Категории раздела

O'zbek Filmlar

Seriallar

Multfilmlar

Konsertlar

Kliplar

MP3 Fayllar

Islamic

Yangiliklar

She'rlar

Hikoyalar

Quyuq Taomlar

Chet El Taomlari

Salatlar

Shirinliklar

Foydali Maslahatlar

Salomatlik Sirlari

Har-Xil

Kulgu

Поиск
Мини-чат
Календарь
«  Aprel 2011  »
DuSeChPaJuShYa
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930
Архив записей
Наш опрос
Saytga baho bering !
Hamma javoblar: 1448
Статистика

Главная » 2011 » Aprel » 6 » Болалар ҳаётида дин тарбияси
17:16
Болалар ҳаётида дин тарбияси

muslima.uzПсихолог Антони Верготи ўзининг Дин психологияси номли китобида бола дин туйғуси билан туғилишини ёзган. Инсон фақат эт ва суякдан иборат моддий бир борлиқ эмас. Уни бошқа жонлилардан ажратиб турадиган руҳ ва туйғу олами бор. Инсон социал борлиқ. Имон, севиш, севилиш, қадр ва куч, кимгадур кераклигини ҳис қилиш каби хусусиятлар соҳиби. Бунга бир динга, оилага, ватанга боғлиқ билан шаклда эришиш мумкин. Ҳар бир жамият ўз қонунларига эга. Бу жамиятни ушлаб турган қонунларни ҳуқуқ деймиз. Ҳуқуқ бўлмаган жойда ғалаён ва ноҳақ куч бўлади. Ўғрилик, ҳақсизлик, зулм, инсон ўлдириш, қисқаси жонга, молга ва номусга тажаввузни таъқиқлаган ҳуқуқларни барча кўринишини динда топиш мумкин. Аллоҳнинг элчилари, ҳамма пайғамбарлар бу қоидаларни инсонларга билдириш ва жамият тартибини сақлаш учун юборилганлар. Ҳалол, ҳаром, савоб-гуноҳ тушунчаларини қўлламасдан, яъни динга мурожаат қилмасдан, болаларга одоб аҳлоқни ўргатиш амри маҳол.

Фарзандларимизга Аллоҳни қандай танитамиз.

Болалар ҳикоя тарзида айтиб берилган, тушунтирилган мавзуларни қизиқиш билан ўрганадилар. Аллоҳ ва Унинг сифатларини ўргатар эканмиз, Луқмони Ҳакимнинг ўғлига берган насиҳатларини ўзимизга дастак қилишимиз лозим. Фарзандларимга Пайғамбар с.а.в. нинг болаларга нисбатан меҳрлари ҳақида сўзлаб берарканман, бу ҳикоямда Фотима р.а. ва ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайн ҳаётларидан мисоллар келтирдим. Саодат даври мўъжизаларини ҳам шундай сўзлагандим. Масалан: Пайғамбаримиз с.а.в. ва Абу Бакр р.а. ҳижрат учун Мадинага қараб кетар эканлар, ортларидан келаётган мушриклардан яшириниш учун ғорга яширинишлари, ўргимчак ва мусича воқеасини ҳикоя қилганимда ўғлим 4 ёшда эди. Бу ҳикоя унга шунчалар ёққан эдики, у ҳар куни бу ҳикояни айтиб беришимни сўрарди. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларнинг энг биринчиси: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”лигини тушунтириш бўлганини гувоҳи бўламиз.

"Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир» (Луқмон сураси, 13 оят)

Биз ҳам бу нуқтага эътибор қаратишимиз керак. Коинотни, қуёшни, юлдузларни, ойни, дунёни ва ундаги бутун жонзотларни яратган Аллоҳдир. У якка ва ёлғиздир. Дунёнинг кучли қиролидан тортиб энг кичик пашшасига ҳам жон берган Удир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Ибодатга ва дуога лойиқ фақат Удир. Сажда фақат Аллоҳ учун қилинади ва дуо фақат Ундан сўралади. Агар инсон бошқа биридан сўраса ўзига нисбатан катта ноҳақлик қилибди. Луқмони Ҳаким ўгитларининг давомида:

"Эй ўғилчам, албатта, у(амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир”. (Луқмон сураси 16 оят).

Аллоҳ ҳар бир қилаётган ишимизни, ақлимиздан ва қалбимиздан ўтган энг яширин туйғуларни ҳам билишини, Ундан ҳеч нарсани яшира олмаслигимизни, яхши иш қилсак У бизни яхши кўришини болаларимизга тушунтиришимиз керак. Кейинги оятларда Луқмони Ҳаким ўғлига дейди:

"17 . Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир. 18 . Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас.

19. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». (Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб туради. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу овоз энг ёмон эканлиги ҳам таъкидланмоқда)”.

(Луқмон сураси, 17-19 оят)

Бу оятларда ҳам Аллоҳга, инсонларга нисбатан муашарот қоидаларининг баёни берилган. Бу қоидаларни фарзандларимизга тушунтирар эканмиз, уларни ёши ва ақлий тафаккурини эътиборга олишимиз лозим.

Саволларга жавобда бола ақли билан ёндошинг

Боланинг ҳар бир саволига жавоб берар экансиз, боланинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўрган ҳолда жавоб беринг. 4 ёшгача бўлган болалар ўзини мен марказ дея тушунади. Жонли жонсизни ажрата олмайди, яъни ҳамма нарсани жонли дея тушунади. Шу сабабдан эртакларга тўла ишонади, ўйдирма эканлигини ўйлаб ҳам кўрмайди. Боланинг мактабгача бўлган ҳаётида эртаклар ва диний ҳикояларнинг роли катта. Эртак қаҳрамонлари шахси ёрдамида болага одоб ахлоқ қоидаларини ўргатиш мумкин. Чунки болада ёшда ўзини эртак қаҳрамони ўрнига қўйиб кўриш ҳисси бўлади. Фарзандларимизга уларнинг тилидаги жавоблар етарли. Бир она ҳикоя қилади: Фарзандим 4 ёш. Бир куни:

- Ойи, нега биз Аллоҳни кўра олмаймиз? - деди.

Мен:

- Кўзларимиз кичик бўлгани учун Аллоҳни кўра олмаймиз, дедим. Мана шу жавобим унга етарли бўлди ва у бу ҳақда бошқа сўрамади. Аммо каттароқ ёшда бўлган болани бу жавоб қониқтирмайди.

- Нега Аллоҳни кўрмаймиз, Аллоҳ қаерда? У каттами, каби саволларга жавоб бериб, уларнинг шубҳаларини йўқотишимиз ва янглиш тушунчаларини тўғирлай боришимиз керак.

10 ёшли ўғлим менга бу саволни берди ва биз у билан бир диалог суҳбат қурдик. Менга унга ёнимда турган столни кўрсатдим:

- Бу стол ўз ўзидан пайдо бўлганми?

- Йўқ.

- Демак, буни кимдир ясаган?

- Ҳа.

- Устингдаги шу кийимларни, оёғингдаги оёқ кийим ҳам ўз ўзидан пайдо бўлмаган-а?

- Ҳа.

- Ким тиккан буларни?

- Одамлар.

- Ҳа, одамлар. Биз уларни тикувчи деймиз. Аммо айтчи ўғлим, тикувчи ўзи тиккан кийимларга ўхшайдими? Тикувчининг оғзи, кўзи, қўлоғи, оёғи, қўли бор. У юради, гаплашади. Энди устингдаги кийимингга қарачи, у буни тиккан тикувчига ўхшайдими? На кўзи бор, на қўлоғи, на юради ва на гаплаша олади, шундайми?

- Ҳа.

- Демак бизларни ҳам яратган Яратувчимиз бор? Ким У?

- Аллоҳ.

- Ҳа, дунёни ва дунёдаги бутун мавжудотларни яратган билим ва куч соҳиби бор. Бу Аллоҳ. Аллоҳ ўзи яратган ҳеч бирига ўхшамайди. Ейиш, ичиш, ухлаш, бир уйга муҳтожлик бу инсонларга хос. Аллоҳ бизга ўхшаш эмас ва бунинг ҳеч бирига эҳтиёжи йўқ. Аллоҳнинг борлигини биламиз лекин Уни кўра олмаймиз. Инсон камчиликли қилиб яратилган, ҳатто бу дунёдаги ҳамма нарсани кўра олмайди, эшита олмайди ва била олмайди. Аллоҳ фаришталарни нурдан яратган ва биз уларни ҳам кўра олмаймиз. Болага ибодат ва дуони тушунтириш 4 ёшдаги бола учун имкони бўлмаган иш йўқ. Унинг назарида ҳамма нарса мумкин, бола 7 ёшигачан турли рамз ва тимсолларга ишонади.

- Кечқурун сен ухлаётганингда бир юлдуз осмондан тушиб сени ўпиб кетди, дейилса, бола ишонади. Бу асли иложи бўлмаган ҳолат эканлигини ўйлаб ҳам кўрмайди. 4 ёшли болага дуо, ибодат тарзи қизиқ кўринади. У катталарга тақлид қилишни яхши кўради. Биргаликда намоз ўқишни, рўза тутишни, масжидга боришни истайди. Биз ҳам бундан фойдаланишимиз лозим. Овқатдан аввал ва кейин берилган неъматлар учун шукр қилмоқ, намоздан сўнг овоз чиқариб дуо қилиш, ўзимизга, турмуш ўртоғимиз, ёши улуғларимиз ва болаларимиз учун яхши тилаклар сўрашимиз керак. Бу фарзандларимизда ёшликдан дуо қилиш, Аллоҳдан сўраш эҳтиёжини ривожлантиради. Улар ўзларини Аллоҳга яқин ҳис қиладилар. Болалар ўз чуқур фикрларини баъзида тўлалигича атрофдаги инсонларига тушунтира олмайдилар. Бир куни бозорда кезар эканман, онасининг қўлида турган 2-3 ёшли бола эътиборимни тортди. Бола кичик бармоқлари билан онасига ниманидир кўрсатарди.

- Ойи, бу нима?

- Бу масжид.

- Ойи, бу нима?

- Бу масжид.

- Ойи бу нима? Бу саволлар онанинг сабрини тугатди чоғи, у овозини баландлатиб, сўзларни дона дона қилиб деди:

- Бу Масжид!

Мен ҳам бу аёлга яқинлашиб:

- Синглим, ўғлингиз масжиднинг номини эмас, балки бошқа уйларга ўхшамаган бу ерда нима қилиниши ҳақида сўрамоқчи, дедим.

Таҳир Берктининг "Мактабгача тарбия” номли китобида ҳаётида содир бўлган бир воқеа ёзилган: 4 ёшли қизим узу кун овқат емади. У на дастурхонга келарди на бир луқма оғзига соларди. Ўша куни қанча уринмайлик унга овқат едира олмадик. Бунинг сабаби нима эканлигини ҳам била олмадик. Кеч тушди. Қизимни кўтариб хонасига олиб бордим. Ётоғига ётқизар эканман, уни қўчоқлаб ўпдим.

- Қизим, мен сени жуда ҳам яхши кўраман. Фақат бугун овқат емаганинг мени жуда хафа қилди, дедим. Қизим бўйнимдан қўчоқлаганча йиғлаб юборди.

- Дадажон, сиз ҳам овқат еманг, деди ва бунинг сабаби нима эканлигини айтиб берди. Онаси ўзи билмаган ҳолда бир хато қилганди. Қизим ҳам ҳамма болалар сингари кўп савол беради. Онасидан:

- Ойи, нега овқат еймиз, - деб сўрайди.

- Катта бўлиш учун.

- Катта бўлганимиздан кейин нима бўлади?

- Қариймиз.

- Қариганимиздан кейинчи?

- Ҳар бир қария каби биз ҳам бир кун ўламиз. Қизим, ўз кичик мантиғи билан ўлимдан қутулишнинг чораси овқат емаслик дея тушунган. Яъни овқат емасам катта бўлмайман, катта бўлмасам қаримайман ва қаримагач ўлмайман деган хулосага келган. Бу ҳикоядан шуни ҳам тушуниш мумкин:

Бола бир кун эмас бир кун албатта ўлим ҳақида ўйлай бошлайди. Яхши кўрган бувиси ёки бобосининг, дўстининг вафот қилиши билан у бу мавзуда саволлар ҳам беради.

- Бувим (ёки дўстим) қаерга кетди ёки унга нима бўлди? – каби саволларнинг пайдо бўлиши табиий ҳол. Аммо сиз бераётган жавобда охират ва жаннат васфи бўлмаса бу кичик қалбни оғриғини камайтира олмайди. Фарзандингиз елкаларда олиб кетилаётган бир тобутни кўриб савол берса сиз унга нима деб жавоб берасиз? Қўрқитиш билан эмас севдириш билан тарбияланг Бола 4-5 ёшгача ҳаёлларида орзу қилган нарсалари ҳақиқатга айланишига ишонади. Укасидан онасини қизғаниб уни ўлишини ёки бўлмаслигини орзу қилганда, бу орзусининг руёбга чиқишидан қўрқиб ўзини айбдор ҳис қила бошлайди. Боласининг тўполонини кўрган она:

- Жаҳлимни чиқараверсанг, бир куни касал бўлиб ўлиб қоламан ёки Аллоҳ оналарини хафа қилган болаларни яхши кўрмайди, дўзахда ёқади, дея дуқ қилади. Шу тариқа ота оналар ўзлари сезмаган ҳолда қўрқитишни ўзларига қурол қилиб оладилар. Тарбия борасида классик ёзувчилардан бирининг "Ёмон тарбия йўллари” номли китобини таржима қилгандим. Улардан қўйидаги "тавсия”ларни сизнинг эътиборингизга ҳавола қилсам: "Болаларни диндан узоқлаштиришнинг йўллари":

- Мажбурий дуо ёдлатинг, ёдламаса жазоланг;

- Тўполон қилганда "Аллоҳ сени дўзахда ёқади”, дея эслатиб туринг;

- Диндошларингизнинг, қўни қўшниларнинг қилган хатоларини болангиз ҳузурида кўп кўп ғийбат қилинг”. Сўнгра китобда бир нодон она воқеаси ҳикоя қилинган: Бу она фарзандларини уч нарса билан қўрқитиб, синдира бошлабди; ажина, ота ва Аллоҳ.

Болаларни уйқуга ётқизар экан:

- Қани тез кўзларингни юминглар, ухланглар бўлмаса ажина келиб сизни ейди, - дерди.

Тўполон қилганларида:

- Онасини хафа қилган болаларни Аллоҳ жаҳаннамга ташлайди, - дея қўрқитарди.

Бирор айб иш қилишганда ёки ёлғон гапиришганда:

- Даданг кечқурун келсин, кўрасан, калтак билан ҳаёлингни жойига келтириб қўяди, - дея таҳдид қиларди. Тарбия борасида сўзларимиздан кўра аҳамиятлироқ бўлгани бу қилаётган ишларимиз, ҳаракатларимиздир. Намоз ўқишга ҳозирланаркан, фарзандларини хонадан чиқариб юборадиган ота оналаримиз бор. Масжидга болаларнинг келишини ёқтирмайдиган қарияларни ҳам кўрамиз.

Улардан бунинг сабабини сўраганда:

- Тўполон қилиб намозни бузади, - дейишади. Аммо бу каби ишларимиз фарзандларимизни диндан совутишга сабаб бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бир куни қария бир қариндошимизнинг зиёратига бордик. Ўғлим ҳам мен билан бирга эди. бироз ўтирганимиздан сўнг намоз вақти бўлди. Намоз ўқир эканмиз, ўғлим келиб бўйнимдан қўчиб елкамга осилди. Иккаламиз ҳам бунга ўрганиб қолганмиз. Ўғлимга Пайғамбаримиз с.а.в. намоз ўқирканлар, набиралари Ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайн елкаларига осилганликлари ҳақида сўзлаб бергандим. Сўнгра, у ҳам балки ўзини Ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайнга ўхшатдими, мен намоз ўқирканман, бўйнимдан қучиб елкамга осиладиган ва биргаликда шу тарзда сажда қиладиган бўлдик. "Нима қилаяпсан”, дея ундан сўраганларида "Дадам билан намоз ўқияпман”, дея жавоб берарди. Ўғлим билан шу тарзда охирги ракаатни ўқир эканмиз, амаки намозларини тугатдилар. Сўнгра шаҳдам туриб ўғлимни елкамдан олиб, хонадан чиқарди ва эшикни ёпди. Мен салом бериб намозимни тугатган эдим. Улар менга қараб:

- Бу бўлмади, намозни янгидан ўқи, дедилар. Кулдим.

- Амаки, унақа қилманг, - дедим.

– Пайғамбаримиз с.а.в.нинг намозларини бузмаган нарса, нега мени намозимни бузади? Амаки нима демоқчи эканлигимни тушунмадилар.

- Нима экан Пайғамбар с.а.в.нинг намозини бузмаган нарса? Мен Пайғамбар с.а.в. ва уларнинг набиралари воқеасини айтдим.

Аммо амаки барибир тушунмадилар ва:

- Қаердан топасан, бундай ўйдирмаларни? - дея норози бўлдилар.

Болаларга жаннат ҳақида гапиринг

Бир куни қечқурун уйда ўтирар эканман, телефон жиринглади. Олдим, қўшним экан, салом аликдан сўнг:

- Ўғлимга кўз тегди, оғизга олиб бўлмайдиган гапларни гапирадиган бўлди, - деди.

- Нима бўлди?

- Оҳ, сўраманг. Мен билан бирга намоз ўқийдиган, масжидга чиқишни яхши кўрадиган бу бола нима бўлди билмайман. Намоз ўқимайман, дейди. Ўғлим, ундай дема, Аллоҳ намоз ўқимаганларни дўзахда ёқади, десам, мен ҳам уни ёқаман, дейди. Гапирган гапларини эшитиб 4 ёшли бола шундай гапларни гапира оладими, деб қўрқиб кетаяпман. Домлага ўқитиб юбориш керакмикин, шайтон гапиртираяпди, чоғи буларни унга. Аммо аввалига сиздан бир маслаҳат сўрай, дедим.

- Домлага олиб боришнинг ҳожати йўқ. У ҳақли, - дедим.

Қўшним бундай жавобни кутмаган эди.

- Нима деяпсиз? – деди шошиб.

- Кичкина болани дўзахда ёққанни бола қандай қилиб яхши кўрсин, намоз ўқисин, дуо қилсин? Болани жаҳаннам билан қўрқитишга ва Аллоҳдан совутишга нима ҳаққингиз бор? Болалар учун жаҳаннам эшиклари ёпиқ эканлигини билмайсизми? Уни бундай қўрқитиш билан Аллоҳга ва болага ҳақсизлик қилгансиз. Боланинг жавоби Аллоҳга эмас, сиз ўйлаб топган афсонагадир.

Бола учун ташвишга тушганим учун гапларим қўрс чиққанди. Қўшним бироз жим қолди:

- Кечирасиз, бошим қотди. Мен пайғамбаримиз с.а.в. нинг болани етти ёшдан эътиборан намозга ўргатинг, деганларини ўқигандим.

- Хўп, аммо жаҳаннам билан қўрқитиб ўргатинг, демаганлар-ку!?

- Тўғри, энди нима қилай? Унга нима дей?

- Бизникига келинг, бир қанча кўрсатмаларим бор, шулар ёрдамида хатони тўғирлашга ҳаракат қиламиз.

Ота яхши ният билан берган тавсияларимни бажарди. Боланинг бузилган эътиқоди Аллоҳ ёрдами ила қисқа вақтда туғирланди.

Болаларда ўлим қўрқуси

Тадқиқотларга кўра бола 7-9 ёшда ўлим ҳақида жиддий ўйлай бошлайди. У аввалига ота онаси ва сўнгра ўз ўлимидан қўрқади. Бу қўрқувнинг давоси охиратга ишонишдир. Қаердан келдик, қаерга кетамиз, саволига жавоб излаймиз. Бу саволнинг жавоби ислом арконларидан топамиз. Бир кун бир ўқувчим қўнғироқ қилиб, онаси вафот қилганини айтди. Унга сабр тилаб, тазия билдирганимдан сўнг у гапини давом эттирди. - Онам намоз-ниёзли бир аёл эдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин. Аммо мен сиздан бошқа нарса ҳақида сўраш учун қўнғироқ қилаяпман. 4 ёшли қизим бор, бувисини жуда ҳам яхши кўрарди. Онам оламдан ўткган кунлари уни холамнинг уйига олиб бориб қўйдик. Унга бувинг касал, дедим, қазо қилганларини айтганим йўқ. Аммо буни узоқ фурсат яшира олмайман. Барибир бировдан сўрайди, эшитади. Сўнг қаерга кетди, деб сўраши ҳам табиий. Аммо унга нима дейишимни билмайман. Маслаҳат берсангиз.

- Синглим, сизга маслаҳатим динимизда бўлган ақидани тушунтиринг. Бир икки кун ўтиб, дардингиз бироз енгиллашганда, қизингизни ёнингизга олиб, бувисини, ИншаАллоҳ жаннатга кетганини, у ерда гўзал ҳаёт ичида эканлигини айтинг. Жаннат ҳақида гапириб беринг.

- Мен ҳам шундай деб ўйлаётган эдим. Фақат "Энди бувимни кўрмайманми?”, деса, нима дейман?

- Бола саволларига жавоб берганда ҳар доим тўғрисўз бўлишимиз керак.

Тафсилотларга чуқурлашмасдан, у тушунадиган тарзда қисқача охиратда ҳаммамиз бир биримиз билан учрашишимизни айтинг. Албатта фарзандга дин тарбиясини биргина бу мақолага сиғдира олмаймиз. Айтиб ўтганларимиз ҳаётимизда яшаган ҳолатлар. Бундай ҳолатлар ҳар кимда ҳар турли бўлади. Болаларнинг ҳар бир бир айри шахс. Уларга бу шахсиятларидан келиб чиққан ҳолда муомала қилишимиз, уларга динимизни тўғри тушунтиришга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки болалар бизга Аллоҳнинг омонати. Фарзандларингиз берган саволларга жавоб беришга қийналсангиз бизга электрон почта орқали мактуб жўнатинг. Биз сизга бу мавзуда ёрдамчи бўлишга ҳаракат қиламиз, ИншаАллоҳ.

Категория: Hikoyalar | Просмотров: 1266 | Добавил: Kelinchak | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 2
0  
2 zahargul   (04.01.2012 11:20) [Izoh]
raxmat smile

0  
1 sayko   (05.08.2011 01:09) [Izoh]
ajoyib, RAHMAT!!!!!!!!!!!!!!!!!!

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]