Ушбу мураббони ёшлигимизда уйдагилар тез-тез тайёрлаб туришарди, ҳозирда эса негадир тайёрламай қўйишди,
балки замон ва макон ўзгаргани учундир. Балки ҳозир ҳам аксари
хонадонларда ҳали ҳам тайёрлашар. Сабзили мураббони таъмини татиб
кўрмаган киши қолмаган бўлса керак. Бир неча кун олдин миллий
таомларимиз жамланган китобларни варақлай туриб, ушбу унутилмас лаззатли
мураббога дуч келиб қолдим ва эртасига тайёрлашга аҳд қилдим.
Таёрланиши унчалик ҳам мураккаб эмас, бугунги саҳифамизда таркибида сув, сабзи, шакар ва таъбга кўра ванилиндан иборат бўлган мураббони тайёрлашни ўрганамиз. Керакли маҳсулотлар: - Сабзи 1 кг
- Шакар 800 гр
- Сув 1,7-1,8 лт
- Таъбингизга кўра ванилин
Тайёрланиши: Сабзини
тозалаб (арчиб) тўғраш лозим. Сабзини ҳар ким ўз истаганича тўғраши
мумкин, истасангиз тўртбурчак шаклда, истасангиз бошқа бир шаклда. Биз карвинг дарслиги саҳифасида ўрганган шаклда тайёрладик. Тўғраб
олинган сабзи ва сувни идишга солиб, то сабзи ўз тусини ўзгартириб,
тилла ранг бўлгунга қадар баланд бўлмаган оловда қайнатилади (таҳминан
20-30 дақиқа) Сўнгра шакар солиб, яна 5-7 дақиқа қайтилади ва охирги дақиқаларда ванилин қўшиб аралаштириб юборилади. Мураббо совуқ ҳолида дастурхонга тортиқ қилинади. Ёқимли иштаҳа! |