••● Www.UzGirlS.neT ●•• -
Категории раздела

O'zbek Filmlar

Seriallar

Multfilmlar

Konsertlar

Kliplar

MP3 Fayllar

Islamic

Yangiliklar

She'rlar

Hikoyalar

Quyuq Taomlar

Chet El Taomlari

Salatlar

Shirinliklar

Foydali Maslahatlar

Salomatlik Sirlari

Har-Xil

Kulgu

Поиск
Мини-чат
Календарь
Архив записей
Наш опрос
Saytga baho bering !
Hamma javoblar: 1428
Статистика

Главная » 2011 » Fevral » 19 » Либос одоблари
12:00
Либос одоблари


Иймонга мос келмаган кийим тўғрисида

Давримиз аёлининг диндорлик, ахлоқ, номус ҳақидаги тушунчалари билан бирга ёқаси очиқ кўйлаклар кийиши, очиқ-сочиқ юриши ички дунёси билан зидлашади. Уйида эрларига ҳокисорона муомала ва кўринишда бўлиб, ташқарида бегона кўзларга гўзал кўриниш эҳтиёжини ҳис этган аёллар бошқаларга нисбатан ҳар қанча яхши ниятли, холис, пок қалбли эканликларини сўзласалар-да, бу ишлари ўз қадр-қимматларига қарорларига мувофиқ ҳаракат эмаслигини ўзлари ҳам жуда яхши тушунмоқдалар.

Исломда кийим одам танасини кўз-кўз ёки намойиш қилиш учун эмас, ўраниш, беркитиш учун кийилади. Кийим жинсий майлни кучайтирмоқ, уйғотмоқ учун эмас, аксинча тинчлантирмоқ, камайтирмоқ учундир. Маънавий юксалиш инсонни моддий машаққатга ташламайди. Ислом фақат моддиятга йўл кўрсатиб, уни назорат қилади. Диннинг ғояси жисмга беэътиборлик ёки инсонни дунёдан узоқлаштириш эмас, Ислом инсон ҳиссиётларининг мўътадиллигини сақлайди. Ўзини фақат танадан иборат деб билиб, жисмдан фойдаланишдан бошқа нарсани ўйламайдиганлардан бўлмаслиги учун ўлчов, чегара қўяди.

Эркак ҳар жойда, дуч келган аёлдан хоҳлаганча фойдаланишини дин таъқиқлаган. Ислом бу борада аёллар учун исломий кийиниш қоидаларини кўрсатиб, аёллар зиммасига мажбурият юклаган.

Ислом буюрган шаклда кийинмаганлар ўзларини қанчалик яланғоч эканликларини билмасалар ҳам, кийинганмиз дея ўйласалар ҳам, ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.) ифодалаганларидек "кийинган яланғочлар”дир.

Яланғочлик луғатда "ҳеч нарса киймаган ҳолат, ечинганлик, урён, устида либос бўлмаслик” мазмунида келади. Яланғочлик исломий маънода эса, авратлари бутунлай ёки қисман очиқ маъносидадир. Яланғочлик – Ислом дини бошқа инсонлардан ҳимояланиш учун ўрашни амр этган тана аъзоларининг очиқ қолишидир. Балоғатга етган қизларнинг ёки хотинларнинг турмушга чиқиши мумкин бўлган эркакларга вужудининг ҳар қандай бир (аврат ҳисобланган) аъзосини кўрсатиши яланғочлик саналади. Яланғочлик динимизга кўра бир фитнадир. Террор инсоннинг танини ўлдираркан, яланғочлик эса ҳам инсон баданини, ҳам руҳини ўлдирмоқда. Яланғочлик туфайли уялиш туйғуси йўқолади. Аллоҳ Зулжалол таъкидлаган ёмон туйғу ва ҳатти-ҳаракатлардан тийилмоқ ва қочмоқ ҳаё (уялиш туйғуси)дир. Ҳаё – уялиш ва ор маъносидадир.

Ислом атамасига кўра ҳаёнинг бошқа бир таърифи; мункар (ёмон ва ҳаром)дан чекинмоқ, узоқлашмоқ, қочмоқ ва инсон ўз-ўзини айбламоғидир. Уялмоқ – нотўғри хоҳишдан тийилмоқдир, шариат таъқиқлаган иш-ҳаракатлардан тўхтамоқ ва хижолат бўлмоқ туйғусидир. Уялиш туйғуси инсонни яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтарувчи бўлгани учун Пайғамбаримиз (с.а.в.) иймоннинг бир шохи деганлар.

"Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган одам, бошини ва бошидаги кўз, тил, қулоқ каби аъзоларини, қорнини ва қорин бўшлиғидаги аъзоларини (Аллоҳнинг амрига зид ҳаракатдан) тийсин, (аксинча) ўлимни ва чириб йўқ бўлажагини хотирласин. Охиратни истаган дунё безакларини тарк этади. Буларни адо этган, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё этган (уялган) бўлур” .

Тасаттур қоидалари уйланиш ва оила қуришни ҳимоя қилади. Эркак билан аёл орасидаги фитна, адашиш сабаби аввало эркак билан аёлнинг бирга бўлиши ва дўст тутинишидир. Динимиз мажбурий ҳоллардан ташқари аёл ва эркак бирга бўлишини хавфли ҳисоблайди. Шариат бу сақланишни фақат қариндошлик ва эҳтиёт чора-чегаралари ичида жоиз кўради. Жаноби ҳақ аёл билан эркакни ҳассос яратган ва бу икки жинс орасида маълум бир чегара қўйган. Бу икки жинс орасидаги фарқлилик ҳолатига шундай мисол келтиришимиз мумкин. Урғочи билан эркак (зид) қарама-қарши (жинс) баҳоланади. Позитив (+) ва негатив (–) сифатида таърифлайдиган бўлсак, бу баҳолар аёл ва эркак орасидаги тортишиш қувватини етиштиради. Эркакнинг аёлга бўлган шаҳвати сабабли эркак билан аёл орасига тушадиган таъсирга тўсиқ бўлувчи тасаттур аёл билан эркакнинг аралашувини ман қилади. Яланғочлик туғдирган чегарасизлик аёл ва эркакни бир-бирига гиж-гижлаб, уйланиш ва оила қуриш тамалларини бузади.

Жинсий эркинлик келтирган хасталиклар

Ялонғочлик "маданияти” билан бирга келган жинсий эркинлик тери-таносил хасталикларини тезлик билан ёйилишига сабаб бўлди. Қадимдан қолган жинсий хасталиклар давоси бугун осонроқ бўлса ҳам, янги пайдо бўлаётган хасталиклар қаршисида тиб илми даволашда ожизлик сезмоқда. Баъзи одамларда асоратини қолдирган бу хасталиклар кўпинча ўлимга сабаб бўлмоқда.

Сўзак (гонорея), заҳм (сифилис), харрас ва кейинги йилларда пайдо бўлган хламидия каби бузуқ жинсий муносабатдан ҳосил бўлувчи хасталиклар, буларни ҳам йўлда қолдирувчи ОИТС хасталиклари бор.

Сўзак сийдик йўлларини яллиғлаб, яралайди. Бу хасталикка учраганлар бутунлай соғайиб, аввалги ҳолларига қайтишлари мушкул. Сийдик қопига, жигар ва бошқа аъзоларига ҳам зарари бор. Бу касаллик сўзак хасталиклари билан оғриган одам билан алоқада бўлганларга юқади. Аёллар бепушт бўлиб қолишлари мумкин. Заҳм микроблари барча аъзоларга тарқалади, наслдан-наслга ўтади, осон юқади.

Хламидия аёл-эркакка бир хил таъсир этади. Ҳеч қандай белги бермасдан вужудга ёйилиш хусусиятига эга. Насл борасида аёл учун таҳликали. Хасталик аёлдан туғилган болага ўтиб, мия асорати ва саратон (рак) касалига олиб келиш хавфи бор.

ОИТС вируси сабаб бўлган хасталик эса ўта хавфли ва ҳалокатли. Бу вирус дастлаб француз Л. Монтагниэр, сўнгра америкалик Роберт Галло томонидан 1984 йилда топилди. Бу хасталикка энг аввал 1980 йилда Нью-Йоркда дуч келинди. Африкадан, хусусан Хаитидан келган жуфт жинс сайёҳлар бу вирусни қисқа вақтда Америкадаги жуфт жинсларга тарқатди.

HTLV-3 вируси вужудни хасталиклардан ҳимоя қиладиган Т ёрдамчи ҳужайраларини йўқотади. Кейинги босқичда ўпка яллиғланиши, саратон ва шунга ўхшаш касалликлар бошланиши мумкин. Хусусан, ҳужайра пардасида ёмон қабариқлар пайдо бўлиб, бу ОИТС эканини далиллайди. Бу пуфакчалар терида бинафшаранг доғлар ҳосил қилади. Қон, туфук, маний ва жинсий алоқа орқали бошқага ўтади. ОИТС вируси хусусан бир жансдагилар ва бисексуалларда ва улар билан алоқада бўлганларда тез урчийди. Инсоннинг касалликларга қарши қобилиятини йўқотади.

Оятларнинг нузул сабаблари

Али ибн Абу Толибдан (р.а.) ривоят қилинишича: "Расулуллоҳ (с.а.в.) замонида Мадина кўчаларида кетаётган бир аёл ва бир эркак рўбарў келишганида қарашади. Шайтон бу боқишларини бир-бирига ёқтиришга ҳаракат қилади. Киши бир томондан юрар ва у аёлга қарарди. Боши аёл тарафга бурилган бўлгани учун олдиндан чиққан бир деворга урилиб, бурнини қонатди; "Аллоҳга (ж.ж.) қасамки, Расулуллоҳга (с.а.в.) бориб, вазиятни тушунтирмагунимча бурнимнинг қонини ювмайман”, деб қасам ичди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бориб воқеани айтди. Расулуллоҳ (с.а.в.) "Бурнингни деворга уриб қонатганинг гуноҳингнинг жазосидир”, дедилар. Шундан сўнг мўмин эркакларга: "Кўзни (ҳаромга қарашдан) тўсинглар...” ояти нозил бўлди.

Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий шундай ривоят қилади: "Асмо бинти Мирсаъднинг (р.а.) Бани Ҳориса ерларида бир хурмозори бор эди. Аёллар у ерга этак тутмасдан, кўкси, сочлари ва оёқларидаги тақинчоқларини кўрсатиб, очиқ ҳолда борардилар. Асмо (р.а.) "Бу кўринишингиз нақадар чиркин!” дедилар. Шундан сўнг, "Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар...” ояти нозил бўлди”.

Оят тафсиридаги тафсилотлар

Биринчи кузатиш: Аллоҳ таолонинг "Кўзларини тийсинлар” ва "Номусларини қўрисин” сўзларидаги ҳикмат шуки, номаҳрам аёлларга боқиш зино элчиси, ёмонликларнинг бошидир. Назарлар қалб элчиси бўлгани учун, кўринган манзаралар инсонни ўзига тортиб, қийнайди. Зеро, ҳар кўрганингни адо этолмайсан, баъзи кўрганларингга сабр қилолмайсан. Зеро, қараш билан мубтало бўлиш мумкин. Бундан сақланмоқ қийин. Кўз ҳар нарсани қалбга етказадиган эшикдир, йўлдир. Инсон бу йўл орқали гуноҳга ботади. Чунки, боқиш табассумга, табассум саломга, салом суҳбатга, суҳбат келишувга, келишув эса, ғайри машруъ ишга васила бўлади.

Иккинчи кузатиш: Оятдаги "кўзларини тийсинлар” амри ҳар нарса учун эмас, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларга тегишлидир.

Учинчи кузатиш: Оятдаги "Зийнатларини очмасинлар” таъбири зийнатлар тақилган жойларни, шу сабабли зийнатлар беркитилишини ифодалайди.

Замаҳшарий айтадилар: "Оятда зийнат жойининг зикр этилишидан ҳикмат; зийнат жойларни беркитиш зарурлигини ифода этилишидир. Чунки, Аллоҳ таоло "Зийнатларини очмасинлар” дея буюрар экан, аслида зийнат жойларининг очилмаслигини қасд этган, яъни, мақсад қилиб қўйган. Чунки, тақилмаган зийнатларнинг кўриниши ҳаром эмас. Бу жиҳатидан зийнатларнинг таъқиқланишига зарурат йўқ. Демак, аслида таъқиқлангани – зийнатлар тақиладиган жойлардир” .

Тўртинчи кузатиш: баъзи олимларнинг фикрига кўра, одам кўз билан завқлангани каби, қулоқ билан ҳам лаззатланади. Шунинг учун, Аллоҳ аёллар юрганларида, "ҳамда кўриниб турадиган бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар!...” деб буюради. Чунки оёқлар ерга урилганда тақилган зийнатларнинг масалан, қўнғироқчаларнинг овози эшитилади. Бу овоз эркакларга аёл келганини билдириб, шаҳвоний хоҳишларини қўзғайди. Шу сабабдан бу оят ҳам аввалги оятда бўлгани каби зийнат тақилган аъзолари, оёқларининг очилиши ҳаромлигига далолат этади. Хуллас, шаҳватни қўзғайдиган атр-упа, нозли юриш ва нозли суҳбатлашишлар ҳам таъқиқланади. Чунки, Аллоҳ таоло: "...Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангларки, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса тамаъ қилиб қолур..”, деган. Бу оятдан англашиладики, аёллар атайлаб овозларига майинлик, оҳанг бериб, товушларини титратиб номаҳрам эркакларга сўзламасинлар, чунки бундан ўртада шаръий бўлмаган муносабат келиб чиқиши, бу эса кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин.

Бешинчи кузатиш: "Кўзни тийиш”нинг бир неча фойдалари бор:

1. Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилган бўлади.

2. Бир ўқ каби қалбни яралайдиган манзаралардан ҳимояланган бўлади.

3. Қалб қувватланади.

4. Қалб ёмон нарсалар билан машғул бўлмайди. Аллоҳ билан боғланишга, машғул бўлишга одатлантиради, имкон пайдо қилади.

5. Қалбни нурли қилади.

6. Қалбга (заковат) фаросат беради.

7. Шайтон кирадиган йўлларни беркитган бўлади.

Эркак ва аёлда аврат чегаралари

Оятдаги "Номусларини асрасинлар” деган калима аврат жойларининг ўралиши фарзлигига далолатдир. Зеро, бу оят номусни асрашни амр этгани каби бошқаларнинг кўзларидан аврат жойларни ҳам ҳимоя қилишни буюрмоқда.

Фақиҳлар аврат жойлар очиқ бўлиши ҳаромлиги тўғрисида билиттифоқлар, фақат аврат чегаралари хусусида ихтилоф этганлар.

Эркакнинг эркакка нисбатан аврати

Эркакнинг эркакка нисбатан аврати киндигидан тизза остига қадар. Мазкур жойларга бошқа эркакнинг қараши ҳаром. Бундан ташқари жойларга қараш ҳаром эмас. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бир эркак бошқа бир эркакнинг аврат жойига, бир аёл ҳам, бошқа бир аёлнинг аврат жойига қарамасин!”, деб буюрганлар.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ёнида ҳеч ким бўлмаса ҳам ечинишни ва аврат жойларини очишни тақиқлаганлар. "Қип-яланғоч бўлиб, ечинманг. Зеро, шундай малаклар борки, сиздан фақат ҳожатхонада эканингизда ва жуфтингиз билан қўшилаётганингизда ажрашади” .

Эркакнинг аёлга нисбатан аврати

Хоҳ маҳрам, хоҳ номаҳрам бўлсин, эркакнинг аёлга нисбатан аврати эркакка нисбатан бўлгани каби киндигидан тиззасининнг остига қадар. Фақат эр-хотиннинг орасида аврат жойлар йўқ. "Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, улар маломат қилинувчи эмаслар!” (Мўъминун сураси, 5-6-оятлар).

Аёлнинг аёлга нисбатан аврати

Аёлларнинг аёлларга нисбатан аврати эркакларнинг эркакларга нисбатан аврати кабидир, киндикдан тизза остига қадар. Шунга кўра, бир аёлга бошқа бир аёлнинг киндигидан тиззаси остигача бўлган аъзоларига қараш ҳаромдир. Бундан ташқари жойларга қараш мумкин.

Аёлнинг эркакларга нисбатан аврати

Саҳиҳ (ишончли) қарашга кўра, аёлнинг эркакка нисбатан аврати бутун вужудидир. Шофеъий ва Ҳанбалийларнинг қараши шундай. Ҳатто имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.а.) бу хусусда: "Аёлларнинг бутун вужуди аврат бўлганидек, тирноқлари ҳам авратдир”, деганлар .

Имом Абу Ҳанифа (р.а.) ва Имом Молик (р.а.) фикрига кўра, аёлнинг қўллари ва юзидан ташқари бутун вужуди авратдир .

Ушбу қарашларнинг ўзига хос далиллари бор, шулар хусусида бир оз тўхталамиз:

Ҳанафийлар ва моликийларнинг далиллари: ҳанафийлар ва моликийларнинг юз ва қўлларнинг аврат эмаслиги қуйидагилар: "Булардан кўриниб турганлари мустасно” ояти юз ва қўлларнинг очиқ бўлиш заруратига, уларнинг аврат эмаслигига ишорат этмоқда. Бу қараш баъзи саҳобий ва тобеинларда ҳам ривоят этилган. Ҳақиқатда, Саид ибн Жубайр (р.а.): "Булардан кўриниб турганлари мустасно” оятидан мақсад "юз ва қўллардир”, деганлар.

Шу ерда нега бизнинг диёрда момоларимиз паранжида юришган, деган савол туғилиши мумкин. Ўша даврда аёллар гоҳ сачвонларини тушириб, гоҳ очиб юришган, масалан бозорларда очишган. У даврларда замон нотинч, тез-тез урушлар бўлиб турган. Аёлларнинг юзларини ёпиб юришлари уларни ана шундай вазиятларда озор топмасликлари учун, уларни асраш учун бўлган. Осуда пайтларда эса юзни очиб юришларига шариат қаршилик кўрсатмаган.

Шофеъий ва ҳанбалийларнинг далиллари: шофеъий ва ҳанбалийларнинг юз ва қўллар аврат эканига далиллари Китобдаги: "Зийнатларини очмасинлар” ояти. Бу ояти карима зийнатларни очишни ҳаром қилган. Зийнат икки хилдир – бири яратилишдан бўлган зийнат, иккинчиси эса эришилган зийнат. Юз яратилишдан бўлган бир зийнатдир. Ҳатто гўзалликнинг асли фитна ва фасод манбаидир. Эришилган зийнат эса кийилган гўзал либос, тақинчоқлар, кўзга сурилган сурма, қўлга қўйилган хинага ўхшаш нарсалардир. Ояти карима аёлларга қайдсиз, шартсиз равишда эркакларга аъзоларини ва зийнатларини очишни таъқиқлайди, ҳаром қилади. Шофеъий ва ҳанбалийлар фикрига кўра, "Булардан кўриниб турганлари мустасно” ифодасидан мақсад, қасдсиз ўз-ўзидан, яъни, ихтиёрсиз очилган қисмидир. Масалан, шамол аёлнинг ёпинчиғини, рўмолини кўтариб очиб юбориши. Чунки оят маъноси: "Аёллар зийнатларини қатъиян очмасинлар. Очган тақдирда танқид этилади. Қасдсиз ўз-ўзидан, шамол каби ихтиёрсиз нарсалар сабаби билан очилса танқид этилмайди”. Шундай экан, юз-қўл ҳам очилиши таъқиқланган зийнатлардандир.

Юз ва қўлнинг аврат эмаслигини даъво қилган олимлар юз ва қўлларда ҳеч бир зийнат ашёси бўлмаслигини ва буларнинг очилиши фитнага сабаб бўлмаслигини шарт қилиб қўймоқдалар.

Аёллар зийнатларини кўрсатиши мумкин бўлган маҳрамлар

Қуръони карим аёллар зийнатларини кўрсатиши мумкин бўлган эрдан ташқари маҳрам эркакларни умумий ҳукмдан истисно тарзда бирма-бир санаган. Бунинг ҳикмати оятда зикр қилинган эркаклар билан аёлнинг давомли муомалада ва бирга бўлиш заруратидир. Бу эркаклар аёл ила қариндошлик риштаси билан боғлиқ ва фитнага ўрин йўқ.

Аёлларнинг маҳрамлари

1. Эр. Эр хотинининг барча жойларига, бутун вужудига қараши мубоҳдир. Оятда истисно этилган аъзолардан ташқари барча аъзолардан манфаатланиши мумкин.

Қуртубий шундай дедилар: "Аёлнинг эри ва жориянинг хўжайини унинг бутун вужудига боқиши мумкин бўлганидек, бир истиснодан ташқари барча аъзоларидан ҳам фойдалана олади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло аёл зийнатларини кўрсатиши мумкин бўлган эркаклар саноғини эр билан бошлагандир”.

2. Ота ва боболар. Аёлнинг ота ва она томонидан оталари айни ҳукмдадир.

3. Эрнинг отаси.

4. Аёлнинг ўз ўғиллари, эрнинг ўғиллари ва набиралари.

5. Аёлнинг қариндоши (ака-ука, опа-сингил)лари. Хоҳ ота-онаси бир, хоҳ фақат она ёки ота бир қариндоши бўлсин, фарқи йўқ.

6. Қариндош (ака-ука, опа-сингил)ларнинг ўғиллари.

Саналганларнинг бари аёлга маҳрамдирлар. Булар олдида зийнатларини очиш мубоҳдир.

Аллоҳ таоло бу оятда амаки ва тоғаларига оид ҳукмни баён этмаган. Барча фақиҳларга кўра амаки ва тоғаларнинг ҳукмлари ҳам маҳрамият жиҳатидан яқинлик даражалари саналган кишилар билан бирдир. Амаки ва тоғалар ота ҳукмида бўлгани учун оятда алоҳида саналмаган.

Оятда саналган насаб йўли билан қариндош эркаклар аёлнинг маҳрами бўлгани каби бир онанинг сутини эмганлар ҳам аёлнинг маҳрамлари ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) "Уйланиши насаб йўли сабабли ҳаром бўлган аёллар ва сут эмишганлар ҳам бир-бирларига ҳаромдирлар”, дея марҳамат қилганлар.

Мусулмон аёлларнинг ғайридин аёлларга нисбатан аврати. Фақиҳлар бу хусусда ихтилоф этганлар. Баъзи олимларга кўра, оятдаги "ўз аёллари” дан мурод "мусулмон аёллар”дир. Салафнинг кўпчилиги шу фикрда.

Қуртубий шундай дедилар: "Оятдаги "ўз аёллари”дан мақсад "мусулмон аёллар”дир. Шундай бўлса, мўмин аёл мушрик, зиммий ва кофир аёл қаршисида вужудининг бирор жойини очиши ҳалол эмасдир. Фақат жориялар ҳукми мустаснодир”.

Баъзи олимлар фикрига кўра, насоро (христиан) бир аёлнинг мусулмон бир аёлни ўпиши ёки мусулмон бир аёлнинг мушрик бир аёлга аврат жойидан ташқари ерларини (ўринларини) кўрсатиши макруҳдир.

Оятдаги аёлга эҳтиёжсизлар кимлар?

Ояти карима аёлга эҳтиёжи бўлмаган эркакларни эркаклик ҳукмидан истисно этган. Аёл нелигини билмаган, аёлга нисбатан хоҳишсиз, ақлсиз эркаклар қаршисида зийнатларини очишда ҳеч бир гуноҳ йўқ. Чунки, булар аёлларга ёмон кўз билан қарай олмайдилар. Оятдан саҳиҳ маъно чиқарилиши ва оят мақсадини аниқлаш учун баъзи саҳобий, тобеин ва муфассирларнинг оят тафсири хусусидаги қарашларини келтирамиз:

Ибни Аббос (р.а.) фикрига кўра, "эҳтиёжи бўлмаган”дан мурод аёлларга ҳеч эҳтиёжи қолмаган эркаклардир.

Абу Қатода (р.а.) фикрига кўра, фақат қорин тўйдириш учун уйга келган эркаклардир.

Бу хусусда бир неча қараш бор. Буларнинг ҳаммаси оятдаги "эҳтиёж бўлмаган”лардан мурод, ё эркаклик кучини йўқотган, жинсий қувват ва хоҳиши сўнган ёки жинсият соҳасида ҳеч нарса тушунмайдиган ақли нуқсонли эркакларни ифодалайди.

Аёллар неча ёшли болалар олдида ўранмасликлари мумкин?

Уламолар оятдаги "ҳали аёлларнинг яширин жойларидан хабардор бўлмаган болалар” ифодасида ихтилоф этганлар. Баъзи олимлар фикрига кўра, балоғатга етмаган болалар назарда тутилган. Баъзи олимлар фикрига кўра эса, болалиги туфайли аёлнинг махфий бўлмаган жойларини фарқлай олмайдиган болалардир. Бу болалар ўн ёшга етмаган бўлишлари керак. Бола балоғатга етмаган бўлса-да, аёлнинг махфий жойларини тушунса, аёллар бундай болалар олдида зийнатларини кўрсатмаслиги янада уйғундир.

Аёл овози авратми?

Ислом фитна-фасодга сабаб бўлувчи ҳар нарсани ҳаром қилган. Ҳатто аёллар юраётганда оёқларини ерга қаттиқ уришини ҳам таъқиқлаган. Чунки, аёлнинг оёқ товуши эркакникидан фарқли. Шу жиҳатдан эркак қалбида аёлга хоҳиш уйғотади. Ҳақиқатда Аллоҳ марҳамат қилмоқда: "ҳамда кўриниб турадиган бошқа зийнатларни кўрсатмасинлар! ”

Ҳанафийлар бу оятга таяниб, аёл овозини ҳам аврат эканига ҳукм этганлар. Бу оятда аёллар оёғидаги тақинчоқлар овози тақиқланмоқда. Аёл овози эса, тақинчоқ овозидан жозибалидир. Шу сабабдан тақиқ зарурийдир.

Баъзи муфассирларнинг фикрига кўра, "Бу оят аёлнинг баланд овозда суҳбатлашиши ҳаром эканига далолат этади. Чунки, аёл овози тақинчоқлар овозидан кўпроқ фитна уйғотади. Шунинг учун бу оят аёл овозини таъқиқлаганига далолат этгани каби мазҳабимиз аёл азон айтишини таъқиқлаган. Эркаклик ҳиссини уйғотиши билан фитна ва шубҳа туғдириши туфайли аёл юзига қарашнинг ҳам ҳаром эканига далолат этади”.

Имом Шофеъий ва бошқа баъзи олимлар эса аёл овози аврат эмаслигига ҳукм этганлар. Зеро, аёл олиш-бериш қилиши, гувоҳлик бериши жоиздир. Бу ҳолда гапириши, суҳбатлашиши зарурийдир.

Фитнадан амин бўлиш шарти билангина аёл овози аврат эмас. Зеро, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) хотинлари эркаклар билан суҳбатлашар, ҳадис ривоят этардилар. Шубҳасиз, суҳбатлашиб ҳадис ривоят этган эркаклар орасида уларга маҳрам бўлмаган эркаклар ҳам бор эди. Буларнинг суҳбатларига ҳеч бир саҳобий эътироз этмаган.

Яна аёл қўлларидаги билакузуклари, қўлларини соллантириб, кўз-кўз этиб, керилиб ёки нозланиб юришлари ҳаромдир. Тор ва жозибаси рангли либосларда кўчага чиқиши, чиқаётиб хушбўй сепиши, суриши ва эркаклар эътиборини тортадиган шаклда юриши ва суҳбатлашиши ножоиз. Чунки, Аллоҳ марҳамат қилмоқда: "...Бас, сизлар (номаҳрам эркаларга) майин сўз қилмангларки, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангизлар! Ўз уйларингизда қарор топинглар, (кўчага чиққанларингизда эса) илгари жаҳолият (даври) ясанишидек ясанмангизлар...” (Аҳзоб сураси, 32-33-оятлар).

Фасод кўпайиши, тарқалиши, ахлоқнинг бузилиши, эркакнинг ҳаракатсизлиги ва ғайратсизлигидандир. Номусини қизғанмаган, асрамаган кимса мусулмон бўлмайди. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Уч синф (гуруҳ, табақа) инсон борки, жаннатга ҳам киролмайди, жаннат ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Ўзини эркакларга ўхшатган, давомли (маст қилувчи) ичкилик ичганлар ва даюслар”, деб марҳамат қилдилар. Асҳоби киром: "Даюс ким?”, деб сўрадилар. "Аҳли оиласини эркаклардан қизғанмайдиганлардир”, дея жавоб бердилар Пайғамбаримиз (с.а.в.).


manba: Muslimaat

Категория: HAR XIL | Просмотров: 1811 | Добавил: SuperBoy | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]