Категории раздела

O'zbek Filmlar

Seriallar

Multfilmlar

Konsertlar

Kliplar

MP3 Fayllar

Islamic

Yangiliklar

She'rlar

Hikoyalar

Quyuq Taomlar

Chet El Taomlari

Salatlar

Shirinliklar

Foydali Maslahatlar

Salomatlik Sirlari

Har-Xil

Kulgu

Поиск
Мини-чат
Календарь
Архив записей
Наш опрос
Saytga baho bering !
Hamma javoblar: 1448
Статистика

Главная » 2011 » Yanvar » 23 » Гулсанам концертидан илк репортаж. Кутилмаган фишкалар!
03:02
Гулсанам концертидан илк репортаж. Кутилмаган фишкалар!




Гулсанам концертидан илк репортаж. Кутилмаган фишкалар!

21 январь куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Гулсанам Мамазоитованинг "Ошиқлар” деб номланган концертининг илк кунибошланди.

Соат 18.40 да "Истиқлол санъат саройи”га кириб борганимда, парда ортида концертга тайёргарлик авжида эди. Раққосалар саҳна кийимларини кийиб олиб тайёргарлик кўришар, техник ходимлар декорациялар ёнида, ҳамма нарса концерт бошланишига саноқли дақиқалар қолганлигини билдириб турар эди. Хонанда Гулсанам Мамазотова эса пардозхонада, концертга чиқишга тайёргарлик билан банд эди. Бу вақтда концерт режиссёри Саъдулла Абдуллаев ижодий  гуруҳнинг баъзи ходимларига топшириқлар бераётган эди.

 

Саъдулла Абдуллаев: - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Гулсанам Мамазоитованинг навбатдаги концерти бугун. Хонанда билан 2006 йилдан буён концертларини ташкиллаштириб, биргаликда ишлаб келмоқдамиз. Вилоятларда ҳам концертларини биргаликда ўтказганмиз. Бугунги концертни бошқа концертлардан фарқли жиҳати шундаки, мухлислар Гулсанамни шўх қўшиқлари орқали кўпроқ танишган бўлса, бу гал фалсафий ва инсонни ўйлашга мажбур қиладиган қўшиқларга алоҳида урғу беряпмиз. Декорация ва либослар ҳам шундан келиб чиқиб, яратилган. Либослар устаси янги дизайнер Нодира, Бахтиёр Тўраевни шогирди. Декорация эса Диёрбек Қўзибоев томонидан ишланган, ғояни биз берганмиз. Концертда "Офарин” рақс гуруҳи иштирок этади.

Мана ҳозир 10 дақиқадан сўнг, концерт бошланади. Томошабинлар кўриб, баҳо берадилар.

 

 

Концерт бошланди. Аввалига парда очилиши билан саҳнани доира садолари тутди. Сўнг, сокин мусиқа садолари ости саҳна ортидан севги ҳақида чиройли сўзлар янгради. Раққосалар саҳнада сокин ҳаракатланишарди. Бу вақтда зинали декорация экранида эса, севишганлар рамзи сифатида, баъзи классик ўзбек кинофильмларидан чиройли кичик кадрлар кўрсатилаётган эди.

Шундан сўнг, декорация тўрида оппоқ либосдаги Гулсанам қўшиқ бошлади. Раққосалар ҳам ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Қўшиқ тугагач, хонанда Гулсанам томошабинлар билан саломлашди ва қўшиқларини тақдим этишни давом эттирди. Гулсанам концертнинг биринчи қисмида 7 та қўшиқ куйлади. "Ҳаёт” қўшиғини куйлаган вақти залга тушиб, мухлислари билан кўришди. Томошабинлар, мухлислари Гулсанамни табриклаб, гуллар тақдим қилдилар. Шўх қўшиқларда эса хонанданинг ўзи раққосалар билан баробар рақсга ҳам тушди.

Кейинги кўриниш учун, Гулсанам либосини ўзгартиргунча, сўз устаси Мирзабек Холмедов, томошабинларни ҳар хил латифалар ва қизиқарли гаплар билан кайфиятларини кўтарди. У саҳнада концертга келган машҳурлар билан бирма-бир сўрашиб, уларни номларини эълон қилиб чиқди. Булар Озодбек Назарбеков, Мусахон Нурматов,  "Шаҳризода” гуруҳи қизлари, ҳамда бир неча водийлик хонандалар эди. Мирзабек Холмедов уларга ва залдаги томошабинларга 2 та савол билан мурожаат қилди.

Биринчи савол: Эркакларда битта бўлади, аёлларда иккита бўлади. Нима у?

Иккинчи савол: Қандай от ем емайди?

Албатта, саволлар ҳаммани ўйлантириб қўйди. Айниқса биринчи саволни баъзи "фикр доираси кенг” томошабинлар сал бошқача тушунишиб, нималаргадир шаъма қилиб кула бошладилар. Лекин, саволларни жавоби топилди.

Биринчи саволга жавоб: Фамилия, эркакларни фамилияси ўзгармайди, аёлларда эса турмушга чиққач, ўзгаргани учун иккита фамилия бўлади.

Иккинчи саволга жавоб: Шахматдаги от ем емайди.

 

            Бу вақтда залда томошабинлар орасида? тушунмовчилик туфайли бировни жойига ўтириб олган баъзи томошабинлар ўрниларидан турғазилиб, жойларга ўз эгалари ўтказилди.

 

Концертнинг иккинчи қисмида Гулсанам шлейфи "атиргул”ли узун қизил кўйлакда саҳнада намоён бўлди. Ривоят садолари остида, Гулсанам саҳнани айланиб чиққач, дардли "Дунё” қўшиғини бошлади. Қўшиқни ижро этиб бўлиб, яна саҳна ортига йўл олди. Сўнг, хонанда яна қизил кўйлакда саҳнага чиқиб келди ва шўх қўшиқ куйлаб, берилиб рақсларга тушди. Мухлислари ҳам пастда, залда роса рақсга тушдилар. Хонанда бошқа концертлардан фарқли равишда, мухлисларга махсус гул топшириш вақтини эълон қилмади. Яъни, ҳар қўшиқ тугаганидан сўнг, баъзи вақтда эса қўшиқ ижро этаётган вақтда ҳам, мухлислари гул билан саҳна ёнига келганида, уларни ранжитмай, самимийлик билан гулларини қабул қилди. Гулсанам, ҳатто саҳна четига бориб туриб, пастда берилиб рақс тушаётган мухлислари билан бирга рақсларга ҳам тушди.

Бу қисмдагитаъсирли қўшиқлардан бири муҳаббат ҳақидаги қўшиқни куйлаётиб, хонанда қўшиқ таъсирида ёнида рақс тушаётган раққоса билан биргаликда саҳнага тиз чўкиб, ўтирган ҳолда қўшиқни давом эттирди. Яна бир таъсирли қўшиқ "Болам” қўшиғи бўлиб, хонанда бу қўшиқни ижро этаётганда, саҳна четига ўтириб олди ва парда ортида у томонга кичик бир қизалоқ югуриб келди. Гулсанам эса бу қизчани ёнига ўтказиб олди. Томошабинлар бу қизча ким экан деб турганларида, қўшиқ тугаб, хонанда қизчани ёш актриса Шаҳризода эканлигини эълон қилди. Хонанда бу қисмда 5 та қўшиқ куйлади.

Гулсанам тўртинчи кўриниш учун, либос ўзгартиргани кирганида яна Мирзабек Холмедов чиқиб, латифаларини айта бошлади. Сўнг, у ўз пардозхонадаги хонанда Гулсанамни тўғридан–тўғри, репортаж тарзида саҳнадаги экран ёрдамида суҳбатга чорлади. Экранда Гулсанам намоён бўлгач, у кулиб Гулсанамга "Бош кийим қаерда ечилади?” деб савол берди. Гулсанам эса кулиб: "Сартарошни олдида бўлса керак” деб жавоб қайтарди. Томошабинлар томонидан ҳам жавоблар бўлди, лекин буларни бари нотўғри бўлиб, аслида жавоб "ҳаммомда” экан. Нима ҳам дердик, Мирзабек Холмедовга хос жавоб менимча.

Сўнг, у саҳнага тақлидчиларни таклиф қилди. (Санъат институти талабалари) Тақлидчилар сўз усталари Мирзабек Холмедов, Абдулла Акбаров, хонанда Жаҳонгир Позилжонов, актёр Эркин Комилов, хонанда Ғиёс Бойтоев каби ижодкорларни овозларига ўхшатишлар қилдилар. Аввалига томошабинлар бу "чиқиш”ни олқишладилар. Томошабинларга эса, Жаҳонгир Позилжонов ва Ғиёс Бойтоевга қилинган тақлидлар маъқул бўлди назаримда ва шуларда олқишлар билан қарсак ҳам кўпроқ чалинди. Лекин, асални ҳам ози ширин дейилгандек, тақлидчиларни машҳурлар овозига ўхшаш "гапириб”, ҳозирги кинофильмлар ҳақида узундан-узоқ баҳс қилганлари томошабинларни зериктириб юборди менимча. Айниқса, улар томонидан "Шомурод ва Дурдона”, ҳамда "Учар қиз” фильмларини танқид қилиниши негадир, баъзи томошабинларни энсасини қотирди ва улар ўтирган жойларида, бироз пастроқ товушда, тақлидчиларга қарата "беминнат” фикрларини айта бошладилар. Ниҳоят, узоқ давом этган бу "чиқиш” ўз ниҳоясига етди. 


Гулсанам балконда сирли пайдо бўлди!

Яна навбат Мирзабек Холмедовга берилди ва яна Гулсанамни суҳбатга чорлаб, хонанда саҳнадаги экранда, пардозхонасида "балконга тушишга ҳозирлик кўраётганлигини” айтди. Концерт режиссёри Саъдулла Абдуллаев ҳам уни ёнида, хонандани махсус қурилма ёрдамида қандай қилиб "балконга ўтишини” тушунтираётиб, қурилмадаги бир кнопкани босган эди, техник носозлик юз бердими, ёки атайдан олдиндан ўйланганмиди, қурилмадан тутун чиқиб кетди ва экран ўчди. Шу пайтни ўзида кутилмаган тарзда, Гулсанам зални балкон тарафида, тепада "пайдо” бўлди ва махсус қурилмали арқон ёрдамида "балконга тушиб олди.”

Мана бу биринчи суратда тепадан балконга арқон билан тушаётгани тасвирланган:

Хонанда балконда шўх қўшиқ ижро этди ва барча балкондаги мухлислар ҳам рақсга тушдилар. Бу вақтда эса, саҳнада раққосалар рақс тушдилар.

Шундан сўнг, Гулсанам балконда туриб, Мирзабек Холмедов билан дуэт куйлади. Саҳнадаги экранда балкондаги Гулсанам кўрсатиб турилди.

Сўнг, Гулсанам балконда мухлисаси Мавлуда аяга "Гулсанам 2011” деб ёзилган олтин тўғноғични совға қилди. (Ёдингизда бўлса бундай совғани концертда тақдим қилиши хақида Джуманджи лойихамизнинг ноябрь сонида илк бора Гулсанам  эксклюзив тарзда бизга ошкора этганди) Гулсанам, 5 кун концерт давомида 5 та мухлисига шундай олтин тўғноғичларни совға қилишини ва бир йилдан сўнг, яна Гулсанамни концертига шу тўғноғични тақиб келсалар, яна совғаси борлигини айтиб ўтди. Мирзабек Холмедов эса, ўз навбатида ушбу тўғноғични ясаган заргар Мирвоҳидни  саҳнага таклиф этиб, томошабинларга таништирди.

Сўнг, Гулсанам яна саҳнага қайтди. Мирзабек Холмедов эса, Гулсанам ва томошабинларга "Мўйловли хола” латифасини айтиб берди. Бу латифани эшитиб, томошабинлар кулишиб, кайфиятлари кўтарилди.

Кейин Гулсанам қўшиқ куйлаш навбатини акаси Отабек Муҳаммадзоҳидга берди ва у синглисининг концертида қўшиқ куйлади.

Гулсанам яна либос ўзгартириб, саҳнага чиқиб келиб қўшиқ куйлагач, Мирзабек Холмедовни таклифи билан Гулсанам кекса такси ҳайдовчиси Анвар додага гул тақдим қилди. Сўнг, Гулсанам бу концертга келган имконияти чекланган (аравачада ўтирган) мухлисларига ўзи саҳнадан тушиб, уларни ёнига келиб гуллар тақдим қилди.

Шундан сўнг, хонанда "Ватан” деб номланган қўшиғи билан концертни якунлади. "Ватан” қўшиғи вақтида хонанда декорация тўрида бўлиб, саҳнада рақс тушаётган раққосалар устидан зар ёғилди. Раққосалар турли миллат вакиллари кийимларида эдилар. Экранда эса қўшиққа мос тасвирлар берилаётган эди.

Негадир, шу қўшиқ ниҳоясига етай деб қолганида, баъзи томошабинлар ўрниларидан туриб, (одам кўплигига тиқилинчда қолиб кетмаслик учун бўлса керак) зални тарк эта бошладилар.

Концерт якунида, хонанда Гулсанам концертга келганликлари учун барчага миннатдорчилик билдирди ва ҳайратланарлиси парда ёпилгач ҳам, мухлисларини ранжитишни истамай, анча вақтгача уларни гулларини қабул қилди.

Концерт ҳақида шахсий фикрим, хонанда Гулсанам Мамазоитова бу гал концертига ҳам ўзгача ёндошишга ҳаракат қилган. Концертни бошқа концертлардан фарқли жиҳатлари менимча:

унда фалсафий ва дардли қўшиқларни кўпроқ ижро этилгани, 

хонанданинг пардозхонасидан саҳнадаги экранда кўрсатилиб, суҳбат қилиниши, 

хонанданинг балконга тушиши, 

мухлисларига атаган совғаси, 

ҳамда либосларидан "атиргул” шлейфли қизил либоси ҳаммани эътиборини тортди. 

Ҳар бир қўшиққа алоҳида рақс саҳналаштирилган, ҳамда раққосаларни кийимлари ҳам қўшиққа монанд танлашга ҳаракат қилинган. Фақат, "балконга тушиш” вақтида чиндан ҳам техник носозлик рўй берганми ёки шундай йўл ўйланганми, буниси менга номаълум. Яна бир кичикина деталь: Хонанданинг пресс-котибаси Назокатнинг айни дамда Ўзбекистонда бўлмаганлик ўрни журналистика оламига жуда ва жуда билинди. Аксарият журналистлар Гулсанам билан интервьюлар, концертдан репортажлар қила олишмади.

Хуллас концерт сўнггида Гулсанам саҳнада туриб, мухлисларини соғинганлигини таъкидлаб ўтди. Концертнинг илк куни бўлса ҳам, залда бирорта бўш ўрин қолмаганлиги ҳам, мухлислари хонандани соғинганларидан дарак беради. 


Саида Вахобова тайёрлади.


          Эртага батафсил суратлар ва видео!

 

Категория: News/Новости | Просмотров: 1784 | Добавил: Milasha | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 2
0  
2 Angeloza   (23.01.2011 17:44) [Izoh]
Raxmat Opajon smile

0  
1 sharof haetov   (23.01.2011 16:55) [Izoh]
AVALAM BOR SALOM GULSANAMHON OVOZIYZGA GAP YOQ AYNIQSA 2011 DA AYTGAN ALLA QUSHIGIEZGA ROSTI EGLATIVORDI EGLADIM SHUNAQA AYTGANSIZKI E GAPIRISHGA HAM TIL OJIZ JUDA ZUR IJODIEZGA OMAD ALLA QUSHIGIGA YANA BIR GAP

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]