янги сочлар ўсиб чиқади. Баъзан ўқувчиларда, имтиҳон даврида ҳам соч тўкилишини кузатиш мумкин. Бу ўта толиқиш, уйқусизлик даврида юзага келади. Аёлларда эса сочни ҳар хил турмаклаш, препарат, яъни узоқ сақланадиган жингалак қилиш соч тўкилиши сабаб бўлади. Вақтидан олдин соч тўкилиши ўрта ёшдаги эркакларда кўпроқ учрайди. Бунда икки чакка ва тепадаги соч тўкилади. Бир неча йилдан сўнг умуман соч қолмайди, ёки "тепакал"га айланади. Одатда "тепакал"лик насл суради. Уя-уя бўлиб соч тўкилишига эса асаб фаолиятининг бузилиши, шунингдек организмнинг заҳарланиши сабаб бўлади. Бу холат гўё тўсатдан рўй берганга ўхшайди. Дастлаб бир-икки жойдан тўкилиб, улар кенгайиб боради ва бир-бирига қўшилиб, сочларнинг умуман тўкилиб кетишига сабаб бўлади. Соч тўкилган ердаги тери силлик, ялтироқ, яллиғланмаган бўлади. Сочнинг бу хилда тўкилиши одатда хроник, унга даво қилиш анча мушкул кечади, ҳатто даволангандан кейин ҳам соч тўкилиши мумкин. Айрим дориларни сурункали ичиб юриш ёки сочни нотўғри парваришлаш оқибатида ҳам соч тўкилиши мумкин. Сочда касаллик пайдо бўлганда албатта шифокорга мурожаат қилиш зарур. Соч тўкилишига сабаб бўлган омиллар бартараф этилганидан кейин тўкилган соч ўрнига янгиси чиқа бошлайди. Бу касалликнинг олдини олиш учун сочни тўғри парваришлаш, организмни чиниқтириш, витаминларга бой овқатлар тановвул қилиш, спорт билан шуғулланиш, пиёда сайр қилиш ва етарлича дам олиш лозим. Спиртли ичимлик ва чекишга ружу қўймаслик тавсия этилади. |
|