Куни кеча Ўзбекистон халқ артисти Озодбек билан боғландик. Энг сўнгги янгиликларини сайтимиз билан бўлишди. Концертга тайёргарлик кўриш асносида кечки пайтдаги бўш вақтини интернетни мустаҳкам ўрганишга бағишлаётганини маълум қилди. Хонанда интернетдаги почталари орқали дунёнинг турли нуқталаридаги мухлислари билан боғланиш истагида экан. Бироқ, сўнгги пайтда содир бўлган бир-икки ҳолат бўйича Назарбеков таажжубини билдирди. Агент тизимида суҳбат қураётган хонандага яна бир Озодбек Назарбеков хат ёзибди! Қизиғи, анкетадаги ҳамма маълумотлар ўзиники. Фотосуратлар ҳам. "Клон” Озодбекка "Сен кимсан?” дея савол ҳам берибди! Яна бошқа бир саволлар эса хонанданинг жиғига тегяпти: "Сиз ҳақиқатан ҳам ўзингизми?”. Тинимсиз бундай ишонқирамайдиган руҳдаги саволлар Озодбекнинг мухлислари билан танишиш истагини ҳам сўндиряпти. Тўғри, ҳозирги ижтимоий тармоқни олсак, биров бировнинг номидан суҳбатлашиши жуда оммалашган. Айримлар ҳатто жуда машҳур сиёсий шахслар, таниқли юлдузларимиз номидан суҳбат қуришар экан! Инсоф ҳамманинг ўзига берсин, гоҳида мана шундай шубҳа ва гумонлар билан "асл”лар қалбига озор етказиб қўямиз. Суҳбатдан олдин ишонч тизимингизни ишга туширинг... Қани у сизга сохталикларни фарқлашда кўмаклашадими ё йўқ?! Озодбекка маслаҳатимиз, ҳаққоний мухлис барибир ҳаққоний кумирининг фарқига етади. Сиз эса ана шундай, санъатингизга сохталик ила боқмайдиган мухлислар билан суҳбат қуринг!