Рашк
Рашк — дўстимизми ё душманимизми ? Келин-пошша, сиз албатта «душман», дейсиз. Хулосангизни инкор этмайман. Лекин бу масалага бир томонлама қараш эканини ҳам таъкидлаб қўяман.
Ҳар бир оилада ўзаро рашк бўлади. Аслида рашкнинг бўлгани ҳам яхши. Чунки улуғларимиздан Сўфий Оллоҳёр айтмоқчи:
Жамиъ жонворлар тушса кўзга, Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга.
Дейилмоқчики, барча ҳайвонларда ҳам рашк бор, фақат тўнғизда йўқ, модасини қизғанмайди.
Таажжуб фитналикдур бу замона Тушубдур эрлар аҳволи йамона.
Дейилмоқчики, ажаб фитналар кўпдир бу замонда. Эрлар ўзларини ёмон аҳволга солганлар. Яъни уларда ғайрат ва рашкдан асар ҳам қолмай, хотинларини бозорларга пардасиз юборурлар. Хотинини сира рашк қилмайдиган, билатуриб бегона эркакдан қизғанмайдиган эрни даюс дейдилар. Бошқача айтсак, ўз хотинига қўшмачилик қилувчи эр даюсдир. Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) жаннатга кирмайдиган уч тоифадан бири, деб айнан шу даюсни, билиб туриб хотинини ёмон йўлга киришига йўл қўйган эрни айтганлар. Агар рашк бутунлай бўлмаса эр тўнғиз табиатли ҳисобланаркан. Яна дерларки: «Ғайрат мардин (ҳақиқий рашкни) бажо келтурғил. Беғайрат кишини киши демагил. Ҳар кишида ғайрат бўлмаса, дини ҳам бўлмағусидир». Демак, рашк керакли фазилат экан. Бироқ рашк ўти ҳаддан зиёд аланга- олса, иллатга айланади. Эр хотиннинг ёки хотин эрнинг ҳар бир Қадамини кузатаверса, орада ишонч йўқолади. Ишонч йўқолган уйдан файз кетади. Шу туфайли арзимаган нарсадан жанжал чиқаверади. «Бошқасини топганга ўхшайсиз-да, менинг ҳамма ишларим кўзингизга ёмон кўриниб кетяпти», дейди хотин. «Битта-яримта хушторинг борми, пардозларинг бошқача бўлиб кетяпти», дейди эр. Қарабсизки, яхшиликка хизмат қилиши керак бўлган рашк оилани бузишга олиб келади.
«Агар сен хотинингга рашк қилмасанг, у сенга самимият билан муносабатда бўлур. У сенга ота-онанг ва фарзандингдин ҳам мушфиқроқ бўлур ва сенга ундин дўстроқ киши топилмас. Агар унга рашк кўргузсанг, сенга минг душмандин душманроқ бўлур ва бегона душмандин ҳазар қилса булур, лекин ундин ҳазар қилиб бўлмас». Кайковуснинг бу панду насиҳати рашкни меъёрдан ошириб юборадиганларга ибрат бўлиши лозим. Агар эр хотинига рашкни ошириб, уни айблайвермаса, хотин унга ўз ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлар экан. Меъёрдан ошса, душмандан ҳам баттарроқ душманга айланар экан. Бир оиланинг бузилишига сабаб бўлган воқеани айтиб беришган эди. Уйга эрнинг дўсти меҳмон бўлиб келган. Хотин хизматда. Эрнинг кўзи пойабзалларга тушади. Қарасаки, меҳмоннинг туфлиси ёнида хотинининг калиши турибди. Хотинини чақиради: «Нега калишинг унинг туфлиси ёнида туради?» Хотин, турган гапки, бунга эътибор бермаган. Шунда эр бошқачароқ даъво қилади: «Нима учун сенинг калишинг унинг туфлисига кулиб қараяпти!» Бу ҳолат сизга тентакнамо бўлиб туюляпти, а? Албатта, бу аҳмоқона рашкнинг кўриниши. Шунга ўхшаш воқеалар такрорланавергач, хотин икки боласини олиб, ажралиб кетишга мажбур бўлди. Шундан сўнг ўша рашкчи яна бир неча марта уйланди. Охири оғир касалга чалингач, сўнгги хотини уни қариялар уйига топширибди. Бундан хабар топган ўғиллари оталарини уйларига олиб келиб парвариш қилишибди. Оналари бунга монелик қилмабди.
Икки дунё саодатига сазовор хотин ва фарзандлар шундай бўлишади!
|