Швецарияда бир муслима журналист давлат телерадио компаниясида ишлаш учун мурожаат қилганидан сўнг бошланган тортишувлар мусулмон ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқларининг янада кенгайишига сабаб бўлди. Швецария Адлия вазирлиги эгнида диний рамзлари мавжуд бўлган ишчи-ходимлар риоя қилиши лозим бўлган қоидаларни белгилаётиб, ҳижоб ва намоз каби мавзуларда расмий идораларда йўлга қўйиладиган йўриқномаларга ҳам ойдинлик киритди. Deutsche Welle каналининг хабар беришича, Давлат темирйўллари, Ҳаво йўллари идораси, Почта бошқармаси каби хизмат кўрсатиш моҳиятидаги ҳудудий ёки федерал давлат идораларида ишлайдиган мусулмонлар иш жойларида иш вақтида намоз ўқишлари ва ҳижобда ишлашлари мумкинлиги йўриқномага киритилди. Адлия вазирлиги матбуот котиби Marc Schinzel "Deutsche Welle” каналига берган интервьюсида, Швецариянинг дунёвий давлат эканини таъкидлаб: "Биз ҳеч кимнинг кийиниш тарзига аралашмаймиз. Ҳар ким истаган тарзида кийиниш ҳуқуқига эга”, деди. Ҳижобли бир ходима аёл халққа хизмат кўрсатиш идораларида ишлаши мумкин, ҳатто раҳбарлик лавозимларига ҳам кўтарилиши мумкин. Бунга мисол тариқасида Швецария давлат радио ва телевидениясининг интернет сайтида хизмат қилаётган раҳбар аёллар кўрсатилди. Бу ҳолларда ҳижоби билан ишлашни истаганлардан талаб қилинган биргина шарт бор, у ҳам бўлса, юзи тўсилган бўлмаслигидир. Швецария Адлия вазирлиги матбуот котиби Marc Schinzel маиший хизмат идораларининг хизматчилар ишларини қолдирмаслик ва меҳнат хавфсизлиги қоидаларини бузмаслик шарти билан, намоз ўқишларига рухсат берилишини айтиб ўтди. Бундай кишилар намозларини хотиржам адо этишлари учун китоб ўқиш ва дам олиш учун қўлланиладиган дам олиш хоналари ечим сифатида тақдим қилинмоқда. Давлат телеканалида ҳам бир нечта ўранган журналистлар бор. Шулардан бири: асли марокашлик ҳижобли журналист Raschida Bouhouch. У Швецария давлат телевидениясида хизмат қилади. Raschida Bouhouch ҳозирги вақтда "Sternstunden” номли программада кўчадаги репортажларни тайёрлайди.