Категории раздела

O'zbek Filmlar

Seriallar

Multfilmlar

Konsertlar

Kliplar

MP3 Fayllar

Islamic

Yangiliklar

She'rlar

Hikoyalar

Quyuq Taomlar

Chet El Taomlari

Salatlar

Shirinliklar

Foydali Maslahatlar

Salomatlik Sirlari

Har-Xil

Kulgu

Поиск
Мини-чат
Календарь
Архив записей
Наш опрос
Saytga baho bering !
Hamma javoblar: 1448
Статистика

Главная » 2011 » Yanvar » 20 » Шамоллаш касалликларида ишлатиладиган доривор ўсимликлар
01:34
Шамоллаш касалликларида ишлатиладиган доривор ўсимликлар

Маълумки, инсон ва ташқи муҳит ўзаро боғлиқ. Шунинг учун улар бир-бирига таъсир кўрсатади. Чунончи, ҳаво ҳарорати, унинг намлиги, шамол, қуёш нури одам организмига таъсир этиб, ҳар хил ҳолатларни келтириб чиқаради. Бу турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
Метереологик омиллардан (масалан, ҳавонинг совиши) организмнинг кийим ёрдамида ҳимоя қилиниши одамнинг ушбу ҳолатга қаршилигини камайтириб, уни шамоллаш билан боғлиқ касалликларга берилувчан қилиб қўяди. Булар орасида нафас йўлларининг яллиғланиши (шамоллаш) куз ва қиш фаслида кўп учраб туради. Бу ҳолат организми яхши чиниқмаган, касалликларга тез-тез чалинадиган нимжон одамларда, айниқса, болаларда кўпроқ содир бўлиб туради.

Шамоллашдан келиб чиқадиган хасталикларга юқори нафас йўлларининг яллиғланиши (ўткир ва сурункали катар) ва вируслар пайдо қиладиган грипп киради. Ушбу касалликлар асосан ҳавонинг совиши ва совуқ тушишига боғлиқ бўлгани учун улар "фасл касалликлари” ёки "фасл шамоллаши” деб юритилади.
Юқори нафас йўллари катарида бурун, томоқ, ютқин, ҳалқум, трахея ва бронхлар шиллиқ қаватининг яллиғланиши кузатилади. Булар ринит (тумов), ларингит, фарингит, трахеит ва бронхитлар деб юритилади.Ушбу касалликлар юқумли бўлмасдан паст ҳароратнинг бутун танага ёки айрим тана қисмига маҳаллий таъсири натижасида келиб чиқади. Бунда шиллиқ пардаларнинг қон томирлари торайиши кузатилади. Натижада беморда тез-тез акшириш, бурундан сув оқиши, овознинг ўзгариши, йўтал ва бошқа ҳолатлар вужудга келади. Бурун орқали нафас олиш қийинлашади, бемор кечалари терлайди, ўзини нохуш сезади. Кўпчилик беморлар ўз касаллигига аҳамият бермасдан оёқда ўтказишади. Лекин шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу шамоллаш ҳолатлари ҳар хил асоратларга сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, ўпканинг яллиғланиши, қулоқнинг йирингли касаллиги ва бошқалар. Буларнинг содир бўлиши асосан оғиз ва бурун бўшлиғидаги микроорганизмларнинг шароит яхши бўлиши натижасида кўпайишига боғлиқдир. Ушбу асоратлар ёш болаларда, чақалоқларда кўпроқ бўлиб туради. Асорат бўлмаса касаллик 5-6 кун давом этиб, бемор соғайиб кетади.
Юқори нафас йўлларининг шамоллаши ўзининг кўриниши, давом этиши ва белгиларига кўра грипп касаллигини эслатади. Лекин грипп ўзининг келиб чиқиши, ривожланиши, давом этиши ва асоратлари билан фарқ қилади. Чунки бу касалликни вирусларнинг ҳар хил тури пайдо қилади. Шунинг учун ҳам у юқумли хасталик ҳисобланиб, куз ва қиш фаслида тарқалади. Чунки грипп вируслари учун паст ҳарорат яхши шароит ҳисобланади.
Грипп бўлган беморлар йўталганда, аксирганда ёки улар ишлатган дастрўмол, сочиқ, идиш товоқлардан фойдаланилганжа вируслар соғ одамга юқиши мумкин. Улар ҳаво орқали бурунга ва оғиз бўшлиғига тушиб, шиллиқ қаватни яллиғлантиради. Гриппда, юқорида айтилгандек, тумов, ларингит, фарингит, трахеит ва бронхитга хос ҳолатларни кўриш мумкин. Лекин айрим ҳолларда булар бўлмаслиги ҳам мумкин.
Киши организми умумий ҳолатининг ўзгарини гриппнинг асосий белгиларидан ҳисобланади. Этнинг увишиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, бош айланиши ва оғриши, ҳолсизлик – қувватсизлик, оёқ қўлларнинг қақшаб оғриши ва бошқа белгилар гриппга хосдир.
Грипп киши организми учун анча хавфли ҳисобланади. Чунки у берадиган асоратлар хилма-хил ва оғир ўтади. Буларнинг ўпканинг шамоллаши, қулоқ ва кўзнинг йирингли яллиғланиши, марказий ва периферик нерв системасининг, ички аъзоларнинг (буйрак, юрак ва бошқа) издан чиқиш мумкин. Ушбу асоратларга даво қилиш анча мураккаб ва узоқ вақтни талаб қилади. Шу сабабли гриппга дучор бўлган бемор касалхонага ётқизилиб, даво қилинади. Даво сифатида асосан вируслар пайдо қиладиган касалликларга таъсир этадиган дори препаратлари (антибиотиклар), касаллик белгиларини камайтирадиган турли-туман (иситма туширадиган, йўталга қарши, балғам кўчирувчи, оғриқ қолдиручи, яллиғланишга қарши) дорилар ишлатилади.
Гриппга даво қилиш мақсадида тавсия этилиши мумкин бўлган бу дори препаратлари юқори нафас йўлларининг шамоллашида ҳам берилиши мумкин. Бундан асосий мақсад касаллик асорат қолдиришига йўл қўймаслик, унинг олдини олишдир.
Ушбу дори воситалари ичида ўсимликлардан олинган ва тайёрланган дорилар кўпроқ аҳамиятга моликдир. Чунки уларнинг таъсири юмшоқ, кучи эса унча кули бўлмаса ҳам, лекин уларда ножўя таъсир кам бўлади. Кўпчилик ҳолларда тана учун зарарсиздир.
Шуни айтиб ўтиш керакки, келтирилган шамоллашга боғлиқ касалликларга чалинмасликнинг бирдан-бир йўли – бу организмни чиниқтиришдир. Грипп эпидемияси вақтида врач кўрсатган тадбирларга бўйсуниш ва уни бажаришдир.
Шамоллашга даво бўладиган препаратлар орасида ўсимликдан олинган ва тайёрланган дори воситалари алоҳида ўрин эгаллагани ва кўпроқ ишлатилгани сабабли ушбу мақолада улар тўғрисида сўз кетади.
Шамолллаш касалликларига даво қилишда бир қанча шифобахш ўсимликлардан фойдаланилади. Уларнинг умумий сони 50 дан ортиб кетади. Баъзилари балғам кўчирувчи, йўтални қолдирувчи ва кўкракни юмшатувчи хоссага эга бўлса, бошқалари бактерияларга қарши, буруштирувчи таъсир кўрсатади. Шу сабабли улар оғиз-томоқни чайиш учун ёки терлатувчи шифобахш восита сифатида қўлланилади. Ушбу ўсимликларнинг кимёвий таркиби турлича, шунинг учун ҳам улар организмга ҳар хил таъсир кўрсатиши мумкин. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам шамоллаш касалликларига даво бўлади. Қуйида мазкур ўсимликлар, уларнинг ишлатилиши тўғрисида маълумотлар келтирамиз.

АНДИЗ-ДЕВЯСИЛ

АНДИЗ-ДЕВЯСИЛ

Тиббиёт ва халқ табобатида андизнинг бир неча туридан фойдаланилади. Булардан қора андиз – девясил крупный, Британия андизи (чачалбош) – девясил танский ва бошқаларни айтиб ўтиш мумкин.
Андиз бўйи 150 см гача бўлган кўп йиллик ўт ўсимликдир. У тоғли ерларда, тоғ этакларида, текисликларда, чўл ва ўрмон-чўл ҳудудларидаги ўтлоқларда, буталар орасида, тепаликларнинг пастки қисмида, сув бўйларида ва бошқа нам ерларда ўсади. Тиббиёт андиз турларининг асосан ер остки қисмларидан фойдаланади. Илдизпоя ва илдизлари кузда ёки эрта баҳорда кетмон, курак ёки бошқа асбоблар ёрдамида кавлаб олинади, тупроқдан тозаланади, сув билан ювиб, йириқ қисмларини майдалаб очиқ ҳавода – қуёшда қуритилади.
Андиз антисептик, яллиғланишга қарши ва организмдан гижжаларни ҳайдаш хусусиятига эга. Андиз қадимдан табобатда ишлатилиб келинган доривор восита бўлиб, Ибн Сино уни ўз вақтида турли касалликларда, жумладан кўкракни тозаловчи ва балғам кўчирувси восита сифатида қўллаган.
Халқ табобатида ҳозир ҳам илдизпоя ва илдиздан тайёрланган қайнатма ўпка сили ва нафас йўлларининг шамоллаш касалликларида балғам кўчирувчи, иситмада ҳароратни пасайтирувчи ҳамда сийдик ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида ишлатади. Яралар, жароҳатлар, экзема, қўтир ва терининг бошқа касалликларига даво қилишда уларнинг илдизпоя ва илдизидан тайёрланган қайнатма шимдирилган дока ярага қўйилади.
Тиббиётда андиз илдизпояси ва илдиз қайнатмаси нафас йўлларининг яллиғланиш касалликларида балғам кўчирувчи дори сифатида ҳамда меъда-ичак касалликларига даво қилиш учун қўлланилади.
Илдизпоя ва илдиздан олинган аллатон доривор препарати меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллигига даво қилиш учун таблетка ҳолида ичишга берилади.
Андиз илдизпояси ва илдизидан қайнатма тайёрлаш учун бирор оғзи ёпиладиган илишга бир литр (ёки бир стакан) сув қуйилади, устига майдаланган илдизпоя билан илдиз аралашмасидан 100гр (ёки бир стакан сувга 20 гр) солиб, бир оз қайнатилади ва 4 соат давомида дамлаб қўйилади. Сўнгра докада сузилади.
Йўтални қолдириш ва балғам кўчирувчи восита сифатида кунига 3-4 маҳамл овқатдан 20 дақиқа олдин дамламадан бир ош қошиқдан истеъмол қилинади.
Тери касалликлари ва яраларга даво қилишда ҳам шу қайнатмадан фойдаланилади.

АНЖИР-ИНЖИР ОБЫКНОВЕННЫЙ

АНЖИР-ИНЖИР ОБЫКНОВЕННЫЙ

Анжир – баландлиги 8 метргача бўладиган мевали дарахт.
Табобат ва тиббиёт анжирнинг мева ва баргларидан шифобахш восита сифатида фойдаланади. Тўлиқ пишиб етилган теваси териб олинади ва ҳўллигида ёки қуритиб имтеъмол қилинади. Барглари мева етилиши даврида йиғилади, соя ерда қуритилади ва доривор препарат олиш учун дори тайёрлаш заводларига юборилади.
Абу Али Ибн Сино анжир мевасини балғам кўчирувчи ва йўтал қолдирувчи восита сифатида қўллаган. Балғам кўчирувчи дори сифатида анжир мевасини ейиш, йўтал қолдириш учун мевани сутда қайнатиб, истеъмол қилишни буюрган.
Табобатда анжир меваси ва унинг дамламаси дори сифатида йўтални тўхтатиш ва кўкйўтални даволаш учун ичишга буюрилади. Томоқ шамоллаганда иссиқ дамлама билан томоқ чайилади. Мевасининг иссиқ дамламаси яраларган даво қилинади – дамламада намланган дока яра устига қўйилади. Тиббиётда сурги сифатида қўлланиладиган кафиол препарати таркибига анжир меваси ҳам киради. Анжир баргидан олинган псоберан доривор препарати (фурокумаринлар йиғиндиси) тиббиётда пес касаллигига даво қилинади.

АНОР – ГРАНАТ ОБЫКНОВЕННЫЙ

АНОР – ГРАНАТ ОБЫКНОВЕННЫЙ

Анор – баландиги 1,5-2 метр бўлган бута. Тиббиётда анорнинг меваси, мева пўсти ҳамда пояси, йирик шохлари ва илдиз пўтлоғи ишлатилади. Пояси ва йирик шохларининг пўстлоғи баҳорда шилиб олинади. Илдиз пўстлоғини таёрлаш учун уни баҳорда кавлаб олинади, тупроқдан тозалаб, сув билан ювиб, пўстлоғи шилинади. Анор севаси тўлиқ етилиб пишганда йиғилади. Пўстлоқлар ва мева пўсти очиқ ҳавода қуритилади.
Пўстлоғи таркибида алкалоидлар, ошловчи моддалар, смола ва бўёқ моддалар, мевасида органик кислоталар, қандлар, витаминлар, С витамини бор.
Анор халқ табобатида қадимги шифобахш воситалардан ҳисобланади. Абу Али Ибн Сино мева пўстини қон тупуриш, милкдан қон оқишини тўхтатиш, тишни мустаҳкамлаш учун ҳамда меъда касалликлари (ич кетиш, қон аралаш ич кетиш), яралан ва бошқа касалликларни даволашда, шунингдек сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатган.
Халқ табобатида ҳозир ҳам мева пўстини қайнатмаси қон тупуриш ва милкдан қон оқишини тўхтатиш, ич кетиш, дизентерия ва тери касалликларини (қўтирни) даволаш, йўтални қолдириш, сийдик ва гижжа ҳайдаш учун ишлатади. Мева шираси цинга касаллигига даво қилинади ва иштаҳа очиш учун истеъмол қиланади.
Тиббиётда анор пояси, шохлари ва илдиз пўстлоғининг доривор препаратлари гижжаларни организмдан ҳайдаш учун, мева пўстининг қайнатмаси меъда ичак касалликларини (ич кетиш, қон аралаш ич кетиш ва дизентерия) даволашла қўлланилади.
Анор мевасининг пўстидан қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан сув қуйилади, устига бир чой қошиқла майдаланган мева пўстидан солиб, бир оз қайнатилади ва икки соат давомида дамлаб қўйилади. Сўнгра докада сузилади. Бу қайнатма юқорида айтиб ўтилган касалликларга даво қилиш учун кунига 3 маҳал овқатдан олдин ичилади. Нафас йўллари шамоллаганда, томоқ оғриганда, оғиз шиллиқ пардаси яллиғланганда (гингивит ва стоматит), милкдан қон оққанда оғиз ва томоқ шу қайнатма билан чайилади.
Анор мевасининг суви эса болалар учун яхши ҳарорат тушурувчи вазифасини бажаради.

АРПАБОДИЁН (АНИССИМОН АРПАБОДИЁН) – АНИС ОБЫКНОВЕННЫЙ

АРПАБОДИЁН (АНИССИМОН АРПАБОДИЁН) – АНИС ОБЫКНОВЕННЫЙ

Арпабодиён – бир йиллик, бўйи 30-60 смга етадиган ўт ўсимлик.
Тиббиётда арпабодиённинг меваси ва ундан олинадиган эфир мойидан доривор сифатида фойдаланилади.
Арпабодиён меваларининг 50-60 фоизи қўнғир рангга кириб, пишганда ўсимлик ўриб олинади, боғ-боғ қилиб боғланади. Хом меваларнинг етилиши ва қуриши учун поянинг юқори, мевали қисмини юқорига қаратиб хирмонга тўплаб қўйилади. Хом мевалар етилгач, қуриган ўсимлик янчилади, элаб меваси ажратиб олинади.
Ибн Сино арпабодиён мевасини нафас олиш қийинлашганда уни енгиллаштириш учун, жигар (ўт ҳайдовчи восита сифатида) ва бўйрак (сийдик ҳайдовчи восита сифатида) касалликларини даволашда ҳамда терлатувчи дори сифатида қўллаган.
Халқ табобатида арпабодиён мевасининг дамламаси терлатувчи, чанқов босувчи, сийдик ва ўт ҳайдовчи, иштаҳа очувчи восита сифатида ҳамда айрим меъда-ичак касалликларига даво қилиш учун қўлланилади.
Арпабодиён мевасидан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига майдаланган мевадан бир чой қошиқ солинади ва бир соат давомида дамлаб қўйилади. Сўнгра дамлама докада сузилади. Юқорида кўрсатилган касалликларни даволаш учун дамламадан кунига 3-4 марта овқатдан 15 дақиқа олдин ярим стакандан истеъмол қилинади.
Илмий тиббиётда арпабодиён меваси ва ундан олинган эфир мойининг доривор препаратлари бронхит касаллигида балғам кўчирувчи ҳамда ичак фаолиятини яхшиловчи ва ел ҳайдовчи (қорин дам бўлганда) дори сифатида қўлланилади.
Арпабодиён эфир мойи кўкрак шамоллаб оғриганида ва балғам кўчирувчи восита сифатида ишлатиладиган кўкрак элексири ва новшадил – арпабодиён томчиси таркибига киради. Меваси ич юмшатувчи (сурги), балғам кўчирувчи, кўкрак оғриғида ишлатиладиган йиғма чойлар таркибига киради.

ГУЛХАЙРИ – АЛТЕЙ

ГУЛХАЙРИ – АЛТЕЙ

Тиббиётда гулхайрининг икки тури: доривор гулхайри – алтей лекарственный ва арман гулхайриси алтей армянский доривор восита сифатида ишлатилади.
Гулхайри – бўйи 1.5 метргача бўладиган кўп йиллик ўт ўсимлик. Гулхайрининг бир неча тури бўлиб, улар ўтлоқларда, тўқайзорларда, сойларда, ботқоқликларда, бегона ўт сифатида экинлар орасида, боғлар ва тоғларнинг ўрта қисмигача бўлган ён бағирларида ва бошқа нам ерларда ўсади. Ўзбекистоннинг деярли ҳамма вилоятлари тўқайзорларида, тоғли ноҳияларнинг нам ерларида гулхайри турларини учратиш мумкин.
Тиббиётда гулхайрининг ҳар иккала тури илдизидан ва баргидан бир хилда фойдаланилади. Барглари ўсимлик гуллаши олдидан ва гуллаган даврида йиғилиб, соя ерда қуритилади. Илдизи кузда ёки эрта баҳорда кавлаб олинади, тупроқдан тозаланади, қари, ёғочланган ва майда илдизлари қирқиб ташланади, сувда ювиб, йириклари майда бўлакларга бўлинади ва очиқ ҳавода – қуёшда қуритилади.
Гулхайри қадим замонлардан бери халқ табобатида турли касалликларни даволашда ишлатилиб келинган доривор ўсимликлардан. Ибн Сино унинг илдизидан, баргидан ва уруғидан тайёрланган дамлама билан йўтал, қон тупуриш, зотилжам ва буйрак касалликларини даволаган ҳамда балғам кўчирувчи ва шишларни қайтарувчи восита сифатида ишлатган.
Ҳозирги вақтда ҳам гулхайри илдизидан тайёрланган дамлама халқ табобатида йўтал, кўкйўтал, ўпка шамоллаши, нафас қисиши, томоқ яллиғланиши, кўкрак оғриши хасталикларида юмшатувчи, оғриқ қолдирувчи ва балғам кўчирувчи дори сифатида қўлланилади. Дамлама меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси, болаларнинг ич кетиши ва бошқа касалликларида ҳам берилади.
Гулхайри илдизидан дамлама тайёрлаш учун қопқоқли идишга қайнатиб совитилган сувдан икки стакан қуйилади, унга майдаланган илдиздан 4 чой қошиқда солиб, 8 соат давомида қўйиб қўйилади. Сўнгра докада сузилади ва юқорида кўрсатилган касалликларга даво қилиш учун кунига 3-4 марта ярим стакандан ичилади.
Тиббиётда гулхайри илдизининг доривор препаратлари ( дамлама, қуруқ экстракт, шарбат) нафас йўллари касалликларида (айниқса, болаларнинг нафас йўллари яллиғланишига қарши) ва яллиғланишда балғам кўчирувчи ҳамда меъда-ичак касалликларида (ич кетганда) ўраб олувчи восита сифатида ишлатилади.
Гулхайрининг ер устки қисмидан тайёрланган мукалтин доривор препарати (таблетка ҳолида чиқарилади) ҳам балғам кўчирувчи восита сифатида нафас йўллари шамоллашида қўлланилади.
Гулхайрининг майда кесилган илдиз нафас йўллари, кўкрак касалликларида қўлланиладиган балғам кўчирувчи турли йиғма-чойлар таркибига киради.

ДАЛАЧОЙ (ТЕШИК ДАЛАЧОЙ) – ЗВЕРОБОЙ ОБЫКНОВЕННЫЙ

ДАЛАЧОЙ (ТЕШИК ДАЛАЧОЙ) – ЗВЕРОБОЙ ОБЫКНОВЕННЫЙ

Тешик далачой – бўйи 100 смгача (кўпинча 30-35 см) бўлган кўп йиллик ўт ўсимлик. Далачой кенг тарқалган ўсимликлардан бўлиб, у йўл ёқаларида, ариқ бўйларида, ўтлоқларда, ўрмонларда, ўрмон четларида, буталар орасида, бедазорларда, боғларда, суғориладиган ва бошқа нам ерларда, тоғларнинг этакларидан то ўрта қисмигача бўлган майда тош-тупроқли жойларда ўсади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида учрайди.
Тиббиётда далачойнинг ер устки қисмидан фойдаланилади. Ўсимлик гуллаган вақтда унинг ер устки қисми учидан 15-20 см узунликда ўриб олинади ва соя ерда қуритилади. Сўнгра янчиб, ғалвирда элаб олинади. Йирик поялар ташлаб юборилади.
Ибн Сино далачойни оғриқ қолдирувчи, сийдие ҳайдовчи восита сифатида ва турли яраларни даволаш учун ишлатган.
Халқ табобатида далачой ер устки қисмидан тайёрланган дамлама асосан меъда-ичак касалликлари (ич кетиш)ни даволаш ва қон оқишини (қон тупуриш ва ичдан қон оқиши) тўхтатиш учун қўлланилади.
Далачой ер устки қисмидан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига майдаланган ер устки қисмидан 10 г солинади ва дамлаб қўйилади. Сўнгра докада сузиб, кунига 2-4 маҳал овқатдан кейин ичилади.
Илмий тиббиётда далачоц ер устки қисмининг доривор препаратлари (дамлама, суюқ экстракт) оғиш бўшлиғининг яллиғланиш касалликларида (гингивит, стоматит) ва томоқ яллиғланишида оғиз ва томоқни чайиш учун ҳам ишлатилади.
Далачой ер устки қисми оғиз ва томоқни чайиш, меъда-ичак ва бошқа касалликларни даволаш учун ишлатиладиган турли йиғма-чойлар таркибига киради.
Халқ табобатининг юқорида кўрсатилган касалликларга даво қилиш учун далачойнинг яна ики тури: дағал далачой ва чўзиқ барғ далачой ер устки қисмларидан тайёрланган дамламалар ҳам ишлатилади. Бу турларнинг таъсири тешик далачой билан бир хил.

ЕТМАК (БЎРИТИКАН) – КОЛЮЧЕЛИСТНИК

ЕТМАК (БЎРИТИКАН) – КОЛЮЧЕЛИСТНИК

Тиббиётда етмакнинг икки туридан: гипсофилласимон етмак ва рўваксимон етмаклардан доривор восита сифатида фойдаланилади. Табобатда етмак турларининг илдизидан фойдаланилади.
Халқ табобатида етмак илдизининг қайнатмаси нафас йўлларининг яллиғланиши ва бошқа касалларда балғам кўчирувчи дори сифатида қўлланилади.
Илдизи таркибида кўп миқдорда сапонин мавжуд.

Етмак илдизидан қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига майдаланган илдиздан 6 гр солинади, идиш қопқоғини ёпиб, қайнаб турган бошқа идишдаги сувга 30 дақиқа солиб қўйилади. Сўнгра уни совутиб, докада сузилади. Балғам кўчирувчи восита сифатида кунига 3-5 марта овқатдан сўнг ярим стакандан истеъмол қилинади.

ЖЎКА – ЛИПА

ЖЎКА – ЛИПА  Тиббиётда жўканинг икки туридан: юраксимон (майда барг) жўка ва ясси (йирик) барг жўкалардан доривор восита сифатида фойдаланилади. Жўка 30 метргача етадиган дарахтдир.
Жўканинг гул тўплами доривор восита сифатида ишлатилади. Ўсимлик гуллаганда гултўплами гулолди баргчалари билан бирга қирқиб олидани ва соя ерда қуритилади.
Халқ табобати жўка гулидан тайёрланган дамлама (иссиқ ҳолида) турли касалликларида терлатувчи дори сифатида ҳамда йўтални даволаш ва томоқ оғриганда уни чайиш учун ишлатилади. Дамлама яна турли қон оқишларини тўхтатиш ва асаб касалликларида ҳам қўлланилади. Жўка гулидан дамлама тайёрлаш учун бирор оғзи ёпиладиган идишга бир стакан қайнаб турган сув қуйилади ва устига майдаланган гулдан бир ош қошиқдан солиб, ярим соат дамланади. Сўнгра докада сузилади. Терлатувчи восита сифатида дамсламадан кунига 2-3 маҳал овқатдан олдин ярим стакандан ичилади ва томоқ оғриганда иссиқ дамлама билан томоқ чайилади.
Илмий тиббиётда жўка гулининг дамламасини турли шамоллаш касалликларида терлатувчи дори сифатида истеъмол қилиш буюрилади. Оғиз бўшлиғи шамоллаш касалликларида ва томоқ оғриганда у билан оғиз ва томоқ чайилади.
Жўка гули шамоллаш касалликларида ишлатиладиган терлатадиган ва томоқ чайиш учун қўлланадиган ва бошқа йиғма чойлар таркибига киради.

ЗИҒИР – ЛЁН ОБЫКНОВЕННЫЙ

ЗИҒИР – ЛЁН ОБЫКНОВЕННЫЙ Зиғир – бир йиллик ўсимлик. У турли мақсадлар (мой ва тола олиш, медицинада доривор маҳсулот сифатида ишлатиш) учун ўстирилади.
Тиббиётда доривор восита сифатида зиғир уруғи ишлатилади. Меваларни сарғая бошлаганда ўсимлик илдиўи билан суғуриб ёки машиналар (комбайн) ёрдамида ўриб олинади ва хирмонга меваларни яхши етилиши учун йиғиб қўйилади. Мевалар тўлиқ етилиб, ўсимлик қуригандан сўнг янчилади ва уруғи элаб, тозалаб олинади.
Абу Али ибн Сино қовурилган зиғир уруғини йўтални кетказиш ҳамда ичбуруғни қолдириш, бўйрак, қовуқ ва бошқа аъзолар касалликлари, шиш ва чипқонга даво қилиш учун қўллаган.
Халқ табобати зиғир уруғидан тайёрланган қайнатма билан йўтал, ангина, ўпка сили (қайнатма сут билан бирга истеъмол қилинади) ҳамда меъда (гастрит, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси), бўйрак ва бошқа айрим касалликларга даво қилинади.
Зиғир уруғидан қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган илишга ярим стакан сув қуйилади, устига майдаланган уруғдан 2 чой қошиқ солиб, бир оз қайнатилади ва 10 дақиқа тиндириб қўйилади. Сўнгра шишага солиб, 5 дақиқа чайқатилади ва докада сузилади. Қайнатмадан кунига 3-4 марта ярим стакандан ичилади.
Тиббиётда зиғир уруғининг доривор препаратлари нафас йўллари ва меъда ичак шиллиқ пардалари яллиғланиш касалликларида ўраб олувчи ва енгил сурги дори сифатида қўлланилади.
Шиллиқ эритма тайёрлаш учун бирор идишга 3 гр уруғ солинади, устига ярим стакан қайнаб турган сув солиб, 15 дақиқа давомида чайқатилади ва докада сузилади. Юқорида кўрсатилган касалликларда шиллиқ эритмадан кунига 3-4 маҳал ярим стакандан истеъмол қилинади.

МАЙМУНЖОН (ОДДИЙ МАЙМУНЖОН, МАЛИНА) – МАЛИНА ОБЫКНОВЕННАЯ

МАЙМУНЖОН (ОДДИЙ МАЙМУНЖОН, МАЛИНА) – МАЛИНА ОБЫКНОВЕННАЯ 
Оддий маймунжон (малина) – 1-2 метрга етадиган ярим бўта. Медицина маймунжоннинг меваси қўлланилади. Тўлиқ пишган мевалар йиғиб олиниб, очиқ ерда – қуёшда қуритилади.
Халқ табобатида қуритилмаган ва қуритилган мева дамламаси шамоллаш касалликларида терлатувчи, иситма туширувчи, балғам кўчирувчи дори сифатида ҳамда иштаҳа очиш, овқат ҳазмини яхшилаш, қон оқишини (меэдадан, ичакдан, бачадондан) тўхтатиш учун қўлланилади.
Мевадан дамлама тайёрлаш учун оҳзи ёпиладиган идишга 2 стакан қайнаб турган сув қуйилади, устига 2 ош қошиқда қуритилган мевадан солиб, 15-20 дақиқа дамлаб қўйилади. Сўнгра дамлама докада сузиб олинади-да 1-2 соат ичида иссиқ ҳолида ҳаммаси ичилади.
Илмий тиббиётда қутирилган мевасидан тайёрланган дамлама турли шамоллаш касалликларида терлатувчи ҳамда енгил сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади. Оддий маймунжоннинг қуритилган меваси терлатувчи йиғма-чойлар таркибига киради.

Категория: Foydali Maslahatlar | Просмотров: 3013 | Добавил: shirina | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 5
0  
5 Қобил   (02.05.2011 14:17) [Izoh]
Жуда керакли маълумотлар.

0  
4 Angeloza   (20.01.2011 20:53) [Izoh]
kerakli malumotla ekan

0  
3 sabr   (20.01.2011 08:51) [Izoh]
SHirina qiz rahmat. rosa shamolagandim

0  
2 Ojar_qizcha   (20.01.2011 07:19) [Izoh]
surprised surprised surprised rahmat

0  
1 shirina   (20.01.2011 01:34) [Izoh]
TABIY O'SIMLIKLARGA NIMA YETSIN

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]