Главная » 2011»May»2 » 03 Baxt saroyi (Kelinlar daftariga...)
17:40
03 Baxt saroyi (Kelinlar daftariga...)
Бахт саройи
Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг «Анна
Каренина» деб номланган асари шундай сатрлар билан бошланади: «Бахтли
оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар
бири ўзича бахтсиздир». Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан
баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади.
Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез
қилиб, озига қаноат қилаётган қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу
қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади.
Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос,
бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги
тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин
билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча
тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи! Икки толиба дугонанинг бири
ҳаё тарбиясини мукаммал олган, иккинчиси эса саёз. Ўша иккинчиси базму
зиёфатларда яйраган пайтида кутубхонада ўтирган дугонасидан кулади,
чиройли кўйлак сотиб олишга пули етмагани учун уни бахтсиз деб
ҳисоблайди.
Турли халқлардаги оила ва бахт тушунчаси ҳақида сўз
очдик, асосий гапларимизга ўтишдан олдин кичик бир мисолга мурожаат
қилайлик. Чунки бугунги кунда сиз ҳар куни бир-икки телесериални
кўряпсиз. Эрталаб кореялик қизнинг бахтсизлигидан йиғласангиз, пешинда
турк аёлига ўхшаб саодатга эришсам, дейсиз. Оқшомда мексикаликнинг
севгисига ҳавас қиласиз. Мен бу сериалларни ҳақиқий санъат асари, деб
қабул қила олмайман. Мазмун саёз, актёрлик, режиссёрлик маҳорати ғоят
ҳароб. Шунга қарамасдан, кўпчилик қизиқиш билан томоша қилаётган бу
сериалларни бутунлай инкор этишга ҳаққим бўлмаса керак. Лекин бу борада
бир-икки маслаҳатни айтишга бурчлиман.
Келинпошша, томоша чоғида
ақлни ишлатишингизни, воқеаларни ақл билан таҳлил қилишингизни ва
хулоса чиқаришингизни истар эдим. Томоша пайтида атрофингизда болалар
бўлса, уларга кўрсатмаслик чорасини топишингиз лозимлигини эслатаман.
Чунки кичкинтойлар томоша чоғида сиз каби ақлни ишлата олишмайди. Ўрни
келганда яна бир ҳижолатли масалани ҳам ўйлаб кўришга сизни даъват
этаман: бу томошаларда беҳаё саҳналар бор. Агар қайнона-қайнотангиз
билан биргаликда кўраётган бўлсангиз, нима қиласиз? Баъзи қайноталар
"кинонинг шунақа жойи келса, туриб чиқиб кетаман”, дейишади. Бу –
уларнинг фаросатли эканидан далолат. Лекин, Келинпошша, шундай беҳаё
саҳна бошланиши билан сиз тез туриб чиқиб кетсангиз ҳаёли ва иффатли
эканингизни исбот қилган бўласиз.
Хориж киноларини қандай тушуниш
керак, деган саволга жавоб бериш учун тилга олганимиз асардаги Анна
Каренинанинг оиласи ва унинг ўлими билан Кумушбибининг оиласи ва ўлими
орасидаги фарқни айириб олишга уринайлик:
Икки ёзувчининг тасвирига
қараганда, бу аёлларнинг иккови ҳам ғоят гўзал, икковида ҳам муҳаббат
бор, икковлари ҳам севги қурбони. Ҳар икки асар ҳам лобарларнинг
ўлимлари билан ниҳоясига етади. Лекин уларнинг муҳаббатлари ва оилага
садоқатлари бир хилми? Анна – оилали жувон, бегона эркакни севди.
Оқибатда ўзини ҳалок қилди. Унинг бир гуноҳи икки бўлди. Кумушбиби –
маъсума аёл. У жуфти ҳалолига содиқ. Уни ҳатто кундошидан ҳам қизғанади.
Балки ана шу қизғаниши, рашкининг чегарасидан чиққани учун ўлим
топгандир? Бу икки аёл ўлими сабабчилари – Аннанинг севгилиси (эри
эмас!) билан Кумушнинг кундоши – Зайнаб тақдирида қандай яқинлик бор?
Ҳеч қандай! Кумуш-зайнаблар тақдирини европаликлар ҳаётидан излаб
тополмаймиз. Келинг, икки ўлимга доир икки баёнга диққат қилайлик:
«...яқиндагина
ҳаёт жўш уриб турган, энди эса казарма столида, ёту бегоналар кўзида
Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди; соғ қолган
чаккалари, гажакли боши, оғир кокиллари орқага ташланган; гўзал
чеҳрасида, ярим юмуқ қизғиш лабларида ачинарли, тиниб қолган очиқ
кўзларида ваҳимали бир ифода бор эди; бу ифода уришиб қолишганда
Вронскийга «Шошманг, ҳали пушаймон бўласиз», деган ўша даҳшатли сўзни
айтиб турганга ўхшарди...»
Бу баёндаги «Аннанинг жасади ибосиз бир
равишда қонларга беланиб ётарди», деган тасвирга алоҳида эътибор
қаратмоқ лозим. Муҳаббат деган баҳона билан оилага хиёнат қилган, ибосиз
ҳаёт кечирган аёлнинг жасади ҳам бегоналар кўзи олдида ибосиз ҳолатда
ётарди. Бу ҳам ибосиз ҳаёт учун берилган бир "мукофот” эмасми! Энди бу
тасвирга диққатингизни тортамиз:
«...Ҳожи Кумушнинг бошига келиб
ўлтурди. Отабек ва онаси оёқ устида эдилар. Кумушнинг кўзи юмуқ, сочлари
юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб Кумушнинг
кўкимтил товланган юзини кўрди ва ва манглайини босди...
- Ойим... Ойим!- деди Ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.
- Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг!
Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади:
- Худо шифо берар, болам!
Кумуш
жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, Ҳожи ҳам унинг бошини тутди...
Бу гал қусуқ қонга айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон
оқди... Қусуб ётгач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат
қаранди:
Устоз
Абдулла Қодирий қаламларидан кўчган бу тасвирнинг ҳар бир нуқтасига
диққат билан разм солайлик. Биз истаймизми, истамаймизми, оила
масаласини англашда ғарб ва шарқ тушунчалари орасида кескин фарқлар
борлигини тан олишга мажбурмиз. Буни юқоридаги икки баён ҳам тасдиқлаб
турибди.
Кумуш «эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини
юмди...» Бу ҳолат оддий муҳаббат тасвири эмас, балки ўлими олдидан ҳам
эрининг мартабасига риоя қилинишининг ифодасидир. «Исломда инсонга сажда
қилиш йўқ. Агар бўлганида, аёлларнинг эрларига сажда қилишларини
буюрган бўлардим», мазмунидаги ҳадис маъносидан аёл киши эрига итоат
этиши лозимлиги англашилади.
Эри қай пайтда аёлини ёнига чақирса, аёл
албатта итоат қилиши ва ҳар қандай ишни тўхтатиб, эрининг ёнига бориши
шарт. Шарқдаги оилалар асрлар бўйи шу одат бўйича яшаганлар. Бу одат
бузилган онларда оилада ихтилоф чиққан. Ҳозирги кунимизда аёлларимиз
ёшлик қилибми, ёки ғарбнинг таъсиридами, бу одатни рад этишга
интилишади. Эр чақирганда «ҳозир» деб қўядилар-да, ишларини
қилаверадилар. Бирон иш билан машғул бўлишса, узрлидир, лекин
телефондаги узундан-узоқ гапларини бас қилмасликлари, телевизордаги
Мексиканинг беҳаё фильмларидан кўз узгилари келмай ўтиришлари айб
саналади. Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ, ёш оилаларнинг
қўйди-чиқдиларида иштирок этганимда деярли ҳар бирида хотинга нисбатан
шу айб айтилади.
Келинпошша, бу сўзларни ўқигач, «демак, эр
хўжайин, хотин – чўри мартабасида экан-да?» деган тўхтамга келдингизми?
Унда адашибсиз. Бундай фикрдан узоқ бўлишингиз керак. Эрга хизмат қилиш
чўрилик эмаслигини тўйдан олдин ота-оналар қизларига яхшилаб тушунтириб
қўйишлари зарур. Афсуски, қизларимизга сеп тўплашга берилиб кетиб, одоб
бойлигини беришни унутиб қўямиз. Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари
хотиннинг эр ҳузуридаги бурчи хусусида фикр юритиб, шундай ёзганлар:
-Хотин гуноҳ бўлмайдиган ҳар қандай масалада эрининг хоҳишларига сўзсиз итоат этиши керак.
Аллоҳ Расули дедилар: "Қайси хотиннинг эри ундан мамнун ҳолда вафот этса, ўша хотин албатта жаннатга киради”.
Эрдан
берухсат уйдан бировга бир нарса бермаслик, эрдан рухсатсиз нафл рўза
тутмаслик ҳам эрнинг хотиндаги ҳаққи жумласига киради. Агар эрига
билдирмай унинг мулкидан бировга бир нарса берса – хотинга гуноҳ,
берилган садақанинг савоби эса эрига ёзилади. Эридан ижозат олмай рўза
тутса қабул бўлмайди, оддий очлик ва чанқоқлик бўлади. Хотин эридан изн
олмай уйидан чиқса, уйига қайтиб келгунича ва тавба қилгунига қадар
фаришталар унга лаънат ўқийдилар.
Ҳақ-ҳуқуқлар бўйича кўрсатмалар
етарли. Лекин уларни бажаришда баъзан хатоликларга йўл қўйилади. Яқинда
бир маҳаллада ёш оила бузиладиган даражага келди. Эрнинг даъвоси битта:
хотин унинг чўнтагидан пул олган. Эр юқорида зикр этилган ҳукмга маҳкам
ёпишиб олган. Тўғри, хотин у ухлаб ётган маҳалида чўнтагидан пул олган.
Лекин атайин беркитиқча эмас, сут харид қилиш учун олган. Эри кеч келиб,
уйқуга кеч ётгани учун уйғотиб сўрашга кўнгли бўлмаган. Бу – бирламчи.
Иккиламчи ва энг муҳими – хотин бундай кўрсатмалар ва ҳукмлардан
бехабар. Ота-онаси ҳам, эри ҳам унга бу ҳақда гапиришмаган. Шундай экан,
уни айблаш, бизнингча, инсофдан эмас. Бу ўринда эрнинг норози бўлиши
нотўғри. Хотиндан ажрашишга баҳона қидириб юрганида шу воқеа содир
бўлгану, ҳукмга маҳкам ёпишиб олган. Бу жаҳолатдан бошқа нарса эмас.
Оиладаги
эр ўрнини, мартабасини чойхонада тўпланадиган тўрт-беш эркак бамаслаҳат
белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси: «Эркаклар хотинлари
устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг
бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва
эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат
қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи
ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи
хотинлар – яхши хотинлардир» (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу
иродасига қарши чиқилса, ёки ислоҳ этишга уриниш бўлса, билингки, бу
оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етилади.
Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари
керак. Чунки мазкур ояти каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ
белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва
маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай
хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши
учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби
сифатлар сабабли у оила бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли,
эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир.
Демак,
оилада эрнинг аёлига нисбатан ўта жиддий масъулияти бор экан. Аёлнинг
еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланишига масъул эканларини
унутган айрим эрлар борки, уларнинг ғафлат уйқусидан уйғонишлари вақти
келмадимикин?
Такрор ва такрор эслатамиз: оилани моддий жиҳатдан
таъминлаш ҳам эрнинг вазифаси. Ҳатто бирон сабаб билан аёл болани эмиза
олмаса, эмизадиган энага топиб, болани улғайтириш ҳам эрнинг бурчи.
Ислом дини оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради.
Эр-хотиннинг бир-бирларига муносабатлари аниқ белгилаб берилган. «Оналар
болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига
етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва
кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ
(масъулият) юкланмайди» (Бақара сурасидан). Ислом дини эр куч-қувватли
деб, аёлни эр тарафидан хўрлатмайди; аёлни ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам
йўл қўймайди.
Баъзи бир эрлар дейишсаки: «Мен хотинимнинг ҳаққини
билмайман. Мен хўжайинман. Икки гапнинг бирида сўкмасам, хумордан
чиқмайман. Урмасам, қўлим қичиб туради». Шундайми? Яхши, аммо бунинг
учун охиратда албатта жазога тортилишингизни унутманг. Аллоҳ бизларни
огоҳлантиради: «У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам,
хотинию бола-чақасидан ҳам қочур». Ажаб! Нега охират куни эр ўз
хотинидан қочар экан, ўйлаб кўрмаганмисиз? Чунки фоний дунёда уни ноҳақ
урди, унга тўғри йўлни кўрсатмади, моддий таъмин этмади... Энди вақт
келдики, хотин ҳаққини талаб этади. Агар шундай бўлишига ишонмасангиз,
қандай яшагингиз келса, яшайверинг. Аллоҳ ҳозирча ихтиёрингизга қўйибди.
Охират шундайки, бу дунёда қул мартабасида яшаганлар хўжайинидан кўра
юқорироқ даражага етишади. Бу дунёда керилиб юрган жаноблар менсимаган,
сариқ чақага олмаган, ҳақоратлаган, хўрлаган, қул ўрнида кўрган
одамининг шафоатига муҳтож бўлиб қолади. Хотини ҳақига риоя қилмаган
эрнинг оқибати ҳам шундан ўзгача бўлмайди. «Хотинларнинг ҳақларига риоя
этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари
хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, улар сизнинг ёрдамчиларингиз ва
сизнинг мададингизга муҳтождирлар. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг
омонатидир». Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Вадо хутбаларидаги бу
васиятларини ҳар бир эр доимо дилида сақлаши ва амал қилиши шарт. Бу,
Парвардигорнинг омонатларига хиёнат қилишдан ўзни сақлаш керакдир,
дегани бўлади.
Шайх Ҳотами Асомнинг хотинлари ҳам солиҳа ва каромати
зоҳир аёл эдилар. Бир куни Ҳотам ҳазратлари сафарга кетмоқчи бўлиб,
аёлларига:
- Мен тўрт ойлик сафарга кетгайман, шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа истайсан?-деб сўрадилар.
- Тириклигинг ва ўлиминг менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг измидадир.
- Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг измидадир.
Ҳотам
ҳазратлари бу жавобни хуш кўрдилар ва аёлларини дуо қилдилар. Қўшни
хотинлар келиб «Эрингиздан нечун нафақа сўрамадингиз?» деб ажабланишди.
Жавобан дедиларки: «У ҳам мен каби ризқ егувчидир, бергувчи эмасдир».
Эр-хотинлик
ўртасида Аллоҳ ҳузуридаги тенглик шундай бўлади: эр ўз бурчини, хотин
ҳам ўз бурчини тўла адо этиши шарт. Оила бахти саройи ана шундай тенглик
пойдевори устига қурилади. Буни англаган оилага инқиро ҳавф солмайди.
Эр ўз масъулиятига, хотин ўз масъулиятига тенг жавобгарлигини ҳис этиш
керак. Тенг ҳуқуқлилик шундан иборат. Эр билан теппа-тенг гап талашиш,
теппа-тенг олишиш – тенгҳуқуқлилик эмас, нодонлик. Енгил вазндаги боксчи
ҳеч маҳал оғир вазндаги боксчи билан олишмайди. Оилада ҳам мана шу
қоидага амал қилинса, яхши бўлади.
Эшитган эдим (ростми ёлғонми,
билмайман): лўлиларнинг қай бир уруғида тўй чоғи куёв бола гулхан
атрофида ўтирар экан. Келин эса бўйнига хуржун осиб олиб унинг атрофида
айланар, «Ўлгунимча сени боқаман», деб қасам ичаркан. Шу зайлда уч марта
айланиб, қасам ичгач, куёв унга уйланишга розилик бераркан. Бозорларда
катта-катта ва оғир-оғир халталарни кўтариб юрган аёлларимизни
кўрганимда лўлиларнинг шу одати эсимга тушади. Бизда, уларнинг одатидан
фарқли ўлароқ, никоҳ чоғи эр зиммасига оила ташвиши юкланади. Агар узоқ
сафарга отланса ҳам, таъминотни мукаммал қилиб кетиши керак. Аёлларнинг
бозорга тушиб, оғир рўзғор халталарини кўтариб чиқишлари эр учун бир
уят бўлса, тижорат мақсадида бегона юртларга бегона эрлар билан юбориши
ундан баттар исноддир, шармандаликдир!
Тижорат мақсадида узоққа
борган аёлларимиз ҳақида турли миш-мишлар юради, биз уларни
маъқулламоқчи эмасмиз. Агар шундай десак, покиза опа-сингилларимизга
туҳмат қилиб қўйган бўламиз. Лекин улар ризқ қидириб узоққа бормаслик ва
маҳрам-ҳамроҳсиз юрмаслик ҳақидаги буйруқларга амал қилсалар, ўзларига
нисбатан ортиқча гап орттириб олмайдилар. Ундан ташқари ранжитадиган
нарса – аёллар мусофирликда қийналиб, оғир юклар кўтариб юрадилар, йўл
азобини кўрадилар, ўз масъулиятига риоя қилмаётган эрлар эса чойхонада
ошхўрлик қилиб ётадилар.
Бугунги кунда одам савдоси ҳақида ташвишли
гапларни эшитяпмиз. Алданган қиз-жувонлар тақдиридан афсусланяпмиз. Бу
борада кимни айблаяпмиз? Алдовчи, қўшмачи муттаҳамларними? Оталар-чи?
Эрлик бурчини бажармаётган номардлар-чи? Бу саволларга тўғри жавоб
берилмаса, вабо каби бу хасталикдан жамиятнинг қутулиши қийин кечади.
Ўтган
асрда Европада эр-хотин ўртасида тенгҳуқуқлилик деган масала кўтарилди.
Совет жамияти бунга алоҳида эътибор берди. Аммо аёлларни эрлар билан
тенгҳуқуқли қиламан, деб уларни аксинча чўридан баттар ҳолатга
айлантирди. Тенгҳуқуқлилик дегани эр нима иш қилса аёл ҳам бажарсин,
дегани эмас. Эр қурилишда ғишт терди – аёл ҳам, бетон қуйди – аёл ҳам,
трактор минди – аёл ҳам. Бу ўтакетган инсофсизлик-ку! Европада
кўтарилган масала бошқача эди. Ўтган асрларда заводда айнан битта ишни
бажарган эрга кўпроқ, аёлга эса камроқ ҳақ тўланган. Ўзларини чин
демократлар деб ҳисобловчи АҚШда ҳам аёллар сайлаш ҳуқуқига эга
бўлишмаган. Аёлларнинг халқаро ҳаракати шу масалалардаги
тенгҳуқуқлиликни талаб қилган. Афсуски, тенгҳуқуқлиликни нотўғри тушуниш
ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Ўрни келганда айтиб кетайлик: штанга,
кураш, бокс, футбол, велосипед... каби спорт турларида қиз-жувонларнинг
қатнашишлари бизнингча дуруст эмас. Масаланинг маънавий томонларини қўя
турайлик, тиббий жиҳатдан ёндошайлик. Спортнинг бу турлари ёш
қиз-жувонларни оқибатда ногирон қилиб қўяди-ку?! Айниқса профессионал
спортга кирган қиз-жувонларга берилаётган таркибида гиёванд моддалар
бўлган, номи "дори” ю, аслида заҳарнинг оқибатини жаҳон кўриб-билиб
турибди-ку?
Kottakon raxmat. Boshidan oxirigacha o'qib chiqdim, va o'zimga kerakli hayot davomida asqotadigan narsalarni bilib oldim. Hozirgi kunda Yevropa davlatlarining birida yashayapman, bu yerdagi ayollarni ko'pchiligi (hammasi emas) turmush haqidagi fikrlari unchalik yaxshi emas, ayollik fazifalariniku gapirmasam ham bo'ladi oilani jiddiy qabul qilishmiydi. Faqat make up, fitnes, shoping, party, dugonalarga o'zini ko'z ko'z qilish, barlarda erkaklar bilan baravar pivo ichishlari, va xokazolar. Shunday xulosaga keldimki Chet el ayollari bizning haqiqiy o'zbek ayollaridan ko'p narsa o'rganishlariga to'g'ri keladi. Baribir o'zimizning haqiqiy o'zbek ayollariga na Yevropa na Amerika ayollari teng bo'la olmaydi!!!!!
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]