Болалигида Ибн Сино онасидан «Нега осмон олдин катакчалардан иборат эди-ю, ҳозир ўша катакчалар йўқ?» деб сўраган экан. Бундай деб сўрашига сабаб гўдаклигида онаси ҳар хил ҳашаротлардан сақлаш мақсадида унинг юзини элак билан ёпиб қўяр экан. Кейинчалик ўша манзарани бўлғуси табиб кучли хотираси ёрдамида хотирлай билган экан.
Ҳақиқатан ҳам хотиранинг имкониятлари жуда кенг. Инсон 20 мингдан 100 минггача сўзни эслаб қолиши мумкин. Масалан, машҳур компьютер дастурчиси Билл Гейтс минглаб кодларни ёддан билади, дейилади. Саркарда Александр Македонский эса аскарларини номма-ном санаб бергани ҳақида ривоятлар бор.
Ўз навбатида киши хотираси жуда кўп омилларга боғлиқ эканини ҳам унутмаслик лозим. Кимдир кўрганини, кимдир эшитганини яхшироқ эслаб қолади. Шунингдек, киши хотирасида қизиққан нарсаси тезроқ ўрнашади. Баъзан эса маълум ҳиссий кечинмалар унутилган воқеаларни қайта жонлантирган ҳолатлар учраб туради. Ҳатто тил ўрганишга қобилияти йўқ, деб ҳисобланган кишилар бегона мамлакатга тушиб қолганида, хотираларидаги янги қирралар кашф этилгани ҳам тажрибаларда ўз исботини топган. Хуллас, бугунги мавзумиз инсон хотираси хусусида.
Ишламаган теша занг босади!
Ёши қирқдан ошган кишилар гап орасида «Хотира чатоқ-да, қаричилик энди!» деб қўшиб кетиши одатий ҳол. Аслида эса бундай эмас. Ана шу баҳонага таянадиганлар кўпинча фаол ўрганиш даври тугаганидан кейин ўрганишга иштиёқни йўқотишади ва хотирани зўр бериб ишлатмасликлари натижасида шу кўйга тушиб қолишади. Ваҳоланки, хотирани чархлаш кундалик ишига айланиб қолган, ёши етмишга етган актёрлар бутун бошли матнларни қийналмасдан ёдлай олишлари барчага маълум. Германия ва АҚШ каби бир қатор хориж мамлакатларида эса, нафақага чиққандан кейин талабага айланадиган қариялар кўплаб топилади. Улар одатда ижтимоий-гуманитар факультетларга ўқишга киришади ва ёш ҳамкурслари билан баравар машғулотларни ўзлаштириб, имтиҳонлар топширишади. Демак, хотира заифлашувига ёшни сабаб қилиб кўрсатиш асоссиз баҳона.
Калифорния университети тадқиқотчиси доктор Марион Даймонд мия фаолияти устида изланишлар олиб бориб «Инсоннинг қариши хотирадаги ҳужайра боғларини йўқотмайди», деган хулосага келди. Бошқа тадқиқотлар натижаси ҳам бу фикрни қўллаб-қувватламоқда. Ҳатто, агар мия давомли равишда ишлаб, таълимга йўналиб турса, ҳужайралараро боғлар зичлиги янада мустаҳкамланиши хусусида қарашлар мавжуд. Етмиш, саксон ёшли қариялар билан олиб борилган тадқиқотларда ақлий фаолиятнинг турли даврларида эътиборга лойиқ натижаларга эришиш мумкин экани исботланган.
Хотира илдизига болта уриш
Демак, хотиранинг заифлашувига қариликни сабаб қилиш ўринсиз. У ҳолда киши хотирасининг заифлашувига нималар сабаб бўлади? Психологлар бу муаммога битта сабаб қилиб тестостерон, яъни эркаклар гармонида юз берадиган ўзгаришни кўрсатишган. Олиб борилган тадқиқотлар тестостероннинг қондаги концентрацияси ва эркак киши заковати ўртасидаги боғлиқликни юзага чиқарган. Тестостерон концентрациясининг юқори даражага чиқиши, эркак кишининг хотира ва ижодкорлик қобилиятини пасайишига сабаб бўлар экан. Тадқиқотчилар ушбу қарашни қуйидагича изоҳлашди: «Тестостерон кишиларда иккиламчи жинсий белгиларни ҳаракатга келтиради. Натижада агрессив хатти-ҳаракатлар ва шаҳвоний ҳис-туйғулар кучаяди. Бу эса кишининг мия фаолиятини тўлиғича ана шу тарафга қаратиб қўяди».
Демак, хотираси заифлашаётганидан шикоят қилувчи эркаклар шахсий ҳаётларини тартибга солиб, шаҳватни қўзғотувчи турли хил омиллардан узоқ турганлари маъқул.
Аслида психологларнинг мазкур хулосалари шарқ анъаналарида ҳам ўз тасдиғини топган. Маълумки, қадимда мадраса ўқитувчилари ўз талабаларининг заковатига путур етмаслиги учун ҳам уларни номаҳрамга назар солишдан қайтаришган. Имом Шофеъийнинг «Бегона аёлга қараш, ёдланган нарсаларнинг унутилишига олиб келади», деган ҳикматли сўзи ушбу қарашни тасдиқлайди.
Хотира қандай шаклланади?
Фанда хотиранинг табиий имкониятлари уч қисмга бўлиб ўрганилади. Булар таассурот, қайтариш ва ассоциациялар.
1. Таассуротга кўриш ва эшитиш орқали эга бўлинади. Инсондаги кўриш ҳисси бошқа ҳиссий аъзоларга нисбатан кучлироқ саналади. Чунки кўздан мияга борадиган нервлар қулоқ нервларига нисбатан 20 марта қалинроқ. Масалан, Марк Твен саҳнада ўйнаши керак бўлган ролни қайдлар ёрдамида яхши эслаб қола олмагач, расмлар билан ишлаган ва бу қийинчиликларни осонликча енгиб ўтолган экан.
2. қайтариш. қадимда кўпчилик олимлар кичик ёшлигидаёқ бутун бошли китобларни айнан қайтариш орқали ёд олишган.
3. Ассоциация - ўхшашлик. Бирор фактни бошқа нарса билан қиёслаш орқали эслаб қолиш. Мисол учун танишингизнинг телефон рақамини уй номерингиз, туғилган йилингиз ёки кундалик юрадиган автобусингиз рақами билан қиёслаб, ассоциация қилишингиз мумкин.
Такрорлаш яхши, аммо...
Халқимизда «юз мартада ёд бўлади, минг мартада муҳр» деган нақл юради. Бу мақол асосли, фақат қачонки унга тўғри амал қилинган тақдирда шундай. Чунки, мия маълумотни муҳрлаши учун унга вақтинча бошқа маълумот юкланмай туриши лозим. Тадқиқотчи Мюллер ва Пильцекерлар бирор матнни ёд олгач, мияни дам олдириш кераклигини таъкидлашади.
Тин олиш жараёнида мия маълумотларни ўз-ўзидан такрорлар экан. Бу жараён маълумот ёдланганидан кейин ўринсиз қайтарилаверса ҳам бузилади. Натижада мияда ҳеч қандай «муҳрланиш» жараёни юз бермайди. Хўш, маълумотни ёдлаш билан мустаҳкамлаш орасида мия қанча вақт тин олиши керак? Бу саволга руҳшунос олим Пьерон жавоб топган. У бир неча кишилар устида тажриба ўтказиб, уларга 18 та нотаниш сўзларни ёдлашни ва қуйидаги жадвал асосида такрорлаб туришни буюради: Тажрибада сўзлар 30 сониядан кейин 14 марта қайтарилганда яхши самара берган. Танаффус 10 дақиқани ташкил қилганда эса 4 марта такрорлаш кифоя қилган. 10 дақиқадан 24 соатгача бўлган танаффусда маълумотлар қисқа муддатли хотирада мустаҳкамланган. 24 соатдан ортиқ танаффусларда такрорлаш миқдори кўпайиб боради ва 48 соатга етганида 8 марта қайтариш талаб қилинади. Чунки, бу вақт ичида хотирага ўрнашган қўшимча маълумотлар хотира қувватини сусайтиради. Шунинг учун ҳар 24 соатда ёдланган сўзларни қайтариб туриш мақсадга мувофиқ.
Матннинг кўп жиҳатлари бир-бирига ўхшашлиги ёдлаш жараёнини қийинлаштиради. Агар сўзлар мажмуаси ҳар хил қилиб тузиб чиқилса, иш осонлашади. Мисол учун рўйхат тартибида ёзилган бирор сўзни эслаганингизда ақлингизга нима келади? Табиийки, унинг рўйхатда жойлашган ўрни. Бу хотиранинг кучига далолат қилмайди. Ўша сўзни эслаш учун бундан аҳамиятлироқ жиҳат йўқлигини англатади холос. Шундай экан, ёд олинаётган ҳар бир сўз ўзига хос тарзда бошқалардан ажралиб туриши керак. Уларни ёзганда бир хилликдан қочиб, ранг ёки ҳарф шакллари турлича қилиб тузилса, ёдлаш жараёнида ижобий натижаларга эришиш мумкин.