Намоз ўқийдиганларнинг фазилатлари
Намоз ўқишнинг фазилатларини баён қилувчи ва уларга бериладиган савоблардан суюнчилар берувчи ҳадиси шарифлар беҳисобдир. Абдулҳақ бин Сайфуддин Деҳлавий ҳазратларининг "Ашиъот-ул-ламаъот” исмли китобларида намознинг аҳамиятини билдирувчи ҳадиси шарифлар нақл қилинган бўлиб, уларда бундай деб марҳамат қилинган:
1. Абу Ҳурайра «родияллоҳу анҳ» ривоят қиладилар. Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки: «Беш вақт намоз ва Жума намози келажак Жумагача бўладиган гуноҳларга; Рамазон рўзаси эса келажак Рамазонгача қилинадиган гуноҳларга каффоратдир. Бу ибодат, катта гуноҳдан тийиладиган кимсаларнинг кичик гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлади». Бу ибодатлар орасида қилинган гуноҳлар ичида қул ҳаққи бўлмаганлари, ўша ибодатларнинг ҳурматига ювилиб кетади. Кичик гуноҳлари ювилиб бўлгач, катта гуноҳларга бериладиган азобларнинг енгиллатилишига сабаб бўлади. Катта гуноҳларнинг кечирилиши учун алоҳида тавба қилиш ҳам керак. Катта гуноҳлари бўлмаса, унда бу ибодатлар унинг даражасининг ортишига сабаб бўлади. Бу ҳадиси шариф "Саҳиҳи Муслим”да билдирилган. Беш вақт намози қусурли бўлганларнинг кечирилишига, Жума намозлари сабаб бўлади. Жума намозлари ҳам қусурли бўлганларниг кечирилиши эса, Рамазон рўзасига боғланади.
2. Абдуллоҳ ибни Масъуд "родияллоҳу анҳ” баён қиладилар, Аллоҳу таолонинг энг кўп қайси амални ёқтиришини Расулуллоҳдан сўрадим. «Ўз вақтида ўқилган намоз», - деб жавоб бердилар. Баъзи ҳадиси шарифларда эса: «Вақтнинг аввалида ўқилган намозни ёқтиради», - деб марҳамат қилганлар. Ундан кейин қайси амални ёқтиришини сўрадим. «Ота-онага яхшилик қилишни», - дедилар. Ундан кейин-чи? деб сўраганимда, «Аллоҳ йўлида қилинган жиҳодни», - деб марҳамат қилдилар. Бу ҳадиси шариф, икки саҳиҳ китоб бўлмиш "Бухорий” ва "Муслим”да келтирилган. Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Амалларнинг энг яхшиси таом едирмоқдир» - дейилди. Бошқа биттасида эса: «Салом беришни ёйиш». Яна бошқасида: «Кечаси ҳамма ухлаётганда намоз ўқиш». Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, «Энг қийматли амал, қўлингдан ва тилингдан ҳеч кимнинг озор кўрмаслигидир» - дейилди. Яна бир неча ҳадиси шарифда: «Энг қийматли амал жиҳоддир», «Аллоҳу таолони зикр этмоқдир», «Давомли бўлган амалдир» ва «Энг қийматли амал ҳажжи мабрурдир», - деганлар, яъни гуноҳ аралаштирмасдан бажо келтирилган ҳаждир, деганлар. Албатта бу ҳадиси шарифлар турли маконларда, турли хил инсонларнинг саволларига ёки замонларига уйғун тарзда берилган жавоблардир. Масалан, Исломиятнинг бошларида энг қийматли амал жиҳод бўлган. [Замонамизда, амалларнинг энг афзали - ёзув билан, нашриёт билан кофирларга, мазҳабсизларга тегишли жавоблар бериш ва Аҳли суннат эътиқодини ёйиш бўлиб ҳисобланади. Мана шу йўл билан жиҳод қилаётганларга пул билан, бадан билан, хайр дуолари билан ёрдам берадиганлар, савобларга шерик бўлишади. Ояти карималар, ҳадиси шарифлар, намознинг закотдан ва садақадан устунроқ эканлигини исботлаб турибди. Лекин, ўлим тўшагида ётган кимсага бирон нарса бериб, уни ўлимдан қутқариш намоздан ҳам устунроқдир. Демакки, шартларига ва ҳолларига қараб амалларнинг бир-биридан устунлик даражаси ўзгариб турар экан].
3. Убода бин Сомитнинг "родияллоҳу анҳ” хабар беришларича, Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки: «Аллоҳу таоло беш вақт намоз ўқишни амр этди. Бир кимса, яхшилаб таҳорат олиб, бу намозларни вақтида рукуъларига ва хушуъларига риоя қилган ҳолда адо этса, Аллоҳу таоло ўша кимсани афв этишга ваъда берди. Намозларини тарк этадиганларга ҳеч қанақа ваъда берилмади. Уларни Аллоҳу таоло хоҳласа кечиради, хоҳласа озорлайди». Бу ҳадиси шарифни Имоми Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ҳазратлари билдирганлар. Кўриниб турибдики, намознинг шартларига рукуъ ва саждаларига риоя қилиш жудаям муҳимдир. Аллоҳу таоло ваъдасида тургувчидир. Тўғри намоз ўқийдиганларни албатта кечиради.
4. Асҳоби киромнинг машҳурларидан Бурайда Асламийнинг "родияллоҳу анҳ” хабар беришича, Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки: «Менинг сиз билан қилган аҳдномам - намоздир. Намозни тарк этадиган кимса, кофир бўлади.» Бундан намоз ўқийдиганларнинг мусулмон эканликлари маълум. Намозга аҳамият бермайдиган, намозни биринчи вазифа сифатида қабул қилмагани учун адо этмайдиган кимса, кофир бўлади. Бу ҳадиси шарифни Имоми Аҳмад, Термизий, Насоий ва Ибни Можа ҳазратлари билдирганлар.
5. Абу Зар Ғифорий ривоят қиладилар, куз кунларининг бирида Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” билан кўчага чиқдик. Япроқлар тўкилаётган мавсум эди. Пайғамбаримиз дарахтдан иккита новдани узиб олгандилар, барглари тўкилиб кетди. Бунга қараб «Ё Або Зар! Бир мусулмон, Аллоҳ ризосини кўзлаб намоз ўқиса, гуноҳлари мана шу япроқ мисоли тўкилади.», - деб марҳамат қилдилар. Бу ҳадиси шарифни Имоми Аҳмад ҳазратлари хабар берганлар.
6. Зайд бин Холид Жуҳаний ривоят қиладилар. Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки: «Бир мусулмон хушуъ билан икки ракъат намоз ўқиса, қилган гуноҳлари афв қилинур». Яъни Аллоҳу таоло унинг жами кичик гуноҳларини кечиради. Бу ҳадиси шарифни ҳам Имоми Аҳмад ҳазратлари билдарганлар.
7. Абдуллоҳ бин Амр ибни Ос бундай дейди: Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки: «Бир кимса, намозини адо этса, бу намоз Қиёмат куни нур ва бурҳон бўлур ва Жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлур. Намозини муҳофаза қилмаса, нур ва бурҳон бўлмайди ва нажот ҳам бўлмайди. Қиёматда эса Фир’авн, Қорун, Ҳомон ва Убай бин Халаф билан бирга бўлади».
Бундан кўриниб турибдики, бир кимса намозни фарзларига, вожибларига, суннатларига ва адабларига риоя қилган ҳолда адо этса, бу намоз қиёматда унинг нур ичида бўлишига сабаб бўлади. Мана шундай намоз ўқишга давом этмаса, қиёматда ҳадисда билдирилган кофирлар сафида бўлади. Яъни Жаҳаннамда шиддатли азобга маъруз қолади. Убай бин Халаф, Макка кофирларининг ашаддийларидан эди. Уҳуд жангида Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” муборак қўллари билан уни Жаҳаннамга юбордилар. Бу ҳадиси шарифни Имоми Аҳмад ва Доримий ҳазратлари билдирганлар. Байҳакий деган олим ҳам бу маълумотларни "Шуаъбул-иймон” исмли китобларида билдирганлар.
Тобеъиннинг буюкларидан бўлмиш Абдуллоҳ бин Шақиқ ҳазратлари айтадиларки: «Асҳоби киром "родияллоҳу анҳум” ибодатлар ичида фақатгина намознинг таркидан куфр содир бўлишини билдирдилар». Буни Термизий ҳазратлари билдирганлар. Абдуллоҳ бин Шақиқ Умар, Усмон, Али ва Оиша ҳазратларидан "родияллоҳу анҳум” кўпгина ҳадиси шариф ривоят этган бўлиб, ҳижратнинг юз саксонинчи йилида вафот этганлар.
8. Абуддардо "родияллоҳу анҳ” айтдиларки, жонимдан ҳам кўп яхши кўрадиган инсоним "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” менга буюрдиларки: «Қийма-қийма бўлсанг ҳам, ўтда ёқилсанг ҳам Аллоҳу таолога ҳеч нарсани шерик қўшма! Фарз намозларини тарк этма! Фарз намозларини билиб туриб тарк этган кимса, мусулмонликдан чиқади. Шароб ичма! Шароб бутун ёмонликлапрнинг онасидир!» Бу ҳадиси шарифни Ибни Можа ҳазратлари билдирганлар. Кўриниб турганидек фарзларга эътибор бермасдан тарк этган кимса, кофир бўлади. Танбаллик қилиб тарк этадиган кимса, кофир бўлмаса ҳам катта гуноҳ қилган бўлади. Намозни Исломият билдирган бешта узрдан бири бўлсагина фавт [тарк, кечиктириш] этиш гуноҳ бўлмайди. Шароб ва спиртли ичимликларнинг барчаси ақлни кетказади. Ақлсиздан ҳар нарса кутиш мумкин.
9. Абдуллоҳ ибни Умар "родияллоҳу анҳ” хабар бердилар. Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки: «Намозларини, вақтлар кирганда тезда ўқийдиганлардан Аллоҳу таоло рози бўлади. Вақтининг охирида ўқийдаганларни эса кечиради». Бу ҳадиси шарифни Термизий ҳазратлари билдирганлар.
10. Умми Фарва "родияллоҳу анҳо” хабар берадилар: Расулуллоҳдан "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” қайси амалнинг афзал эканлиги ҳақида сўралди. «Амалларнинг афзали вақтнинг бошида ўқиладиган намоздир» - деб жавоб бердилар. Бу ҳадиси шарифни имоми Аҳмад Термизий ва Абу Довуд ҳазратлари билдирганлар. Намоз ибодатларнинг энг устунидир. Вақти кирар-кирмас адо этилганида, устунлиги янаям ортмоқда. Ҳазрати Оиша "родияллоҳу анҳо” айтдиларки: "Расулуллоҳнинг, намозларини вақтининг охирида ўқиганларини икки марта қайта кўрмадим.” Яъни бутун умрлари бўйича намозларини атиги бир марта вақтининг охирида ўқиганлар.
11. Оиша "родияллоҳу анҳо” хабар бердиларки, «Расулуллоҳнинг "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” ҳеч тарк этмасдан давом этадиган нофила ибодатлари, бомдод намозининг суннати эди». Бу хабар ҳам "Бухорий”да, ҳамда "Муслим”да билдирилган. Бундан кўриниб турибдики, Оиша "родияллоҳу анҳо” беш вақт намознинг фарзлари ёнида бирга ўқиладиган суннат намозларига ҳам нофила намози демоқдалар.
Буюк Ислом олими, Аллоҳ ошиқларининг етакчиси, бидъатчиларга, мазҳабсизларга қарши Аҳли суннатнинг энг қувватли ҳомийси, Аллоҳу таолонинг севадиган динини бутун оламга ёйган, бидъатларни ва хурофаларни йўқ этган улуғ мужоҳид Имоми Раббоний мужаддиди алфи соний Аҳмад бин Абдул-Аҳад Форуқий Сарҳандий "раҳматуллоҳи алайҳ” ҳазратлари, Ислом динида мисли йўқ «Мактубот» исмли китобларининг 1-жилд, 29-мактубларида айтадиларки:
Аллоҳу таолонинг ризосига сабаб бўлгучи ишлар - фарзлар ва нофилалардир. Фарзлар ёнида нофилаларнинг ҳеч қандай қийматлари йўқдир. Бир фарзни ўз вақтида адо этмоқ, минг йил тинмасдан нофила ибодат қилмоқдан қийматлироқдир. Намоз, закот, зикр ва фикр каби ибодатларнинг нофилалари ҳам мана шу ҳукмга тобеъдир. Ҳатто, бир фарз ибодатни бажо келтираётганда, таркибидаги суннат ва адабларидан бирортасини ишлаш ҳам, бошқа нофилаларни адо этишдан юзларча марта афзалроқдир. Амирул-мўминин Умар-ул-Форуқ "родияллоҳу анҳ” бир куни бомдод намозларини ўқитганларида, жамоат ичида бир кимсани учрата олмадилар. У кишининг қаердалигини сўраганларида, "У ҳар кеча нофила ибодат билан машғул бўлади. Балки ухлаб қолиб жамоатга кела олмагандир,”- деган жавоб олдилар. Буни эшитган Умар-ул-Форуқ ҳазратлари: «Кошки, бутун кеча ухлаб, бомдод намозини жамоат билан ўқиса эди, қандай яхши бўлар эди», - дедилар. Кўриниб турибдики, бир фарзни адо этаркан, унинг ичидаги суннат ва адабларидан бирортасини бажо келтириш ва бир макруҳдан тийилиш, зикр, фикр ва муроқабадан ҳам афзалроқдир. Ҳа, бу нофила ибодатлар ўша адабларга риоя қилиш ва макруҳлардан тийилиш каби амаллар билан бирга адо этилса, албаттаки жудаям қийматли бўлади. Акси ҳолда, яъни фарзлар ва фарз ичидаги суннат ва адабларга риоя қилинмаган ҳолда нофила билан машғул бўлинса, унинг ҳеч қанақа қиймати бўлмайди. Шунинг учун, бир тийин закот бериш, мингларча сўм нофила садақа беришдан устун ва яхшироқдир. Закот сифатида берилган ўша бир тийинни бериш асносида, униг адабларига риоя қилиш, масалан яқин қариндош-уруғлардан бирига бериш амали ҳам, ҳалиги мингларча сўм нофила садақадан қат-қат даража устундир.
[Таҳажжуд намози ўқишни ният қилган кимсанинг кечаси қазо нияти билан қарз намоз ўқишининг афзалроқ эканлиги, бу мисолдан ҳам очиқча англашилмоқда]. «Мактубот» китоби форисийдир. Имоми Раббоний ҳазратлари 1034 [м.1624] йилда Ҳиндистоннинг Сарҳанд шаҳрида вафот этганлар. Ҳол таржималари "Ҳақ сўзнинг васиқалари”, "Саодат-и Абадийя” ва "Асҳоби Киром” ва форисий "Баракот” исмли мўтабар китобларда батафсил ёритилган.
Намознинг ҳақиқати
Буюк ислом олими Абдуллоҳ Деҳлавий "раҳматуллоҳу алайҳи” "Макотиби шарифа” китобининг 85-мактубида бундай демоқдалар:
«Намозни жамоат бирлан "Тумонийнат”иға, рукуъ сўнграси "Қавма”сига ва икки сажда орасидаги "Жалса”сига риоя қилғон ҳолда ўқимоқ, бизларга Аллоҳу таолонинг Пайғамбари тарафидин билдирилди. Қавма ва жалсанинг аҳамиятига биноан, унга "фарз”- деган олимлар ҳам бўлғон. Ҳанафий мазҳабининг азиз муфтийларидан бўлмиш Қодихон(Қозихон)ҳазратлари, бу иккаласининг вожиб эканлигини; намозда унутғонда, саждаи саҳвқилмоқ ва қасддан тарк этилғонида эрса, намозни янгидан ўқимоқ кераклигини билдирмишдур. Муаккад суннат бўлғонини сўйлаган олимлар ҳам буни, "вожибга яқин суннат”- деб таъриф қилмишлар. Суннатни менсинмасдан тарк этиш куфрдир. Намознинг қиёми, рукуъи, қавмаси, жалсаси, саждалри-ю ташаҳҳудида, руҳга ҳузур бергучи, алоҳида алоҳида ва ўзгача кайфиятлар, ҳоллар ҳосил бўлур. Бутун ибодатлар, намоз ичинда жамланмишдир. Қуръони карим ўқимоқ, тасбиҳ айтмоқ, саловат келтирмоқ, гуноҳларга тавба истиғфор қилмоқ, ва эҳтиёжларни ёлғиз Аллоҳу таборак ва таолодин истайиб, фақат Анга дуо қилмоқ каби ибодатлар ҳам намозда жам қилинмишдур. Табиатда дарахтлар ва ўт-ўланлар, худди қиёмдагидек тик турубдирлар. Ҳайвонлар рукуъ ҳолинда, жонсизлар эрса намознинг қаъдасида ўтирғон янглиғ ерга узанмишлар. Намоздаги мўмин эрса, уларнинг жами ҳаракатларини, намозда мужассам қилиб, адо этмоқда.
Намоз, меърож кечасинда фарз қилинди ким, ўшал кеча меърожға чиқмоқ шарафига муяссар бўлғон Аллоҳнинг севгили Пайғамбариға эргашмоқни ният қилиб, намоз ўқиғон бир мусулмон, ўшал буюк Пайғамбардек, Аллоҳга яқлаштиргучи мақомларга юксалур. Аллоҳу таоло ва Унинг севгили Пайғамбарига қарши адаб бирлан, хушуъ бирлан намоз ўқигучи кимасналар, бу мартабаларга юксалмиш бўлғонларини ҳис қилгайдурлар. Аллоҳу таборак ва таоло ва Пайғамбари, бу умматға раҳм қилиб, намозни фарз қилмишлар. Анинг учун Раббимизга ҳамд ва шукурлар бўлсин! Унинг севгили Пайғамбарига салавот, таҳийёт ва дуолар бўлсин! Намоз ўқиётганда ҳосил бўладурғон сафо ва ҳузурнинг қаршисинда ҳайрон қолмасликни ҳеч иложи йўқ. Устодим Мазҳари Жон-и Жонон ҳазратлари айтғонларки: "Намозда Аллоҳу таолони кўриш мумкин бўлмаса-да, худди Ани кўраётган каби бир ҳолат ҳосил бўлмоқдадур.” Бу ҳолнинг ҳақиқат эканлигини тасаввуф улуғлари иттифоқ бирлан билдирмишдур.
Исломиятнинг бошларинда, намоз Қуддус тарафға қараб ўқилур эрди. Байтул-муқаддас (Қуддус)ни қўюб, Иброҳийм алайҳиссаломни қибласига (Каъба) ўгирилмоқ амр қилинғон пайтда, Мадинада яҳудийлар ғазаб қилдилар: "Байтул-Муқаддасга қараб ўқиғон намозларинг эмди нечук бўлғай?” Бақара сурасининг 143-ояти каримаси келубон: «Аллоҳу таоло иймонларингизни зое қилмас», - деб намозларнинг савобсиз қолмаслиги билдирилди. Ушбу ояти каримада намоз, «Иймон» калимаси бирлан таъбир қилинди ким, мундин «Намозларни суннатлариға риоят қилмасдан ўқимоқ, Иймонни зое қилмоқ турур», маъниси англашилмиш бўлди. Расулуллоҳ жанобимиз "саллаллоҳу алайҳи ва саллам”: «Кўзимнинг нури ва лаззати намоздадур»,- дебон марҳамат қилғонлар. Бу ҳадиси шариф, «Аллоҳу таоло, намозда зоҳир ва мушоҳада бўлинур. Андоқ бўлғоч, кўзимға роҳатлик келмоқда.» маъносиға келур. Бир ҳадиси шарифда: «Ё Билол! Мени бир роҳатлантир»,- дебон марҳамат қилмишлар. Бу эрса, «Эй Билол, Азон ўқиб, иқомат келтуриб менинг кўнглимни шод айлагил»-маъносини англатур. Намоздин ўзга нимарсаларда ҳузур-ҳаловат ахтарғон киши, мақбул қул эрмас. Намозни зое қилғон, қўлдан бой берган кимасна, бошқа бутун ибодатларини, тағи дин ишларини ҳам бой бермиш, ҳароб қилмиш саналур».
Намоз улуғ амрдир
Одам алайҳиссаломдан бери, бутун самовий динларда вақт намозлари бор эди. Буларнинг ҳаммаси тўпланиб, Муҳаммад алайҳиссалом умматига фарз қилинди. Намоз ўқимоқ, иймоннинг шарти эмас. Лекин, намознинг фарз эканлигига ишониш иймоннинг шартидир.
Намоз, диннинг устунидир. Намозларини ҳеч тарк этмасдан, тўғри ва дуруст ўқишга давом этадиган мўмин, Ислом биносини қуриб, динини мустаҳкамлаб, уни оёқда тик тутган бўлади. Намозини ўқимайдиганлар эса, динини бузиб, Ислом биносини йиқитган бўлади. Пайғамбаримиз "саллаллоҳу алайҳи ва саллам”: «Динимизнинг боши намоздир»- деганлар. Бошсиз инсон бўлмаганидек, намозсиз дин ҳам бўлмайди.
Намоз, Ислом динида иймондан кейин фарз қилинган биринчи амрдир. Аллоҳу таоло қулларининг фақат Унга ибодат этишлари учун намозни фарз қилди. Қуръони каримнинг юздан кўп оятида "Намоз ўқингиз!”- деб такрорланмоқда. Ҳадиси шарифда: «Аллоҳу таоло, ҳар куни беш вақт намоз ўқишни фарз қилди. Бунга эътибор берган ҳолда, бутун шартларини бажо келтириб, қусурсиз ҳар куни беш вақт намоз ўқийдиган кимсани жаннатга киргазишини ваъда қилди.»- дейилди.
Намоз, динимизда бажарилиши амр қилинган жамиъ ибодатлар ичра энг қийматлисидир. Бир ҳадиси шарифда: «Намоз ўқимайдиганларнинг, Исломдан ҳеч насиби йўқдир!»- дейилди. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:«Мўмин билан кофирни ажратиб турувчи фарқ - намоздир.»- дейилди. Яъни мўмин намоз ўқийди, кофир эса ўқимайди. Мунофиқлар эса баъзан ўқийди, баъзан эса йўқ. Мунофиқлар дўзахда (Жаҳаннам) кўп азоб чекишади. Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтдиларки:«Намоз ўқимаганлар, қиёмат куни Аллоҳу таолони дарғазаб ҳолида кўрадилар.»
Намоз ўқиш, Аллоҳу таолонинг буюклигини ўйлаб, Унинг қаршисида ўзининг қанчалик заиф эканлигини тушуниб етмоқдир. Буни тушунган одам, ҳамма вақт яхшилик қилишга ҳаракат қилади. Ҳеч қачон ёмонлик қилолмайди. Ҳар куни беш марта Аллоҳнинг ҳузурига чиқишни ният қилган кимсанинг қалби, ихлос билан тўлади. Намозда бажарилиши буюрилган ҳар бир ҳаракат, қалбга ва баданга фойда келтирмоқда.
Масжидларда жамоат билан намоз ўқиш, мусулмонларнинг қалбини бир бирига боғлайди. Ораларида меҳр-оқибат туйғуларининг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бир-бирларига қардош ва биродар эканликларини англатади. Катталар кичикларга раҳмдил, кичиклар катталарга ҳурматкор бўлишади. Бойлар камбағалларга ва соғлом кимсалар беморларга ёрдам этадиган бўлишади. Соғлом кимсалар, касал бўлганларни масжидда учрата олмаганлари сабаб, хабар олиш учун уйларига йўқлаб борадилар. Зиёрат қилиш учун сўраб суриштирадилар. «Дин қардошининг ёрдамига чопадиганларнинг ёрдамчиси Аллоҳу таолодир.»ҳадиси шарифидаги суюнчига муяссар бўлиш учун яришадилар.
Намоз, инсонларни ёмон, чиркин, ифлос ва таъқиқланган тубан нарсалардан узоқ тутади. Гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда: «Беш вақт намоз, уйларингиз ёнидан оқадиган ариқ кабидир. Бир кимса, ўша ариқда ҳар куни беш марта чўмилса, баданида кир қолмаганидек, беш вақт намоз ўқиганнинг ҳам кичик гуноҳлари ювилади.»- деб марҳамат қилинди.
Намоз, Аллоҳу таолога ва Расулига иймондан кейин бутун амал ва ибодатларнинг энг устунидир. Шунинг учун намозларни фарз, вожиб, суннат ва мустаҳабларига риоя қилган ҳолда адо этиш керак. Пайғамбаримиз "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” бир ҳадиси шарифларида бундай дедилар:
«Эй уммат ва асҳобим! Шартларига бутунлай риоя қилиб ўқиладиган намоз, Аллоҳ ёқтирадиган бутун амаллардан устундир. Бундай намоз, Пайғамбарларнинг суннатидир. Малакларнинг яхши кўрадиган нарсасидир. Маърифатнинг, ер ва осмоннинг нуридир. Баданнинг қуввати, ризқларнинг баракотидир. Дуонинг қабул бўлишига воситадир. Ўлим малагига қарши ҳимоячидир. Қабрда ҳимоячидир. Мункар ва Накир (деган сўроққилувчи малаклар)га жавобдир. Қиёмат куни тепасида саябон. Дўзах(жаҳаннам) ўтидан сақловчи девор. Сирот кўпригидан яшин каби ўтказиб қўйгучидир.
Жаннат калити ва жаннатда бошига тождир. Аллоҳу таоло, мўминларга Намоздан ҳам улуғроқ, аҳамиятлироқ нарса бермаган. Агар намоздан ҳам қийматлироқ ибодат бўлса эди, аввало ўшани берарди.Зеро, малакларнинг баъзилари тик турган ҳолда, давомли қиёмдалар, баъзиси рукуъда, баъзиси саждада, баъзилари эса ташаҳҳудда ўтирибдилар. Аллоҳу таоло буларни бир ракъат намозда тўплаб, мўминларга ҳадя этди. Зеро, намоз иймоннинг боши, диннинг устуни, Исломнинг қавли ва мўминнинг меърожидир. Осмоннинг нури ва жаҳаннамдан қутқаргучидир.»
Бир куни ҳазрати Алининг "карамаллоҳу важҳаҳ” аср намозлари ўтиб кетган эди. Бундан шунчалик изтироб чекдиларки, ўзларини тошларга уриб, йиғлаб фарёд этдилар. Расулуллоҳ жанобимиз, унинг бу ҳолидан хабар топган заҳоти, асҳоблари билан у кишининг ёнига келдилар. Аҳволларини кўргач, коинотнинг сарвари бўлган Пайғамбаримиз ҳам йиғлай бошладилар. Аллоҳга ёлвориб дуо этдилар. Бу аснода, қуёш қайтадан кўтарилди. Расулуллоҳ "саллаллоҳу алайҳи ва саллам”: «Ё Али! Бошингни кўтаргин, қара қуёш ҳали ботмабди.»дедилар. Ҳазрати Али "родияллоҳу анҳ” бунга жудаям севиндилар ва намозларини адо этдилар.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ "родияллоҳу анҳ” бир кеча кўп ибодат этганларидан уйқу босиб, витр намозлари ўтиб кетган эди. Бомдод намозида Пайғамбаримизнинг орқаларидан масжидга келиб, фарёд қилдилар: «Ё Расулуллоҳ! Фарёдимга етишинг, витр намозим ўтиб кетди»,- деб йиғлаб ёлвордилар. Расулуллоҳ жанобимиз ҳам бу ҳолга ачиниб, йиғлай бошладилар. Бу пайтда Жаброил "алайҳиссалом” келиб: «Ё Расулaллоҳ! Сиддиққа айтинг, Аллоҳу таоло уни кечирди.»- деди.
Авлиёнинг буюкларидан Боязиди Бистомий "қуддиса сирруҳ” ҳазратлари бир кеча уйқу оғир келиб, бомдод намозига уйғона олмадилар. Кейин пушаймон бўлиб шунчалик кўп йиғладиларки, ғойибдан бир овоз: «Эй Боязид! Бу қусурингни кечирдим. Бу тавбанг туфайли сенга яна етмиш минг намоз савобини бердим.»- деди. Бир неча ойдан кейин, бомдод вақтида яна уйқу бостирган эди. Шайтон келиб муборак оёқларидан туртиб уйғотди ва "Тур, намоз вақтинг ўтиб кетади.”- деди.
Боязид Бистомий ҳазратлари ҳайратланиб сўрадилар: "Эй малъун, сен қачондан бери хайрли ишга қўл урадиган бўлдинг? Ҳамманинг намоз вақти ўтиб кетишини хоҳлардинг-ку. Мени нега уйғотдинг?” Шайтон: "Сен бомдод намозини ўтказиб юборган кунинг шунчалик йиғладингки, эвазига етмиш минг намоз савоби олдинг. Мен шуни ўйлаб, сени намозга турғаздим, токи бир намоздан ортиқ савоб олмагайсан. Йўқса яна етмиш минг намоз савобини олардинг!”- деб жавоб берди.
Буюк авлиё Жунайди Бағдодий ҳазратлари буюрдиларки: "Дунёнинг бир соати қиёматнинг минг йилидан афзалдир. Зеро бу бир соатда яхши, солиҳ, мақбул ва савобли амал қилса бўлади, аммо қиёматнинг ўша минг йилида ҳеч нарса қилиб бўлмайди”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо "саллаллоҳу алайҳи ва саллам” дедиларки: «Бир кимса, бир намозни билиб туриб кейинги намоз вақти билан бирлаштирса, жаҳаннамда саксон ҳуқба ёнади.» Бир ҳуқба саксон охират йилига, охиратнинг бир куни эса, дунёнинг минг йилига тенг.
Шундай экан эй дин қардошим! Вақтингни бўш ва фойдасиз ишлар билан ўтказмагин, вақтнинг қийматини билгин. Вақтингни энг яхши, энг фойдали ишларга сарфлагин. Пайғамбаримиз "соллаллоҳу алайҳи ва саллам”: «Мусибатларнинг энг каттаси, вақтни фойдасиз нарсалар билан ўтказишдир»,- деганлар. Намозларингни кечиктирмай ўз вақтида ўқигинки, қиёмат куни пушаймон бўлмагайсан ва катта савобларга қовушгайсан! Ҳадиси шарифда бундай дейилди: «Бир намозни вақтида ўқимай қазога қолдирган кимса, ўша намозини қазо этмасдан аввал вафот этса, у кимсанинг қабрига жаҳаннамдан етмиш дарча очилиб қиёматгача азоб чекади». Бир намозни билиб туриб вақтида ўқимаган, яъни намоз вақти бўш ўтаётганига хафа бўлмаган кимса, диндан чиқади ёки ўлаётганида муртад бўлади, яъни иймонсиз кетади. Иймонсиз кетган кимсанинг тириклигида қилган бутун ибодатлари йўқ бўлади. Ўзи эса, кофирлар каби абадий дўзахда қолади. У ҳолда, намоз ўқиш ҳаёлига ҳам кириб чиқмайдиган, ҳар инсонга намоз ўқиш фарз эканлигига аҳамият бермайдиган ва "менинг кўнглим тоза”- деб, намозни ўзига вазифа билмайдиган бадбахтларнинг аҳволи нима кечади? Намозга аҳамият бермайдиган, уни вазифа деб билмайдиган кимсанинг «Муртад», яъни кофир бўлишини тўрт мазҳабнинг барча олимлари иттифоқ-ла билдирганлар. Намозни атайлаб ўқимайдиган, уни қазо этишни ҳам ўйлаб кўрмайдиган ва бунинг оқибатида азоб чекишдан қўрқмайдиган кимсанинг "муртад”, яъни кофир бўлиши, Абдулғани Ноблусий ҳазратларига оид "Ҳадиқат-ун-надия” китоби "Тилнинг офатлари” бўлимида очиқча билдирилган.
(Тафсир-и Муғний)да айтиладики, (Буюклардан бири шайтонга дедики, сен сингари малъун бўлишни хоҳлайман, бунинг учун нима қилишим керак? Шунда шайтон севиниб, сен мен сингари бўлмоқчи бўлсанг, намозга аҳамият берма, тўғри-ёлғон, ҳар бир нарсага қасам ич, яъни жуда кўп қасамлар ичавер, деди. У буюк киши ҳам, ҳеч бир намозни ташламайман ва бошқа қасам ҳам ичмайман, деди).
Ҳанбалий мазҳабида бирор намозни узрсиз ўқимаган киши мурдат каби қатл қилинади, ювилмайди, кафанланмайди ва жаноза намози ҳам ўқилмайди ҳамда мусулмонларнинг мазорига кўмилмайди. Унинг мазори белгиланмайди. Тоғда бир чуқурга ташланади. Шофий мазҳабида намоз ўқимасликда исрор қилган киши, мурдат бўлмаса ҳам жазоси қатлдир. Моликий мазҳабида ҳам бу масала шофийидаги каби эканлиги, (Ибни Обидин)да ва (Милал-ниҳол) таржимаси, олтмиш учинчи саҳифасида мазкурдирю. Ҳанафий мазҳабида эса, намозни бошлаганига қадар қамоққа ташланади ёки баданидан қон чиққанича урилади.
[Бироқ намозга аҳамият бермаган, уни вазифа, деб ҳисобламаган киши тўртала мазҳабга кўра ҳам кофир бўлади. Била туриб намоз ўқимаган, унинг қазосини ўқишни ўйламаган ва бу учун азоб чекишидан қўқрмаган киши ҳанафий мазҳабида ҳам кофир бўлиши ҳақида (Ҳадиқа)нинг тил офатлари қисмида келтирилган.]
|