Жаҳонгир Позилжонов: – "Фирибгар” фильми ҳақида шуни айтишим мумкин-ки, мен фильмда фирибгарлардан биттасини ўйнадим. Энди у йигит фирибгар бўлиб, фирибгар эмас! Негаки, мажбуран шу йўлга тушади. Чунки, фильм сюжети бўйича, бизларга фирибгарлик қилиб зарар етказишади, кейин биз ҳам жавоб қайтаришимизга тўғри келади. (Лекин, ҳеч кимга ортиқча зарар етказилмайди.) Фирибгарларга қандай жавоб қайтарамиз, буни фильмни кўргач, билишингиз мумкин. Азиз Умрзоқов (режиссёр): – Одатда кимдир бировни алдаса, алданган одам уни жазолайман деб, унга қарши нотўғри йўл билан бирор нарса қилмоқчи бўлиши фойдасиз деб ўйлайман. Негаки, одамни ўзи алданиб қолишига сабабчи бўлиши мумкин. Бировни алдаган одам, алдадим деб хурсанд бўлиши мумкин, лекин аслида ўзини-ўзи алдаганини билмайди. Бировни ишонтирдим деб қувонади, лекин эртага ўша ёлғони ўзига қайтиб келишини тушунмайди. Бу фильмдан мақсад, ҳаром билан ҳалолни фарқини, ҳаром йўл билан топилган бойлик барибир буюрмаслигини кўрсатиш. Аммо, бу билан биз одамларни тарбияламоқчи эмасмиз. Одамларга ундай ёки бундай қилинглар демоқчи ҳам эмасмиз. Чунки, ўша фирибгарлик қилаётган одамларни ҳам ўзига яраша ҳақиқати бор. Бу билан уларни оқламоқчи ҳам эмасмиз. Улар ҳам ўзларича, макрлари билан тўғри қиляпман деб, ўзларини оқлашади. Алданганларни шунга лойиқ дейишади. Лекин, одамларни устидан фикр чиқариш, уларга эмас. Биз фильм қаҳрамони борига қаноат қилиб, ҳалол яшаган вақти билан, қинғир йўлга кириб, топган пуллари буюрмаганлигини, фарқини кўрсатмоқчи бўлдик. Кам даромад билан яшаган одамни, кейин нотўғри йўл билан катта пул топиб, охирида эса менга ўша кам топсам ҳам, ҳалол яшаган пайтларим яхши экан, кимнидир норозилигига сабаб бўлиб, патир нон егандан, тинчлик ва ҳалоллик билан қотган нон еганим афзалроқ экан, деган фикрларини кўрсатиб ўтдик. Фильмда инсонларни ўзгариши ҳам кўрсатилган. Хулосани эса албатта томошабинларни, инсонларни ўзлари чиқаришади.
|