Ўзбек ошпазлари Гиннес рекордлар китобига кириш иштиëқида бирваракайига 4 тоннаю 700 килолик ош дамламоқчи.
Ўзбекистон мустақилликга эришгандан сўнг кўпгина соҳаларда ўсишлар кузатилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Таълим, спорт, иқтисод, маданият – кундан-кунга ривожланаётган бундай соҳаларни номини яна узоқ давом эттириш мумкин. Жумладан, миллий пазандалик (ошпазлик) соҳасида ҳам моҳир ошпазларимиз дунё ошхоналарида нуфузли ўринлар эгаллаб келишмоқда ва юртимиз довруғини ҳамда миллий ошхонамиз номини ўзга юрт эгаларига танитиб келишмоқда. Ушбу ютуқларга эришишда ҳукуматимиз эътибори билан бирга Ўзбекистон ошпазлар уюшмасининг хизматлари ҳам беқиёсдир. Навбатдаги улкан ва жиддий ҳамда масъулиятли янги бир лойиҳа ҳам айнан миллий ошхонамизга оид. Ушбу лойиҳа www.oshxona.uz сайти ташаббуси ва Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси кўмаги ва бошчилигида амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бу лойиҳада шоҳона таомимиз бўлмиш ўзбек паловхонтўрасининг Гиннес рекордлар китобига киритиш мақсад қилинган. Бунинг ортидан аввало Ўзбекистонни сўнгра ўзбек миллий ошхонасини, паловини дунёга танитиш мақсадимиз бор.
Гиннес рекордлар китобига киритилган таомлар билан танишиб чиқилди, энг катта пицца Австралияда, энг катта шоколад плитаси Арманистонда, энг катта омлет Туркия, энг катта салат Бахрайнда, энг катта пряник Норвегияда тайёрланган экан, баъзи хабарларга кўра энг катта чак-чакни татарлар тайёрлашган деган маълумотга ҳам дуч келинди, аммо бу тасдиқланмади.
Ўзбек ошхонаси таомларидан ҳали ҳеч бир таом Гиннес рекордлар китобидан ўрин олмаган экан. Шунинг учун биз ҳам паловхонтўрамизни юқоридаги рўйхатлар орасига киритишни ният қилдик.
Аслида бу лойиҳани Мустақиллигимизнинг 20 йиллик юбилейи арафасида амалга оширишни мақсад қилган эдик, аммо улгурмадик. Сабаби Гиннес рекордлар китоби маъмуриятига лойиҳа таклифи билан чиқилгандан сўнг, улар ушбу лойиҳани ўрганиб чиқиши ва натижасини айтиши учун маълум вақт талаб этилар экан, шунинг учун бу лойиҳани Мустақиллик куни амалга ошира олмаган бўлсакда, Наврўз ёки бирон бир байрам арфасида амалга ошириш имкони бор, бу билан сайёҳлар эътиборини ҳам жалб қилиш мумкин.
Лойиҳа мазмуни билан Гиннес рекордлар китоби таҳририятига мурожаат қилдик. Маълум муддатдан сўнг улардан мактуб олдик. Улар ҳам бизнинг лойиҳамизни қўллаб-қувватлашди ва лойиҳани амалга ошириш учун изн беришди.
Claim ID: 366802 Membership Number: 321991
Thank you for your application to attempt the record ‘Biggest amount of pilaf cooked in one cauldron pot'.
The current record (current as at the date of this letter) is: Golden Season Family Restaurant, Wagga Wagga, New South Wales, Australia cooked the world's largest bowl of rice weighing 4.7 tonnes 10,528.16 lb at Bolton Park, Wagga Wagga on October 28, 2000.
Кўриб турганингиздек, улар хозирги вақтда рекорд ҳисобланиб турган натижани ҳам айтиб ўтишган. Унга кўра 2000 йил Австралияда бир идишда 4,7 тонна гуручли таом тайёрлашган ва бу хозирги рекорд ҳисобланар экан. Рекордни янгилаш учун биз ундан кўпроқ оғирликда палов тайёрлашимиз зарурлигини эса таъкидлашимиз шарт эмасдир.
Шунингдек, улар Рекорд ҳисобланиши учун асосий бўлган шартларни ҳам батафсил юборганлар. Унда айтилишича, агарда махсус гуручли таом тайёрланадиган бўлса, унда таомнинг 80%и гуручдан иборат бўлиши ва таомнинг барчаси битта идишда пиширилиши шарт экан.
Биз олган маълумотларга кўра тарихда энг кўп, яъни катта палов Амир Темур даврида у кишининг амри ила тўрт нафар ошпаз бошчилигида бир катта қозонда 1,5 тонна ош тайёрланган экан. Агар ушбу маълумотлар асосли бўлса, демак бугунги XXI аср шароитида юқоридаги кўрсатгични забт этиш мумкин, агарда хоҳиш, жасорат ва эътибор бўлса бас. Хозирги кунда эса энг катта палов 2007- йили 7- июлда Урумчида тайёрланган бўлиб вазни бир тоннадан зиёд бўлган, баъзи манбааларда 10 000 киши учун тайёрланган ҳам дейилган.
Тасаввурга сиғдириш учун ҳисобни бир килограммлик гуручдан бошлайдиган бўлсак: 1 кг гуруч 1 кг сабзи 0,8- 1 кг гўшт 0,7-1 литр сув 1-2 бош пиёз
Юқоридаги маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда палов тайёрланса, ўртача 3,5-3,8 кг тайёр палов бўлади ва бунинг таҳминан 65-70% гуручдан иборат бўлади.
Бизга 80% гуручли кўрсаткич бўлиши учун хар бир кг гуручга 100 гр гуруч қўшиб юбориш лозим бўлади, яъни бир килолик ошга (масаллиқларига) 1,1 гуруч кетади.
Хозирда мазкур лойиҳа устида жиддий иш олиб бормоқдамиз. Бу борада Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси катта кўмак кўрсатиб қўллаб-қувватламоқда. Бундай катта ҳажмдаги лойиҳани уларнинг ёрдами ва иштирокисиз амалга оширишнинг имкони йўқ албатта.
Аслида ушбу лойиҳани кенг жамоатчиликка эълон қилмай туришни афзал билгандик, сабаби тўйдан олдин ноғора чалишни хоҳламагандик. Агарда ушбу лойиҳа амалга ошмай қолса, унда бироз уятга қолишимиз мумкин эди. Бироқ бугун www.olam.uz да чиқарилган янгиликдан сўнг (улар бу хабарни қандай қўлга киритгани бу умуман бошқа масала), биз ҳам лойиҳа ҳақида батафсил ёзишга мажбур бўлдик. Қолаверса у ерда ёзилган баъзи нотўғри маълумотларни аниқлаштириш лозим эди.
Хозирча, қўллаб-қувватлаб турасиз, азиз юртдошлар. Муҳим янгиликларни албатта эълон қиламиз Сизларга!
Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси аъзоси |