Намоз турлари
Мусулмонларга ўқишлари амр қилинган намозлар уч турли бўлиб, булар: Фарз, Вожиб ва Нофила намозларидир.
1. ФАРЗ намозлари: Беш вақт намознинг фарзлари, Жума намозининг икки ракъат фарзи ва Жаноза намозидир. (Жаноза намози фарзи кифоядир).
2. ВОЖИБ намозлари: Витр намози, байрам (xайит) намозлари, аталган яъни бирон нарса учун ният ва назр қилинган намозлардир. Бошланиб, ярмида чала қолган намозни битириш ёки бошқатдан ўқиш вожибдир. Kазога қолган Витр намозининг қазосини ўқиш xам вожибдир.
3. НОФИЛА намозлари: Беш вақт намознинг суннатлари*, таровиx намози ва савоб учун ўқиладиган таxажжуд, таxиятул-масжид, ишроқ, дуxа, аввобин, истиxора, тасбиx каби намозларни ўқиш нофила ибодат xисобланади. Яъни буларни ўқиш мажбурий вазифа эмас. Фарз ва вожиб туридан бўлган намозлардан қарзи бўлмаган инсоннинг нофила намозларига xам савоб берилади. -------- *Бу ҳақида машҳур ҳазрати Оиша онамизнинг Пайғамбаримизнинг саллаллоҳу алайҳи васаллам умрларида энг кўп давом этган нофилалари бомдоднинг суннати эканлиги ҳақидаги хадис хотирлансин.
Намоз ўқиш
Динимизда иймондан кейин энг мухим бўлган ибодат намоз бўлиб, беш вакт намоз диннинг таянчидир. Намоз - ибодатларнинг энг устуни ва Исломнинг иккинчи шартидир. Арабчада намозга «Салот» дейилади. Салот аслида, дуо, рахмлилик ва истигфор маъносида бўлиб, намозда ўша учта маъно жам бўлгани учун, салот дейилган.
Аллоҳу таолонинг энг кўп ёктирадиган ва кайта-кайта амр этган буйруги, беш вакт намоздир. Аллоҳу таолонинг, инсонларга иймондан кейинги энг мухим амри бўлган намоз, динимизда фарз килинган илк ибодатлардан бўлиб хисобланади. Киёматда хам иймондан кейин биринчи бўлиб намоздан сўрок килинади. Беш вакт намознинг хисобини тўлик берган бахтиёр кимса, бошка бутун ташвишу имтихонлардан осон кутилиб, абадий саодатга эришади. Жаханнам оташидан нажот топиб, Жаннатга муяссар бўлиш, намозларни тўгри ва кусурсиз адо этишга боглик. Комил намоз учун, аввало бенуксон тахорат олиш ва кечиктирмасдан намозга туриш керак. Намоздаги хар бир харакатни энг мукаммал тарзда бажо келтиришга тиришиш керак.
Барча ибодатларни ўзида мужассам килган ва инсонни Аллоҳу таолога энг зиёда якинлаштирадиган хайрли амал - намоздир. Севгили Пайгамбаримиз "саллАллоҳу таоло алайхи ва саллам” мархамат килиб айтдиларки: «Намоз диннинг таянчидир. Намоз ўкийдиган кимса, динини кувватлантирган, ўкимайдиган эса динини вайрон килган бўлади». Намозини тўгри адо этишга мушарраф бўлган кимса, чиркин ва ёмон нарсалардан сакланган бўлади. Чунки Анкобут сурасининг 45-оятида маъолан: «Тўгри ўкиладиган намоз, инсонни фахшадан (чиркин, ифлос ва ман килинган нарсалардан) асрайди» дейилган. Инсонни ёмонликлардан кайтара олмайдиган намоз, тўгри ва хакикий эмас, балки факат кўринишдагина намоз бўлиб хисобланади. Шундай бўлса хам, тўгри ва хакикийсини ўкишга муваффак бўлгунга кадар, кўринишда бўлса-да намозни кўлдан чикариб кўймаслик керак. Ислом олимлари: «Бир ишнинг тамоми бажарила олмаса, колганидан хам ажралиб колмаслик керак» деб танбех килганлар. Чексиз эхсонлар сохиби бўлган Раббимиз, кўринишни хам мархамати ила хакикат хисобида кабул килиши мумкин. Шунинг учун, чала ўкилаётган намоз эгаларига «Унака, пала-партиш ўкигандан кўра ўкимай кўя колганинг тузукрок!»- дейишнинг ўрнига, «Намозни токайгача чала ўкиймиз, келинг кам жойларини тамомлайлик!»- дейиш лозим. Хатоларини тузатишга ёрдамлашиш керак.
Намозларни жамоат билан ўкишга ғайрат қилиш жуда муҳимдир. Намозда барча аъзоларимиз тавозеъ кўрсатиб туриши, қалбларимиз ҳам Аллоҳдан бироз кўркув вазиятида бўлиши керак. Инсонни дунёда ва охиратда ташвишу фалокатлардан куткарадиган ягона амал - намоздир. Аллоҳу таоло Муъминун сурасининг бошларида маъолан: «Мўминлар албатта нажот топишади. Улар намозларини хушуъ билан адо этувчилардир.» - деб буюрган. Тахлика, хавф-хатар бўлган жойларда адо этиладиган ибодатларнинг савоби хам кўп бўлади. Душман хужум килган пайтда, аскарнинг уларга карши кичкина каршилик кўрсатиши канчалик кийматли бўлса, ёшларнинг ибодат билан машгул бўлиб, хар хил шахвоний истак, бемаъни ўйин кулги ва харомлардан тийилиши хам шунчалик катта кийматга эга. Чунки, нафсларининг зарарли, шайтоний истакларини жиловлаб, унга карши курашган бўладилар.
Навкирон ёшлик даврида инсонга мусаллат бўладиган уч хил душман, унинг ибодат килишига каттик тўскинлик килади. Булар: шайтон, нафс ва ёмон дўстдир. Ёш ўсмирлар ўша душманлардан келадиган ёмон истакларга бўйин эгмасдан намозларини ўкиб, хеч тарк этмасдан юрса, бу амалларининг киймати шунчалик ошадики, эвазига карияларнинг айни ибодат учун олган савобидан хам кўпрок савобга ноил бўлишади. Яъни, озгина ибодатлари учун жуда бисёр савоб олишади.
«Зод-ул-муқвийн» китобида дейиладики: (Эски олимлар ёзганларки, беш нарсани қилмаган, бешта нарсадан маxрум бўлади: Молининг закотини бермаган, молининг хайрини кўролмайди. Ушрини бермаганнинг, деxқончилигида, топганида барака бўлмайди. Садақа бермаганнинг, вужуди сиxат бўлмайди. Дуо қилмаган, орзусига ериша олмайди. Намоз ватқи киргандан намоз ўқишни истамаган, сўнгги нафаси чиқиши вақтида калимаи шаxодат келтира олмайди. (Намоз ўқиш биринчи вазифалигига ишонгани ҳолда, танбаллик қилиб, уни ўқимаган киши фосиқдир. Ундай киши солиҳа қизнинг қуфи-тенгги бўла олмайди. Яъни ундай кимса, солиҳа қизга лойиқ ва уйғун эмас).
Бундан кўринаяптики, фарз намозини вақтида ўқимаслик кишининг иймонсиз кетишига сабаб бўлмоқда. Намозни давомли ўқиш, қалбнинг нурланишига ва саодати абадийяга етишишга василадир. Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) "Намоз нурдир", дея марҳамат қилдилар. Яъни бу дунёда қалбни порлатади, Охиратда сиротни ойдинлатади. Биласизми, тушуна оласизми, Оллоҳнинг дўстларига, намозда нималар бўлади, улар намоз вақтида қандай муродлару лаззатларга эришадилар...?
Овоз бериб муаззин, турди қомат айлади, Каъбага ўгирди юзин, ҳам-да ният айлади. Эшитиб аҳли иймон, ҳурмат билан тинглади, Сўнгра намозга туриб, ҳаққа қуллик айлади.
Сура ва дуоларни бошқа алифбо билан ёзса бўладими?
Сураларни ва дуоларни лотин ва кирил ҳарфларида тўғри ёза олиш учун ҳар қанча ҳаракат қилинса ҳам асл маҳражларини ифодалаб бўлмайди. Лотин ёки кирил ҳарфларига қанақа ишорат қўйишдан қатъи назар, сура ва дуоларни ўзи бўйича тўғри ўқиш, ҳеч ҳам мумкин эмас. Буларни Қуръон-и Каримдаги ҳарфлардай ўқий олиш учун, биладиган одамнинг ўқитиши ва қайта-қайта такрорлатиб тилни кўниктириш, ўргатиш керак. Бу кўниктириш иши албатта шарт бўлганига кўра, биладиган одам учун, ўқувчига тўғридан-тўғри Қуръони Карим ҳарфларини танитиш ва ўргатиш имкони ва неъмати туғилади. Бу неъматнинг аҳамиятини, дунёдаги ва охиратдаги фойдаларини ҳадиси шарифлар ва фиқҳ китоблари узун-узун изоҳ этиб, савобининг кўплигини билдирмоқдалар.
У ҳолда, ҳар бир мусулмон фарзандини масжидларга, қуръон-и карим дарсларига юбориши лозим, фарзандларга қуръони карим ҳарфларини ва буларнинг қандай ўқилишини яхшилаб ўргатишлари ва ўша катта савобга эга бўлиш учун ҳаракат қилишлари керак. Бир ҳадиси шарифда: «Фарзандларига Қуръони Карим ўргатадиганларга ёхуд Қуръони Карим муаллимига юборадиганларга, ўргатилган Қуръонининг ҳар бир ҳарфи учун, ўн марта Каъбаи муаззама зиёратининг савоби берилади ва қиёмат куни бошига давлат тожи кийдирилади. Бутун инсонлар кўриб ҳавас қилишади.», - деб марҳамат қилинди. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Фарзандларига динини ўргатмайдиганлар албатта жаҳаннамга кетишади», - дейилди.
Сафарда намоз
Ҳанафий мазҳабида бўлган бир кимса, ўн беш кундан оз қолиш нияти билан 104 (юз тўрт) километр ёки ундан ҳам узоқроқ бир манзилга сафар қилса, мусофир, яъни "сафарий” бўлади. Сафарий ёки мусофир, йўловчи демакдир. Сафарий бўлган кимса, тўрт ракъатлик фарзларни икки ракъат қилиб ўқийди. Муқим (сафарий бўлмаган) имомга иқтидо қилса, яна тўрт ракъат қилиб ўқийди. Сафарий имом бўлса, икки ракъатдан кейин салом бериб намоздан чиқади. Унга иқтидо қилган муқим жамоат эса, уч ва тўртинчи ракъатларни ўқиб, тўртга тамомлайди.
Сафарий, маҳси устига уч кеча-кундуз масҳ торта олади. Рўзасини буза олади. Лекин сафарда қийналмаётган бўлса, рўзасини бузмаган афзалроқдир. Сафарийга қурбонлик сўйиш вожиб эмас. Жума намозини ўқиш ҳам фарз бўлмайди.
Тўрт ракъатлик намоз вақтининг охирида сафарга чиққан кимса, ҳали намозини ўқимаган бўлса, икки ракъат қилиб ўқийди. Бироқ намоз вақтининг охирида ватанига қайтган сафарий, ўша намозини йўлда ўқимаган бўлса, ватанига киргани учун тўрт ракъат қилиб тўлиқ ўқийди.
«Неъмати ислом» деган мўтабар китобда: «Нофила намозларини оёқда ўқишга қурби етган ҳолда, ўтириб ўқиш, ҳамма вақт ва ҳамма жойда жоиздир. Ўтириб ўқиётганда рукуъ учун гавдани эгиш, сажда учун эса, бошни ерга қўйиш керак. Лекин ҳеч қандай узри бўлмаган кимса, нофилаларни ўтириб ўқиса, оёқда ўқиганларга нисбатан икки баравар кам савоб олади. Беш вақт намознинг суннатлари ва таровиҳ намози ҳам нофила намоздир. Йўлда, яъни шаҳардан ва қишлоқдан ташқарида нофила намозларни улов устида ўқиш, жоиздир. Қиблага ўгирилиш, рукуъ ва сажда қилишнинг ҳожати йўқ. Имо билан ўқилади. Яъни рукуъ учун бироз эгилиб, сажда учун эса рукуъдагидан кўпроқ эгилади. Уловининг устида ёки ўз баданида кўпроқ нажосат бўлиши намозга монеълик қилмайди. Ерда нофила ўқиётган кимса, чарчаса ёки мажолсизлашса, ҳассага, деворга, ҳамроҳига суяниб ўқиши жоиздир. Пиёда юриб кетаётиб, намоз ўқиш саҳиҳ эмас.»
Фарз ва вожиб намозларини зарурат бўлмагунча, улов устида ўқиш жоиз эмас. Фақат, узрли ҳоллардагина ўқилиши мумкин. Зарурат бўлган узрлар: Жони, моли ва улови учун қандайдир бир хавф туғилса; Уловдан тушган тақдирда йўлдошларининг уни кутмасдан кетиб қолиш хавфи бўлса; Уловдан тушган тақдирда уловининг йўқолиш, уловдаги ашёнинг ёки ёнидаги молнинг ўғирланиш хавфи бўлса; Касалманд бўлсаю, уловдан тушиш-миниш касаллигини орттирадиган бўлса; Тушгандан кейин уловига қайтадан минолмайдиган бўлса; Ҳамма тараф лой, ёмғир бўлиб, ҳеч намоз ўқийдиган жой тополмаса; Душман хавфи бўлса, узрли бўлиб ҳисобланади.
Юқоридаги сабаблардан бири билан намозини улов устида ўқишга мажбур бўлган кимса, иложи бўлса, уловини қиблага қаратиб тўхтатиб қўйиб ўқиши керак. Иложи бўлмаса, қайси тарафга кетаётган бўлса, ўша тарафга қараб ўқийди. Улов устига ортилган катта сандиқ каби маҳмил дейиладиган катта қутилар устида намоз ўқиётганда ҳам юқоридаги шартларга риоя ва қулайликлардан истифода қилинади. Улов тўхтатилиб ҳалиги маҳмил дейиладиган сандиқнинг тагига тирак қўйиладиган бўлса, супа ёки стол ҳукмига ўтади ва устида ўқиладиган намоз, ерда ўқилган бўлиб ҳисобланади. Бу шартларда қиблага қараб, оёқда ўқилиши керак. Уловидан туша оладиган кимса, фарз намозларини маҳмилда ўқиши жоиз эмас.
Жаъфар тайёр ҳазратлари ҳабашистонга кетаётганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратларидан кемада намоз ўқиш хусусида қуйидагиларни ўрганган эдилар: Ҳаракат ҳолидаги кемада фарз ҳам, вожиб ҳам тарк этилмасдан ўқилади. Кемада жамоат билан ўқилса ҳам бўлади. Сузиб кетаётган кемада имо-ишорат билан намоз ўқиш жоиз эмас. Ҳар намознинг рукуъ ва саждаси тўлиқ бажарилиши, қиблага қараб ўқилиши шарт. Намоз бошида қиблага қаралиб турилади. Намоз давомида кема қибла истиқоматидан буриладиган бўлса, намозхон ҳам намоз ичида аста секин қибла тарафга бурилади. Кемада нажосатдан таҳорат ҳам албатта лозим. Имоми аъзам абу ҳанифа ҳазратларига кўра, ҳаракат ҳолидаги кемада фарз намозларни узрсиз бўлганда ҳам, ўтириб адо этиш жоиз.
Денгиз ўртасида тўхтаб турган кема кўп чайқалаётган бўлса, ҳаракат ҳолидаги кема ҳукмида бўлади. Билинар-билинмас чайқалаётган бўлса, соҳилда тўхтаб турган кема ҳукмида бўлади. Соҳилда турган кемада эса фарз намозларини ўтириб ўқиш асло жоиз бўлмайди. Агар қуруқликка чиқиш имкони мавжуд бўлса, фарзларини оёқда ўқиш ҳам саҳиҳ бўлмайди. Қуруқликка чиқиб ўқиш шарт бўлади. Моли, жони ёки кеманинг кетиб қолиш хавфи бўлса, кемада тик туриб ўқиш, жоиз бўлади.
Ибни Обидин ҳазратлари айтадиларки: «икки ғилдиракли бўлиб, уловга боғланмагунча текис туролмайдиган аравалар ҳам улов бўлиб ҳисобланади. Бу араваларда тўхтаб турганда ҳам, кетаётганда ҳам намоз ўқишнинг ҳукми, улов устида ўқиш кабидир. Тўрт ғилдиракли арава тўхтаб турганида супа ёки стол ҳукмидадир. Ҳаракат ҳолида эса, улов учун керакли юқорида билдирилган узрлар бўлгандагина, фарз ўқилиши мумкин. Бу шартларда аравани тўхтатиб қўйиб, қиблага қараб ўқийди. Тўхтатолмаса, сузаётган кемадагидек қилиб ўқийди.» ҳаракат пайтида қиблага қараб туролмайдиган мўмин, шофиъий мазҳабини тақлид қилиб, икки намозини жам (бир вақтда бирлаштириб) қилиб ўқийди. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, истиқболи қибла (қиблага ўгирилиш) фарзи соқит бўлади. Стулда, креслода, ўриндиқ ва шунга ўхшаш ўтиришга мосланган нарсаларда ўтириб, имо-ишорат билан намоз ўқиш ҳеч кимга жоиз эмас. Автобусда, учоқда (тайёра), автомобилда намоз ўқиш, аравада ўқиш деганидир. Демак, аравада намоз ўқиш учун қанақа рухсат ва енгиллик берилган бўлса, автобус, поезд, учоқ ва енгил автомобилда ҳам ўша шартларга риоя қилиш керак. Ўша воситаларда юқоридаги шартларга риоя қилиб, яъни тик туриб ўқишнинг имкони бўлмаслиги, ўтириб ўқишни ҳеч қачон ва ҳеч кимга жоиз қилмайди, ўтириб ўқишга баҳона бўлолмайди.
Фарз ва вожиб намозларини сафарда иложи борича уловда; восита (транспорт)да ўқимаслик керак. Зарурат бўлган пайтда воситаларни тўхтатиб, қиблага қарши тик туриб ўқиш керак бўлади. Шунинг учун воситага минмасдан аввал керакли тадбирларни олиш, керакли инсонлар билан келишиб олиш даркор.
Автобусда, поездда, тайёрада, тўлқинли денгиздаги кемада намоз ўқиётган кимсанинг кўкраги қибла томондан ўгирилса, намози бузилади. Шунинг учун бу кимса, сажда жойининг ёнига компас қўйиши ва шунга қараб қибла тарафига ўгирилиб туриши керак. Булар фарз ва вожиб намозларига тегишли ҳукмлардир. Автобусда, поездда, автомобиль ва тўлқинли денгизда қиблага ўгирила олмайдиганларнинг фарз намозлари жоиз бўлмагани учун булар сафар давомида қиблага қараб ўқиш имконини топган вақтларда шофиъий мазҳабини тақлид қилган ҳолда, пешин билан асрни алоҳида ва шом билан хуфтонни алоҳида жам этиб ўқишлари мумкин. Яъни сафарда бу икки жуфт намозни, ўз жуфти билан кетма-кет ўқишлари мумкин. Чунки, шофиъий мазҳабида, 80 кмдан узоқ давом этадиган сафарларда, асрни пешин намози вақтига хуфтонни шом намози вақтига тақдим қилиб (илгари олиб) ўқиш, ёхуд пешинни аср вақтига, шомни хуфтон вақтига та’хир қилиб (кейинга олиб) ўқиш жоиз. Шунинг учун ҳанафий мазҳабида бўлган кимса, йўлда қиблага ўгирила олмайдиган бўлса, йўлга чиққач кундуз бирон жойга тўхтаганларида пешин вақтида пешин намозини ўқиб бўлгач, дарров аср намозини ҳам ўқиши керак. Кечаси тўхтаганида эса, хуфтон вақтида аввал шомни кейин хуфтонни ўқиб олади. Бу тўртта намозга ният қиларкан: «шофиъий мазҳабини тақлид қилиб адо этишга, ўқишга...» - деб қалбидан ўтказади. Йўлга чиқмасдан аввал ёки сафардан кейин икки намозни бир вақтга жамлаш жоиз эмас.
Хасталикда намоз
Таҳоратни бузадиган нарсалардан бирортаси давомли равишда содир бўлиб турса, бунга "узр" дейилади. Бавл, ич суриши, ел тутолмаслик, бурун қонаши ва ярадан қон, сариқ сув оқиши, шишдан, оғриқдан кўз ёши оқиши каби ҳолатлар бир намоз вақтида тўхтовсиз бўлиб турса, ўша кимса ва истиҳоза қони оқаётган аёл, узрли бўлишади. Устини беркитиш билан, дори-дармон билан ёки намозини ўтириб ёхуд имо билан ўқиш орқали юқоридаги узр ҳолини кетказиш керак. Бавлини (сийдик) тутолмайдиган эр киши, бавл йўлига арпадек пахтани юмалоқлаб тиқади. Бу пахта кам сизаётган бавлни шимиб олиб бадандан ташқарига чиқишига тўсқинлик қилади. Шу йўсин таҳорат бузилмайди. Тиқилган пахта хожатга борганда чиқиб кетади. Агар бавл кўп сизаётган бўлса, ортиғи пахтадан ўтиб, ташқарига сизади ва таҳорат бузилади. Пахтадан сизаётган бавл, ич кийимни кирлатмаслиги лозим. Аёллар олдиларига китобларда курсуф деб юритиладиган бирон латта қўйишлари лозим. Бавл сизишини тўхтата олмасалар, ҳарбир намоз учун алоҳида таҳорат олиб, намозларини шундай адо этишади. Узрли кимса, бу таҳорат билан вақт чиққунча қуръони карим ушлаши, фарз, нофила ва қазо ўқиши мумкин. Намоз вақти чиққанида таҳорат ўзлигидан бузилади. Вақт чиқмасдан аввал, узрдан бошқа, бирон таҳорат бузувчи ҳодиса рўй берса, таҳорат бузилади. Масалан: бурун тешикларининг биридан қон оқаётгани баҳона қилиниб узр билан таҳорат олингандан кейин иккинчи тешикдан ҳам қон кела бошласа, таҳорат бузилади. Чунки, биринчи тешикдан келаётган қон узр сифатида қабул қилинган эди. Иккинчи тешикдан оққан қон эса узр ташқарисида, ўзга таҳорат бузувчи ҳодисадир. Узр соҳиби бўлиш учун таҳорат бузувчи бир ҳодиса, бир намоз вақти бўйича тўхтамасдан содир бўлиб туриши керак. Таҳорат олиб, ўша вақтнинг фарзини ўқишга етадиган маълум вақт қадар сақлай оладиган кимса, узрли ҳисобланмайди. Моликий мазҳабининг бир қавлига кўра, таҳорат бузувчи ҳодисалардан битта томчи оқса ҳам узрли бўлишга кифоя қилади. Узрли бўлгач, яъни таҳорат бузадиган сабаблардан бири, намоз вақти давомида ҳеч узликсиз такрорланиб турган кимса, кейинги намоз вақти ичида узр жойидан бир томчи бўлса ҳам оққанини кўрса, узр ҳоли ҳамон давом этаётган бўлади. Бу кимса, узрлилар учун билдирилган қулайликлардан бемалол фойдаланиши мумкин. Бир намоз вақти давомида ҳалиги жойидан ҳеч қанақа томчи чиқмаса, узр ҳоли тугаган бўлиб ҳисобланади. Узрдан оққан нажосат, кийимга бир дирҳам миқдоридан кўпроқ юқса ва яна юқишининг олди олиниши мумкин бўлса, ҳалиги нажосат теккан жойни ювиш керак бўлади.
Ғусл олганида, хасталанишдан ёки касалининг оғирлашишидан ёхуд соғайиш муддати узайиб кетишидан хавотирланган кимса, таяммум қилади. Бу хавфсираш, кишининг ўз тажрибаси билан ёки мусулмон, ишонарли докторнинг кўрсатмаси бўлгандагина, эътиборга олинади. Фисқи, гуноҳи ва алдамчилиги овоза бўлмаган доктор ёки табибнинг кўрсатмалари ҳам инобатга олинади. Совуқ бўлиб, турар жойи, бош-панаси бўлмаслик, сув иситадиган имконларга эга бўлмаслик ва шаҳарда ҳаммом учун пул тополмаслик каби хусуслар хасталанишга сабаб бўлиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида бир марта қилинган таяммум билан хоҳлаганча фарз намози ўқилиши мумкин. Шофиъий ва моликийда эса, ҳар бир фарз намози учун аоҳида таяммум қилиш керак.
Таҳорат аъзоларидан ярми яра бўлган кимса, таяммум олади. Яра, таҳорат аъзоларининг ярмидан камроғини қоплаган бўлса, у ҳолда соғлом аъзолар ювилиб, яралар устига масҳ тортилади. Ғуслда бутун бадан битта аъзо бўлиб ҳисоблангани учун, бутун баданнинг ярми яра ва жароҳат бўлган тақдирдагина, таяммум олинади. Яра жой баданнинг ярмидан кам бўлса, соғлом аъзолар ювилади ва яра устига масҳ тортилади. Масҳ ҳам ярага зарар берадиган бўлса, яра боғланиб, бинт устига масҳ тортилади. У ҳам зарарли бўлса, масҳ тарк қилинади. Таҳоратда ва ғуслда бошни масҳ қилиш зарар берса, бошга масҳ тортилмайди. Қўлсиз бўлгани ёки шол бўлгани учун сув ишлата олмайдиганлар, таяммум олишади. Юзини, қўлларини ерга ёки [оҳакли, тупроқли, тошли деворга] суришади. Қўл-оёғи бўлмаган кишининг юзи ҳам яра бўлса, намозини таҳоратсиз ўқийди. Таҳорат олишга ёрдамчи тополмаган кимса ҳам таяммум қилади. Бу кимсага фарзанди, хизматкори ва ёллаган одами таҳорат олдиришга мажбурдир. Бошқа инсонларни ҳам ёрдамга чақириши мумкин, лекин улар ёрдам беришга мажбур эмас. Эр-хотин ҳам бирбирларига таҳорат олдиришга мажбур эмаслар.
Қон олдириш ёки зулукка сўрдириш натижасида ҳосил бўлган ярага дока, мато боғланса ёки малҳам қўйилса; бу ярага совуқ сув ҳам, иссиқ сув ҳам текказиш мумкин бўлмаса ёки масҳ тортиш мумкин бўлмаса, таҳорат ва ғуслда ўша жойнинг ярмидан кўпроғига масҳ тортилади. Яра устидаги бинтни очиш зарарли бўлса, тагида қолган соғлом жойлар ювилмайди. Ўралган бинт орасидан кўриниб турган соғлом жойларга масҳ тортилади. Бинт ўрашдан аввал таҳорат олиш шарт эмас. Масҳ тортилгандан кейин бинт алмаштирилгудек бўлса, ёки устидан янгиси боғланса, янгиси устига масҳ тортиш ҳам шарт эмас.
Оёғида туролмайдиган даражада касал бўлган ёки тик турганида касаллигининг ортишидан ёхуд соғайиш муддатининг узайишидан хавфсираган кимса, намозини ўтириб ўқийди. Рукуъ учун бироз эгилади. Кейин қоматини тиклаб олиб, сўнгра сажда қилади. Шунақа узрли одамлар ўтиришда, ўзларига қулайроқ бўлганини танглашади. Чўккалаб ўтириш, болдиш қуриш, иҳтибо, яъни думбаси билан ўтириб тиззаларини юқорига кўтариб, қўллари билан қучиб ўтириш жоиздир. Бош, тизза ва кўз оғриғи ҳам, хасталик ҳисобланади. Тик турганида душманга кўриниб қолиш хавфи ҳам узр ҳисобланади. Оёқда намоз ўқиганида рўзаси ёки таҳорати бузиладиган узрли кимса, намозини ўтириб ўқийди. Бирор нарсага суянган тақдирдагина оёқда тура оладиган одам, намозини суянган ҳолда оёқда ўқийди. Яъни рукуъ учун бироз, сажда учун рукуъдагидан кўпроқ эгилади. Баданини энгаштиролмайдиган намозхон, ёлғиз бошини эгади. Бирор нарсанинг устига сажда қилиш дуруст эмас. Агар бирор баландроқ нарса устига сажда қилса ва сажда учун рукуъдагидан кўпроқ эгилса, намоз саҳиҳ бўлади, лекин макруҳдир. Суяниб ўтиришга қудрати етган ҳолда, ётиб имо қилиш жоиз эмас. Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам», бир касални зиёрат қилдилар. Касалнинг ёстиқни кўтариб, устига сажда қилганини кўриб, ёстиқни олдилар. Касал олдига тахта қўйиб устига сажда қилди. Уни ҳам олдилар ва «Агар кучингиз етадиган бўлса, ерга сажда қилинг! Кучингиз етмаса, имо қилинг ва сажда учун рукуъдан кўпроқ эгилинг! Ерга энгашолмасангиз, олдингизга бирор нарса қўйиб, устига сажда қилманг!»,- деб буюрдилар.
«Бахр-ур-роиқ» китобида билдирилганидек, Оли Имрон сураси 191-ояти каримасида маъолан: «Намозни кучи етадиганлар оёқда, ожизлар ўтириб ўқишади. Ундан ҳам ожиз бўлганлар эса, ётиб ўқишади» дейилган. Имрон бин Ҳусан хаста бўлганларида Расулуллоҳ «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» у кишига «Намозингизни туриб ўқинг! Кучингиз етмаса, ўтириб ўқинг! Унга ҳам мажолингиз етмаса, ён ёки чалқанча ётиб ўқинг!» – деб, буюрдилар. Бундан кўриниб турибдики, тик туролмайдиган хаста ўтириб ўқийди, ўтиролмайдиган эса ётиб ўқийди. Лекин стулда, курсида, ўриндиқда ўтириб намоз ўқишга рухсат берилмаган. Хаста одамнинг ёки автобус, поезд, тайёра ва автомобилда кетаётган одамнинг стулда, курсида, ўриндиқда ўтириб намоз ўқиши Исломиятга уйғун эмас. Масжидга борадиган бўлса, ҳолдан тойиб намозини тик туриб ўқий олмайдиган кимса, масжидга бормай уйда намозини тик туриб адо этади.
Қуйидаги 20та шартдан бирининг кам бўлиши жамоатга ёки масжидга бормаслик учун узр ҳисобланади:
Ёмғир; қаттиқ совуқ ва иссиқ; жонига ёки молига ҳужум қиладиган душман хавфи; йўлдошларидан ажралиб ёлғиз қолиш хавфи; жудаям қоронғу бўлиш; камбағал қарздорнинг ҳибсга олиниш хавфи; кўрлик; шол бўлиш; бир оёғи кесик бўлиш; касалликка; оёқ ва қўлнинг қувватсиз бўлиши; йўлнинг батқоқ бўлиши; ўзи юра олмаслик узри; юролмайдиган даражада қария бўлиш; муҳим ва кам насиб бўладиган фиқҳ дарсини ўтказиб юбориш хавфи; яхши кўрган таомига кўз қиёлмаслик; сафарга отланиш; ёлғиз ташлаб кетишнинг иложи бўлмайдиган оғир касалга қаровчи одамнинг ўрнига қўйиб кетиш учун ёрдамчи тополмаслиги; қаттиқ шамол бўлиши (хуфтон ва бомдодда); ҳожати қистаб туриш.
Касаллигининг ортишидан ёки соғайиш муддатининг узайишидан хавфсираган кимсалар; дармонсизликдан ёки қариликдан юриши қийин бўлган кимсалар Жума намозига бормасликлари мумкин. Юқорида саналган 20 та сабаб ҳам, Жума намозига бормаслик учун узр ҳисобланади.
Жамоатга ёки масжидга пиёда бориб-келиш, воситада бориб келишдан афзалдир. Масжидда курсида, стулда ўтириб имо билан ўқиш жоиз эмас. Исломда билдирилмаган ёки рухсат берилмаган тарзда ибодат қилиш "бидъат”дир. Бидъат аралаштириб ибодат қилишнинг не чоғли катта гуноҳ эканлиги бутун фиқҳ китобларида очиқча билдирилган.
Бирор нарсага суяниб ўтиролмайдиган касал, чалқанча ётган ҳолда; чалқанча ёта олмаса, ўнг тарафи билан ётиб, боши ила имо қилиб ўқийди. Қиблага ўгирила олмайдиган кимса, қайси тарафга ўгирилиши осон бўлса, ўша тарафга қараб ўқийди. Чалқанча ётган одамнинг боши тагига бирон нарса қўйиб, юзини Қиблага қаратиш керак. Ўша кимсанинг, оёқларини Қиблага узатиб ётмаслик учун тиззаларини букиб ётиши яхшироқ бўлади. Бошини қимирлатиб имо қилолмайдиган касалнинг намозларини кўзи билан имо қилиб ўқиши мумкин эмас. У кимса намозини қазога қолдиради. Намоз ўқиётганда касал бўлиб оғирлашиб қолган намозхон кучи етган тарзда намозини давом эттиради. Ўтириб ўқиётган хаста, намозда ўзини яхши ҳис қилгудек бўлса, ўрнидан туриб давом этади. Ақли шуури, хуши кетган кимса, намоз ўқимайди. Бешта намоз вақти ўтмасдан аввал ўзига келса, намозларининг қазосини ўқийди. Агар хушдан кетганидан ёки ақлдан, шуурдан озганидан кейин олтита намоз вақти ўтсаю сўнгра ўзига келса, қазога қолган намозларини ўқимайди. Уламодан кўпчилиги: «Қазо намози бўлганларга, қазоларини имо билан (бўлса-да) тезда ўташлари фарздир. Қазолари тугамасдан аввал ўлим ҳоли муқаррор бўлиб қолса, қарз намозларининг исқоти (соқит бўлиши) учун ўз молидан фидя берилишини васият қилиши вожиб бўлади. Васият қилмаса, меросхўри ёки хатто бегона одам ҳам ўз молидан исқот қилиши жоиз бўлади»- дейишган.
Ҳасан Ёвош Намоз китоби, Ҳақиқат китоб уйи, 1998
(www.uzislam.com) SAYTIGA MINATDORCHILIK BILDIRAMIZ |