Модный маникюр кўринишлари: плюслар ва минуслар Дўстга жўнатиш Когозга чикариш Маникюр аллақачондан бери мустаҳкам тарзда барча қизларнинг бьюти-жадвалига кириб бўлди, жуда омадлилари эса шахсий усталарига ҳам эга. Аммо аёллар вақт ўтиши билан қандайлир янги усулларни синаб кўришни исташади. Биз маникюрнинг энг оммавий кўринишларини синчиклаб ўрганиб чиқдик ва барча салбий ва ижобий тарафларини аниқлаб олдик. Марҳамат танланг! Кесик ёки классик маникюр Мамлакатимиздаги анча кенг тарқалган маникюр ҳисобланиб, уни Россиядаги кўпгина салонлар сизга таклиф қилади. Бажарилиш усули: Қуруқ тирноқлар эговланади, тирноқ устига ўсиб чиққан терига юмшатувчи крем сурилади. Сўнгра эса қўлларни илиқ сувда хушбўй мой ёки туз билан буғлантирилади, тирноқ усти териси махсус куракча билан сурилади ва муйчинак ёки қайчи билан олиб ташланади Тирноқлар атрофидаги терига махсус мой сурилади. Шундан кейин тирноқнинг устки қисми силлиқланади, асос, қоплама ва мустаҳкамлагич сурилади. Ижобий томонлари: Ҳатто энг қаровсиз қолган тирноқларни ҳам тезда тартибга тушира олади, муолажани уй шароитида ҳам амалга оширса бўлади. Салбий томонлари: Тирноқ устига ўсиб чиққан терини жароҳатлаш эҳтимоли кучли ва бундан келиб чиқиб қандайдир инфекциялар юқиши, тирноқ милклари шикастланиши мумкин. Яна тери кесилганида улар янада қўполлашиб ва тез ўсадиган бўлиб қолиши ҳақида фикрлар ҳам мавжуд Қуруқ ёки европача маникюр. Ҳар томонлама хавфсиз, номидан ҳам кўриниб турибдики, Европада, шунингдек АҚШда ҳам энг кўп тарқалган усул. Бажарилиш усули: Тирноқлар бироз эговланади, кейин тирноқ устига ўсиб чиққан терига таркибида сутли ва мевали кислота бўлган махсус суюқлик сурилади. У тирноқ атрофидаги нозик терини авайлаб юмшатади. Бир неча дақиқа кутилгандан кейин тери эҳтиёткорлик билан, эзмасдан апельсин дарахти ёғочидан ясалган таёқча билан силжитилади. Лак сурилганидан сўнг тирноқ усти териси ўсишини секинлаштирувчи мой қўлланилади. Ижобий томонлари: Жароҳатланиш эҳтимоли кам, кутикула анча секин ўсади, лак эса узоқ вақт сақланиб туради. Салбий жиҳатлари: Ҳаммага ҳам қўллаб бўлмайди - кучли қўполлашган терини бу усул билан тўғирлаб булмайди. Тирноқларнинг идеал кўриниши фақат доимий равишда салонга бориб турсангизгина кафолатланади. Французча маникюр Ўтган асрнинг 70-йилларида, аммо Фарнцияда эмас, Америкада Жеф Пинк томонидан кашф этилган. У бундай ном маникюрга кўпчиликнинг эътиборини жалб этади деб ўйлаб, янглишмаган. Бажарилиш усули: Тирноқларнинг барча устки қатламига тиниқ асос сурилади, тирноқ учига эса оқ лак сурилади. Оқ лакни суриш тирноқнинг ўнг томондаги ён учидан бошланади ва табассумни эслатадиган ярим доира ҳосил бўлиши учун чўткача тироноқнинг ўртасига олиб келинади. Чизиқларнинг текис чиқиши учун махсус наклейкалар - трафаретлар ишлатилади. Лак қуригандан сўнг, улар олиб ташланади, тирноқлар эса тўлалигача табиий тери рангидаги ёки оч пушти ранг билан қопланади. Охирида мустаҳкамловчи восита ишлатилади. Баъзида тирноқлар сунъий қимматбаҳо тошлар билан безатилади, оқ рангни эса исталган бошқа ранг билан ҳам алмаштирса бўлади. Ижобий томонлари: Барча вазиятларда қўл келади ва барча либоослар билан уйғунлашади. Тирноқларнинг табиий гўзаллигини акс эттиради, улар жуда покиза ва яхши парваришланган тарзда кўринади. Салбий жиҳатлари: Анча меҳнатталаб усул, сабр-бардошни ва доимий назоратни талаб қилади. Аппаратли маникюр Кўпроқ тирноқларнинг шаклини тўғирлаш ва уларнинг сиртини текислаш, айниқса ўсиб кетган тирноқларни яхшилаш учун қулай ҳисобланади. Бироқ уни педикюр учун ишлатишади, қўлларни бу тарзда парваришлашни эса мутахассислар унча тавсия этишмайди. Бажарилиш усули: Аппаратли маникюр учун алмаштириладиган насадкали махсус машинкадан фойдаланилади – уларнинг ҳар бири ўз функциясини бажаради. Ушбу насадкалар ёрдамида классик маникюрда бажарилган ишлар такрорланади, фақат бунда барчаси тезроқ ва ҳар доим қуруқ терида ўтказилади. Ижобий томонлари: Маникюрнинг ушбу кўринишида бехосдан кесиб олишлар амалда қайд этилмайди, жараён эса авайланган ва хавфсиз кўриниш олади. Вақтнинг анча тежалиши – бу ҳам афзал томонларидан бири. Салбий жиҳатлари: Жароҳатлардан сақланиш учун устадан кесик маникюрга нисбатан кўпроқ абжирлик талаб қилинади. Аппаратли маникюр чоғида агар қўл бехосдан нотўғри қимирлаб кетса, жароҳат анча жиддий кўриниш олиши мумкин. SPA-маникюр Бунинг асосий мазмуни қўлларни тартибга солиш, қўллар соҳибасининг руҳий кайфиятини кўтаришдан иборат. Бу ерда аниқ қоида мавжуд эмас, ҳар бир салон шахсий ўзига хос тизимини қўллайди. Бажарилиш усули: Дастур устанинг фантазияси ва қўлларнинг ҳолатига боғлиқ бўлади. Одатда SPA-парвариш тирноқларни тўғирлаш даражасини чегаралаб қўймайди. Кўпинча ушбу усул эговлаш ва тери учун озиқлантирадиган ниқоблар билан бошланиб, тинчлантирадиган уқалашлар билан тугайди, бу уқалаш эса баъзида нафақат бармоқларни, балки елка билан бирга қўлларни ҳам ўз ичига олади. Ижобий томонлари: Ёқимли туйғуни фойдали жиҳатлар билан бирга ҳис қилиш мумкин - ҳам бадан дам олади, ҳам тирноқлар нозик ва чиройли бўлади. Салбий жиҳатлари: Ушбу муолажани бажариш учун вақтни ва ҳамённи ҳисобга олишга тўғри келади. Чунки лаззатли ва юқори сифатли муолажа олиш оддий маникюрга нисбатан анча қиммат туради-да. |