Нелардандир юрак бўлиб ғаш
ҳам эгилиб, бу эгилмас бош
Кўзларимда қалқиб турса ёш
Бу ҳолимга беролмай бардош
Далда бериб отам йиғлайди
Муштипарим онам йиғлайди
Қолганлари ёлғон йиғлайди.
Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан
Қора қозон қолса қайновдан
ҳам айрилиб отдан уловдан
Қарзга ботар бўлсам бировдан.
Таскин бериб отам йиғлайди,
ҳам волидам онам йиғлайди
Қолганлари ёлғон йиғлайди.
Синалмоқнинг гали келганда
Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда
Номим қолмас бўлса жаҳонда
Дўст – душманлар билинар онда
Аҳволимга отам йиғлайди
Бағрин тилиб онам йиғлайди
Қолганлари ёлғон йиғлайди.
Ғаним бир ён, мен бир ён бўлсам
У устивор мен урён бўлсам
Вужудимга солмасдан ваҳм
Қабул айлаб тавалло - оним
Дариғ тутма меҳринг Илоҳим
Кароматинг кўрсат Аллоҳим
Йиғлатмагин ёлғизларимни
Қондошларим азизларимни.