Ассалому алайкум, ардоқли ва суюкли келинпошша!
Ҳа, суҳбатимиз давомида, ижозатингиз билан, мен барча келинларни
биргина шу ном билан атайман. "Келинпошша” деганимда уйимдаги келинимни
эмас, сизни – кечаги ҳафта келинлик сарпосини кийган ёки кўп йиллардан
бери бу гўзал ном билан аталувчи сингилларимизни назарда тутаман.
Келинпошша, сиз чиндан ҳам кимнингдир суюкли ва
ардоқли қизи, яна кимнингдир суюмли ва азиз келинисиз. Эҳтимол, сиз
келин бўлиб тушган хонадон бугунча қадрингизга етмаётгандир? Тушкунликка
тушманг, Ардоқланувчи келинлар қаторида бўлишингизни Раббимиздан
сўранг. Сўранг-да, ўйланг: "Нима учун бу оилада қадрим йўқ? Булар
ёмонми ё менинг камчилигим борми?” Шу саволга жавоб топишга ҳаракат
қилинг.
Оилада биринчи келишмовчилик қайнона ва келин орасида
чиқади. Сўнг қайин эгачи – келин, кейинроқ қайин сингил – келин
ораларида, юмшоқроқ қилиб айтилганда, ғишава бошланади. Афсуски, кўп
ҳолларда бу баҳслар биринчи томон ҳисобига ҳал этилади. "Афсуски”
дейишим бежиз эмас. Адолат тарозуси бузилгач, гўзал бир оила қасрига
дарз кетади. Севиш, ардоқлашни ўрганаётган икки ёшни бир-бирига
ишончсизлик кўзи билан қарашга, ҳатто нафратланишга ўргата бошлашади.
Хўш, бундай номаъқул ишдан афсусланмаслик мумкинми?
Келинпошша, бу
масалада мен сиз томонман. Нима учун шундайлигини вақти келганида бир
эмас, бир неча марта таъкидлайман. Лекин масалага инсоф юзасидан
қарасак, ўзингизда ҳам озгина айб бўлади. "Озгина” дейишимнинг сабаби,
айрим ҳаракатларингизнинг айб эканини ўзингиз ҳам билмайсиз. Чунки
ота-онангиз сизга одобдан яхши тарбия беришмаган. Шунинг учун бу
борадаги айбни улар зиммасига юклаймиз-да, одобга доир зарур гапларни
сизга етказишга уриниб кўрамиз.
Сиз кичкина қизалоқ эканингиздаёқ
келин бўлишни орзу қилгансиз. Дугоналарингиз билан "келин-келин”
ўйинларингиз бўларди. Дастлабки "келинсалом”ингизни эслай ҳам олмайсиз.
Бир, эҳтимол икки ёшингизда онангизнинг ҳарир рўмолини олиб "келинсалом”
қилиб, катталарнинг олқишини эшитгансиз, бундан қувониб, қайта-қайта
салом қилавергансиз. Ўшанда "бахтли келин бўлгин”, деб дуо қилишган.
Болалик ўйини туфайли мингларча дуо олгансиз. Ота-онангизнинг дуоларини
эса санаб адоғига етиш мушкул.
Сиз туғилган онда доя "Қиз муборак!”
дейиши билан онангиз қувончдан Худога шукр айтганлар. Билмайсизки,
дунёга келишингиз билан онангиз қалбида ширин бир орзу ҳам туғилган. Бу
орзу сизга эгизак каби эди, у сиз билан улғайди. Сизни қандай
авайласалар, бу орзуни ҳам авайладилар. Сизга биринчи совчи келгандаги
онангизнинг қувонганини сезганмисиз? Сезмагандирсиз... Қалбига ўғринча
мўралаган хавотирни-чи? Бўлажак куёв бола мақталади, сиз борадиган
хонадон олқишланади... Лекин "гаплари ростмикин, йигит солиҳмикин,
ёмонларга аралашмаганмикин, онаси қизимни ўз қизидек бағрига
олармикин?..” деган ўнлаб ҳавотирли саволлар онангизни исканжага
олаверади. Сиз келинлик сарпосини кийиб, жонажон уйингиз остонасидан
ҳатлаб ўтганингизда дадангиз кўзда ёш билан дуо қиладилар. Бу айрилиқ
ёшлари эмас, бу бахт илинжидаги муножотнинг покиза акси. Дуодаги йиғи
Аллоҳ билан қалбан боғланиш исботидир. Қалбан боғланиш билан ушалган
орзу қувончи ҳам зоҳир бўлади. Айни нафасда дадангиз ва онангиз юрагида
иккинчи орзу ҳам туғилади.
Биринчи орзуни авайлаш-асраш дадангиз
билан онангизнинг вазифаси эди. Иккинчи орзунинг ушалиши энди сизга
боғлиқ. Келин бўлиб тушган хонадонингизда сиз ўзингизнинг чиройли
хулқингиз, ғайратли хизматингиз, садоқатингиз ва муҳаббатингиз туфайли
қадр пиёласидан бахт шарбатини ичсангиз, бу онда дадангиз ва онангиз
бахт уммонида роҳатланиб сузаётган бўлишади. Аллоҳ кўрсатмасин, агар
қадр топмасангиз, бахт ўрнига хорлик жари ёқасига келиб қолсангиз,
дадангиз ва онангиз кўзларига дунё қоронғу бўлиб кўринади. Дўзах азоби
бу дунёнинг ўзида бошланиб кетади.
Сиз келинлик либосида, "ёр-ёр”
садолари остида остона ҳатлаб ичкарига бир қадам босдингизу эгилиб
салом бердингиз. Ўзингиз бекача бўладиган хонадонга сиз бу саломингиз
билан офият тиладингиз, омонлик тиладингиз. Бу бахтиёр кунларга етиб
келолмай ўтганлар руҳини ёдладингиз, уларга Аллоҳдан мағфират
тиладингиз. Бу саломингиз билан сиз ўзингизга ҳам бахт тиладингиз.
Саломингизга алик олдилар – сизга бахт тиладилар.
Эртага "ёмон
қайнона” номини оладиган хотин ҳам бу онда келинига ёмонлик истамайди. У
ҳам бахт тилайди. Қайин эгачи, қайин сингил... хуллас, барча-барча бахт
тилайди. Сизнинг қалбингиз ҳам эгнингиздаги либосингиз каби оқ –
бировга ёмонлик тилашдан жуда-жуда узоқдасиз. (Биламан, кунлар, ойлар
ўтиб, қайнонангиз адолатсизлик қилган дамда ҳам унга ёмонлик
истамайсиз...) Дуолар ҳисоби минглардан, миллионлардан ошса ҳам
ўзингизда бу бахтга интилиш бўлмаса, етолмайсиз. Сиз бир сарой
қурмоқчисиз. Бу саройнинг номи – бахт! Пойдевори – иффат, ҳаё, ғиштлари –
сабр ва шукр, девори иймон, томи – ақл ва ирода. Безаклари – фаросат,
саховат, меҳр... Одамлар дуо қилиб сизга омад тилашади, ҳалос. Биров
сизга битта ғишт олиб узатмайди. Аксинча, бахт саройини қуришингизга
ҳалақит берадиганлар топилади. Агар сиз умрингизни улар билан олишишга
сарфласангиз сарой қурилиши чала қолади.
Аллоҳ аёл зотини нозик
қилиб яратган. Аммо бахт саройини қуриш учун аёлдан метиндек ирода, сабр
талаб этилади. Ҳазрат Сўфий Оллоҳёр шу боис ҳам ёзганларким: Агар ўн йил уйида бўлмаса ун, Уни чиқмас, ани айтурга бир кун.
Дейилмоқчики:
агар хотин яхши бўлса, эрининг уйида ўн йил давомида ун бўлмаса,
бировга ҳеч вақт ун йўқ, деб ун (товуш) чиқармас, шикоят қилмас. Бундай
бўлиш учун эса, шубҳасиз, сабр талаб этилади. Бу мавзуга кейинроқ яна
қайтамиз.
Кексалар "ёшлар насиҳатга қулоқ солмайдилар”, деб нолишади.
Ёшлар эса "катталар насиҳат қилавериб, қулоқ-миямизни еб ташлашади”,
деб зорланишади. Қадим замонлардан бери аҳвол шундай. Миср эҳромларининг
ичига киришганда деворда "Ҳозирги ёшлар бузилиб кетяпти”, деган ёзувни
ўқишган экан. Бугунги кунда ҳам шунга ўхшаш гапларни эшитиб турасиз,
ранжийсиз. Ранжишга ҳаққингиз бор. Биз - катталарнинг эса ёшларни
ёмонлашга ҳақимиз йўқ. Чунки ёшлар ёмон бўлса, демак, биз ёмон эканмиз.
Чунки шу ёшлар бизларнинг фарзандларимиз, уларни биз тарбиялаганмиз.
Улар ёмон хулқли бўлиб туғилмаганлар. Уларни биз яхши хулққа ўргатиб,
ёмон хулқдан қайтармаганмиз.
Бир қиз ёмон йўлга кириб кетгани учун
ота-онаси уни "оқ” қилишибди. Бу билан улар ўзларини ҳам Аллоҳ олдида,
ҳам эл-юрт олдида поклаб олишган. Ота-она бошига тушганни "фалокат”
деймизми, "фожиа” деймизми, "қора тун” деймизми, юракларни поралаб
ташлаган "бало чақини” деймизми – номи нима бўлса бўлсин, буни ҳатто
душманимизга ҳам раво кўрмайлик. Ота-она фарзандини оқ қилгани билан
унинг қоронғи туни ёриша қолмайди. Оқ қилиш билан ўзларига озгина
тасалли бергандай бўлишади. Иснод ўтида қовжираб, азобланишлари эса
давом этаверади.
Шу ўринда оқ қилишнинг моҳиятини ўрганишга уриниб
кўрсак: бу араб лисонидаги "аъқ(қа)” сўзидан келиб чиққан. Дастлабки
маъноси покланишни билдиради. Яна бир маъноси эса "ажратиш” экан. Демак,
оқ қилмоқлик – гуноҳкор фарзандни ўзидан ажратиб, покланиш деган
маънони англатаркан. Яъни: "Бу бадкирдор гуноҳлар ботқоғида қолди. Мен
унинг гуноҳларига шерик эмасман, масъул ҳам эмасман”, дейилмоқчи бўлади.
Юқорида
айтганимиздай, бу ҳолат кишининг ўзига тасалли бериши учунгина
асқотади. Ота-онанинг фарзанд тақдирига масъуллиги ҳеч қачон озаймайди.
Солиҳ фарзанд ота-онага раҳмат, яъни савоб келтиргани каби, ёмонликни
касб қилган фарзанд оқ бўлган тақдирда ҳам ҳар бир гуноҳ иши билан
ота-онасига лаънат келтираверади. Шу сабаб, эҳтимол ота-она аъмол
дафтарига гуноҳлар ёзилаверар, валлоҳи аълам? Агар оқ қилиш билан
ота-она гуноҳдан осонгина қутула олса эди, унинг масъулияти, фарзанд
тарбиясининг савобларидан олажак ажрлари юқори қилиб қўйилмас эди.
Баъзи
оилаларда ўғилга нисбатан кўпроқ қизни "оқ қилиш” билан қўрқитмоқчи
бўлишади. "Шу қизга уйланмасанг сени оқ қиламан”, деган пўписани деярли
эшитмаймиз. Бироқ, "Шу йигитга тегмасанг қизим эмассан, сени оқ
қиламан”, деган таҳдидлар қулоғимизга чалиниб туради. Бу ота-оналар
ранжисалар ҳам, қилмишларини нодонлик деб баҳолашдан ўзга иложимиз йўқ.
Нодонликларидан ташқари гуноҳкор ҳамдирлар. Чунки қиз болани зўрлаб
никоҳлаш мумкин эмас. Бугун қизини зўрлаб узатиб, эртага кўз ёши тўкиб
юрган ота-оналарни кўрсак ҳам ибрат олмаймиз.
Бу сатрларни ёзиб,
мавзудан четга чиққанимиз йўқ. Бундан икки муддаони кўзлаганмиз:
Биринчиси, мазкур рисоламизни Келинпошшадан ташқари муҳтарама ота ва
оналар, қайнона ва қайноталар ҳам ўқишар, деган умидимиз бор. Агар
ўқишса, ташаккур айтиш билан бирга зиммаларидаги бурч ва масъулиятни яна
бир эслатиб қўймоқчимиз. Иккинчи муддао: Келинпошша, жондай азиз ва
ардоқли қизим, яна насиҳат бошланди, деб энсангиз қотмасин, китобни
четга суриб ҳам қўйманг. Сабр қилингу менга суҳбатдош бўлинг. Ҳа, айнан
шундай. Мақсадим, бошингиз устидан насиҳатлар дўлини ёғдириш эмас, балки
оиладаги бахт саройини қуриш маслаҳатини қилиш, агар лойиҳада камчилик
бўлса – бартараф этиш, девор ғиштлари қийшиқроқ терилаётган бўлса -
тузатишга ёрдамлашиш. Мен аҳли донишнинг бу соҳага доир китобларидан
баҳраманд бўлганман, кўпгина оилаларда бахт саройи қурилишини
кузатганман, тажрибаларини ўрганганман. Ўзимнинг ҳам бу ғиштларни
теришга анча қўлим келиб қолган. Ишонаманки, сизга ёрдам бера оламан.
Сиз ҳам ишонинг. Агар ишонсангиз, суҳбатимизни бошлаймиз. Дарвоқе,
суҳбатимиз жараёнида даврамизга дугоналарингизни жалб этсангиз, маъқул
бўларди? Йигитларга тааллуқли гапларимиз ҳам бўлади, эр-хотин биргалашиб
ўқисангиз қандай яхши! Қайнона, қайин эгачи-сингилларга ёки қайнота,
қайин оға-укаларга ўқимоқни тавсия этишга журъат қила олармикинсиз?
Буниси энди ўзингизга ҳавола.
|